Жамият | 07:48 / 24.09.2018
158424
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда ёш актрисани ўлдириб, каналга ташлаб кетганлар жазоланди

Фото: O'zMTRK

2018 йилнинг 6 январь куни Юнусобод туман ИИБга Ахмадқулова Нодира мурожаат қилади. Унда жияни Султонова Нилуфар шу йилнинг 2 январь куни тахминан соат 12 лар атрофида уйдан ўзининг «Спарк» русумли машинасида чиқиб кетиб, бедарак йўқолгани ҳақида ариза беради, деб ёзмоқда ЎзА.

Аризага асосан текширув-суриштирув ишлари олиб борилади. Унга кўра Султонова Нилуфар охирги марта Турғунбоев Пўлатжон билан учрашгани аниқланади.

Турғунбоев Пўлатжон терговга жалб қилинганидан сўнг шу нарса аниқ бўладики, улар 2 январь куни тахминан соат 16 лар атрофида учрашишади. Нилуфарга дўсти Бобур Умаровни Ғазалкентдаги уйига олиб бориб келишини айтади. Улар биргаликда Пўлатнинг «Эпика» русумли машинасида Тошкент вилояти томон йўл олади. 

Пўлат машинани Тошкент - Ғазалкент йўлида овлоқроқ бир жойда тўхтатди. Орқа ўриндиқда ўтирган Бобур Нилуфарнинг бўйнига сиртмоқ солмоқчи бўлганида буни сезиб қолган қиз машинадан тушиб қочишга уринади. Уни яна зўрлаб машинага ўтқизишади. Қаршилигини синдириш мақсадида Бобур Нилуфарнинг ўнг қўл билак соҳасига пичоқ санчиб, қизни жароҳатлайди.

Қон оқиши натижасида ҳолсизланиб бораётган Нилуфарнинг бўйнига Бобур яна сиртмоқ солади. Ҳолсизланиб қолган қиз унга қаршилик қилолмайди. Ошиғи Пўлат эса унинг қўлини ушлаб туради.

Бу икки жиноий шерик мурдани машинанинг орқа багажига солиб, Нилуфарнинг «Спарк» машинаси қолдирилган жойга қайтиб келишади. Мурдани «Эпика»дан олиб «Спарк»нинг орқа багажига солишади. Сўнгра машинани Пўлатнинг уйи томон ҳайдаб кетишади.

Воқеа содир бўлган куни соат 23:30ларда қизнинг мурдасини Тошкент вилоятидан оқиб ўтувчи «Дамариқ» каналига оқизиб юборишади. Жиноят вақтида ишлатилган ашёвий далилларни ҳамда пичоқ ва арқонни ҳам каналга ташлайди.

2018 йил 12 январь куни Тошкент вилояти Тошкент тумани Кўксарой ҳудудидан оқиб ўтувчи «Дамариқ» каналидан Нилуфарнинг мурдаси топилади.

Султонова Нилуфар

Нафс қулига айланган жиноятчиларга нисбатан Тошкент вилояти Жиноят судида ҳукм ўқилди. 

Унга кўра Турғунбоев Пўлатжонга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «и», «б» бандлари билан 19 йил муддатга, 164-модда 3-қисми «г» банди билан 14 йил муддатга, 227-моддаси 2-қисми «а» банди билан 2 йил муддатга ҳамда 59-модда «Қисман тайинловга жазо қўшиш» йўли билан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Умаров Бобурга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «и», «б» бандлари билан 17 йил муддатга, 164-модда 3-қисми «г» банди билан 12 йил муддатга, 227-моддаси 2-қисми «а» банди билан 2 йил муддатга ҳамда 59-модда «Қисман тайинловга жазо қўшиш» йўли билан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Мавзуга оид