Жаҳон | 00:42 / 30.09.2018
9259
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев «Turkistan» махсус ҳудудини яратиш топшириғини берди

Фото: akorda.kz

Бугун Туркистон областига ишчи ташриф билан борган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳукуматга «Turkistan» махсус иқтисодий ҳудудини ташкил қилиш топшириғини берди. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг расмий сайти akorda.kz’да маълумот берилмоқда.

«Қозоғистон Республикаси ҳукуматига бир ой муддат ичида «Turkistan» махсус иқтисодий ҳудудини ташкил қилиш юклатилсин», дейилади хабарда.

Назарбоев шунингдек, Туркистон шаҳрини ривожлантириш бўйича бош режасининг туркий халқлар оламининг маданий-маънавий маркази сифатидаги концепциясини маъқуллаган.

Ҳукумат ва Туркистон области ҳокимлигига фармонларни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилган. Фармонни бажариш устидан назорат президент администрациясига юклатилган. Ҳужжатлар имзоланган кундан бошлаб кучга кириши белгиланган.

Илгарироқ, Нурсултон Назарбоев Чимкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалалари бўйича йиғилиш ўтказган эди. Қўшни давлат раҳбари шаҳар республика аҳамиятига молик статусга эга бўлгач, унинг олдида янги замонавий ёндашувлар ва ишлаб чиқилган стратегия талаб этадиган вазифалар пайдо бўлганини таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид