Ўзбекистон | 21:49 / 26.09.2018
7886
2 дақиқада ўқилади

Ёш фермерлар ва томорқа ер эгалари учун бепул қўлланма нашр этилди 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биносида “Томорқа – даромад манбаи” номли ўқув-услубий қўлланмасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши, Ёшлар иттифоқи ҳамда Тошкент давлат аграр университетининг профессор ўқитувчилари ҳамкорлигида тайёрланган ушбу ўқув-услубий қўлланма республикадаги барча ёш фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари фойдаланиши учун мўлжалланган.

Фото: Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши матбуот хизмати

Қўлланма сабзавот экинларини экиш ва парваришлаш, полиз экинлари, иссиқхоналар қуриш ва улардан фойдаланиш, дон  ва дуккакли экинлар, мойли ва ем-хашак экинлари, цитрус ва мевали дарахтлар, гулларни экиш ва парваришлаш, томорқачилик сирлари каби бўлимларни ўз ичига олган.

Аҳамиятли жиҳати, қўлланмада қизил қалампир, соя, ерёнғоқ каби бугунги кунда кўп етиштирилаётган экинлар шунингдек, уй шароитида асалари етиштириш, Африка лаққа балиғини парваришлаш, сесаркаларни кўпайтириш технологиялари ҳам кўрсатиб ўтилган. 

Китоб Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағи асосида 15 000 нусхада чоп этилди. 

У республикада деҳқончилик маданиятини янада оширишга хизмат қилиши ва бу жараёнда ёш фермерларни ташаббускорликка чорлаши керак, дейди Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши раиси Соатмурод Қулмирзаев.

Қўлланма республикадаги 30 ёшгача бўлган барча ёш фермер, деҳқон хўжалиги  ва томорқа ер эгалари томонидан фойдаланиш учун бепул етказиб берилади.

Мавзуга оид