Жаҳон | 08:43 / 21.09.2018
8114
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда кимёвий ҳужумни қайтаришга тайёргарлик кўрилмоқда

Фото: AP

Нью-Йорк Британиянинг Солсберисида Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарлангани каби кимёвий қурол қўллаган ҳолда ҳужумлар содир этилишига тайёргарлик кўрмоқда. 

Маълум қилинишича, Нью-Йорк полициясининг террорчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи ўринбосари Жон Миллер биологик қурол ёки заҳарловчи моддалар қўллаш билан ҳужум қилиниши мумкинлиги билан боғлиқ ҳолда хавотир уйғотган объектлар адреслари тўпланганини маълум қилган. Шунингдек, полиция Федерал қидирувлар бюроси билан биргаликда Россиянинг амалдаги раҳбариятини танқид қилувчи шахслар, жумладан собиқ россияликларга ҳужум қилиниши мумкинлиги сабабли уларнинг рўйхатини тайёрламоқда.  

Миллер британиялик ҳамкасблар билан бу масалалар бўйича яқиндан ҳамкорлик қилинаётганини қўшимча қилган. Унинг маълум қилишича, полиция биологик ва кимёвий ҳужумларни қайтариш бўйича бир қатор штаб ва дала машғулотлари ўтказган.
 
Миллер буни АҚШ махсус хизматларининг БМТ Бош ассамблеяси сессияси ўтказилишига тайёргарлигига бағишланган махсус брифингда маълум қилган.

Нью-Йорк полицияси бошлиғи Жеймс ОʼНилл “айни вақтда Бош ассамблея сессияси ва Нью-Йорк шаҳри учун террорчилик хавфлари йўқлигини” таъкидлаб ўтган.  

Мавзуга оид