Спорт | 11:32 / 26.09.2018
13963
3 дақиқада ўқилади

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Сирдарёда 5 нафар раҳбарни ишдан олди

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев аҳолининг барча қатламлари ўртасида спортни оммалаштириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, мавжуд спорт иншоотларининг моддий-техник аҳволини ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Ўрганиш давомида Гулистон тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида давлат маблағлари эвазига харид қилинган кўплаб спорт жиҳозлари ва инвентарлари фойдаланмасдан омборхонада сақланаётгани, 2008 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати базасида усти ёпиқ бассейн 2 йилдан буён фаолият кўрсатмаётгани, Янгиер тумани болалар ва ўсмирлар спорти мактабидаги усти ёпиқ бассейннинг иситиш тизимидаги носозлик сабабли йил бўйи фойдаланиш имконияти йўқлиги маълум бўлди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Вазир Дилмурод Набиев ёш авлод саломатлиги йўлида йирик миқдордаги давлат маблағлари ҳисобига қурилган ушбу иншоотлар фойдаланилмаётгани ачинарли ҳолат эканини таъкидлаб, мутасаддиларга муаммоларни қисқа фурсатларда бартараф этиш топшириғини берди. Шунингдек, муассаса раҳбарларига замонавий маркетинг усулларидан унумли фойдаланган ҳолда давлат-хусусий шерикчилиги кўринишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, олинган даромад ҳисобидан бассейнлар иш фаолиятини самарали ташкил этиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фидойи мураббийларни тақдирлаш лозимлиги таъкидланди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қурилиш ишлари орқада қолаётган иншоотлар бўйича топшириқлар берилган эди.

Вазир мазкур иншоотлар қаторида бўлган Боёвут ва Ховос туманларидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг қурилиши якунланмай қолган базаларида бўлиб, у ерда маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари ва қурилиш ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди. Мулоқот якунида мазкур масала ижобий ҳал қилиниб, зарур маблағлар қисқа муддатда ўтказилиши белгиланди. Қурувчилардан ҳам ўз навбатида спорт объектларини қуришда, аввало, сифатга эътибор қаратиш сўралди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Якунда ўз вазифасига совуққонлик билан қараган ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши йўлида давлат томонидан яратилган шароитлардан оқилона фойдаланмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйган 5 нафар раҳбар ходимни эгаллаб турган лавозимидан озод этди.

Мавзуга оид