Ўзбекистон | 20:29 / 04.10.2018
33184
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоят ИИБ Kun.uz’да эълон қилинган мақолаларга ўз муносабатини билдирди

Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолалари юзасидан Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарҳод Ҳасанов, вилоят ИИБ ЖТСБ бошлиғи Убайдулла Норқулов, ИИБ юристи Улуғбек Омонов ва Kun.uz мухбири иштирокида мақолада кўрсатиб ўтилган важлар юзасидан муҳокама ўтказилди.

29 сентябрь куни Самарқанд шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида халқаро туризм куни муносабати билан самарқандлик ишбилармонлар томонидан ташкил этилган Мегапалов пишириш маросимида юқори хавфсизликни таъминлаш чоралари қандай кўрилгани ҳақида қисқача маълумот берилди.

Жумладан, вилоят ИИБ масъуллари мақолада автозак ўлароқ тилга олинган автобус, аслида, камералар ва бошқа техникалар билан жиҳозланган кўчма кузатув штаби эканлигини тушунтиришди. Бундай кўчма кузатув штаби республикада биринчи бўлиб Самарқандда ясалгани, айни пайтда у Жиззахга кўргазма учун олиб кетилгани айтилди.

Ош пишириш жараёнида жамоат тартибини сақлаш билан биргаликда кўп миқдорда ўтин ёқилганлиги сабабли ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳам бош вазифа бўлгани, шунинг учун ош пиширишнинг қизғин жараёнида қозон бошига ҳеч ким яқинлаштирилмагани, ош дамланганидан сўнг журналистларга съёмка учун рухсат берилгани таъкидлаб ўтилди.

Хавфсиз масофадан туриб ош пишириш жараёнини съёмка қилиш учун шароит яратилгани ва материаллар ОАВга берилгани айтилди.

Мақолада кўрсатиб ўтилган важларга эътироз сифатида, мегапалов тайёрланишининг суст реклама қилиниши ёки унинг 9000 сўмдан сотилганига ИИБнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, нотўғри муомала қилган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот етказган ички ишлар ходимларига нисбатан чора кўрилиши билдириб ўтилди.

Умуман, келгусида оммавий тадбирларда журналистларнинг ишлаши учун етарли шароитлар қилиб берилиши инобатга олинди.

Мухлисларнинг 30 август кунги «Динамо» – «Андижон» ўйинига қўйилмагани масаласига тўхталиб, ИИБ расмийлари қуйидагича изоҳ беришди:

Вилоятда оммавий тадбирларда хавфсизликни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сонли «Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ва Самарқанд вилоят ҳокимининг 2014 йил 7 августдаги 164-Қ сонли қарорига асосан ташкиллаштирилади.

«Динамо» профессионал футбол клуби» МЧЖ ва Самарқанд вилоят ИИБ ўртасида 2018 йил 4 июнда тузилган 94-сонли шартнома ҳисобга кўра, жами 19 миллион 291 минг 200 сўм эвазига 50 нафар ИИБ ходимлари жами 32 соат мобайнида «Динамо» стадионида футбол ўйинлари ўтаётган кунлари жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашни ўз зиммасига олган.

Бироқ «Динамо» ПФК МЧЖ шартномада кўрсатиб ўтилган суммани тўлиқ 100 фоиз олдиндан кўчириб бериши белгиланган бўлса ҳам, огоҳлантиришларга  қарамасдан, уни тўламасдан келаётгани таъкидлаб ўтилди.

Президентнинг «Ўзбекистон спортчиларини 2020 йилда Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш тўғрисида»ги ПҚ–2821-сонли қарорида белгиланган чора-тадбирлар ичида Олимпия спорт турлари бўйича республика федерациялари ва ассоциацияларининг заявкасига асосан олимпия спорт турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда ЙҲХДБ томонидан спортчиларнинг кузатилишини ва томошабинларнинг хавфсизлигини таъминлаш беғараз асосда амалга оширилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, «Динамо» ПФК МЧЖ шу пайтгача ўйинлардан аввал ҳеч қандай хат ёки заявка бермаган. Шунчаки ўйинлар ўтадиган сана тақвимини шартномага илова қилиш билан чеклангани кўрсатиб ўтилди.

ИИБ масъул раҳбарлари вилоят ички ишлар органларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишда доимо шаффоф ва очиқ муносабатда бўлишга интилиб келаётгани, ИИБ матбуот хизмати тубдан янгича иш услубига ўтгани, бошқармалар билан тез-тез брифинг ва матбуот анжуманлари ташкиллаштирилаётганини таъкидлаб ўтишди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид