Жамият | 18:35 / 12.10.2018
95112
10 дақиқада ўқилади

«Порлоқ йўл совхози»га қайтиш. Устабузармонлардан қолган излар бўйлаб

Жиззахда бир жой бор. Бахтсизлик макони. Биз бу ерда ҳақиқий бахтсизликни, ҳақиқий бахтсизларни кўрдик... Келинг, бир бошдан ҳикоя қиламиз.

Мирзачўл шўрхоклари устидаги бу ҳудуд ўтган асрнинг 70-йиллари охирида чўлқуварлар томонидан ўзлаштирила бошланган, бу ҳудуд Мустақиллик йилларининг илк йилларида гуллаб-яшнаган, республиканинг турли ҳудудларидан келган ёш оилалар халқ тилида ҳозиргача «3-совхоз» деб юритиладиган бу посёлкани ўзларига янги макон қилишганди.

Аммо янги аср бошида бу ҳудудлар эътибордан четда қолади ва аҳолининг яшаш шароитлари кескин ёмонлашиб кетади.

Жорий йилнинг февралида «Kun.uz» ижодий гуруҳи Жиззах вилоятига сафари давомида ушбу ҳудуддаги муаммоларни ўрганган ва сайтда «Диққат, кейинги бекат - «Порлоқ йўл совхози (харобалари)» сарлавҳали материал ҳам эълон қилинганди.

2018 йилнинг февраль ойи охирида Ўзбекистон президенти ташаббуси билан «Обод қишлоқ» дастури бўйича ишлар бошланиб кетади. Жиззах вилоятида «Манас» қишлоғи, Самарқанд вилоятида «Жом» қишлоғи намунали тарзда обод қилинди.

2018 йилнинг 29 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони имзоланади. Шу куни президентнинг «Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам имзоланиб, дастур ижросини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилади. Дастурга кўра, республикада 2018 йил мобайнида 370 қишлоқ ва маҳаллалар дастурга биноан ободонлаштирилиши белгилаб қўйилади. Ободонлаштириш ишларига республика бўйича 6396та ташкилот бириктирилади.

Қуйидагилар аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида қабул қилинган дастурнинг устувор мақсадлари этиб белгиланган:
1) аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган йўлларни қуриш, автобус қатновини йўлга қўйиш;
2) қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўл бўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотлари ва ирригация тизимларини барпо этиш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш;
3) электр таъминотини яхшилаш, алоқа тизимини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш;
4) ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, бунда боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;
5) бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини барпо этиш;
6) уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, муҳтож оилалар учун ҳомийлар ва иш берувчи корхоналар маблағлари ҳисобидан уй қуриб бериш (таъмирлаш) ва бошқалар. 

Аввалги номи «Тинчлик» қишлоқ фуқаролар йиғини бўлган, ҳозирда номи «Ёшлик» ҚФЙ сифатида ўзгарган совхоз ҳам Зарбдор туманида (бу ҳудуд узоқ йиллар мобайнида Зомин тумани таркибида бўлган, жорий йил бошида Зарбдор тумани таркибига ўтказилган) режага киритилган икки қишлоқдан бири эди. Бу ерда 507 хонадонда 3108 нафар фуқаро истиқомат қилиб келмоқда.

Бу ҳудуд шу йил охирига қадар ободонлаштирилиши шарт эди.

Лекин бу тасвирларда кўринадики, «Ёшлик» қишлоқ фуқаролар йиғинида фақат бузиш ишлари ўтказилган ва қишлоқ хароба аҳволга келтирилган.

Устабузармонлар томонидан бори ҳам йўқ қилинган.

Март ойида халқ катта-катта ваъдалар билан умидлантирилган,оддий кишилар ҳукумат эътиборини кўзда қувонч ёшлари билан қабул қилишган, келажакка ишонч билан қарай бошлашганди. Аммо улар яна алданиб қолишди.

Ҳудуд янги туман таркибига ўтказилгач, янги раҳбарлар архитекторлар билан келишиб, қишлоқнинг янги лойиҳасини кўрсатишади. Унга кўра, асосий йўлга қўшимча яшил йўлаклар ҳосил қилиниши белгиланган, бу эса аҳоли уйларининг деворларини ичкарироққа суришини талаб этарди. Мутасаддилар ҳукумат томонидан янги деворлар кўтариб берилишига, ҳар бир уйга ичимлик суви кириб боришига ваъдалар беради. Катта умидларга берилган аҳоли эса ўз ихтиёри билан деворларини бузишга киришади. Натижада, «Обод қишлоқ»қа айлантирилиши керак бўлган ҳудуд «Барбод қишлоқ»қа эврилади.

Журналистлар дарагини эшитиб тўпланган аҳоли вакилларидан ҳол сўраймиз.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Ҳозирда 2018 йилнинг октябри яримлай бошлади. Ўтган вақт ичида бу ҳудудда дастур бўйича қандай ишлар амалга оширилган?

Бу қишлоқ врачлик пункти. 8 ой олдин қандай ҳолатда бўлган бўлса, ҳозир ҳам авария ҳолатида қолмоқда. Аҳолининг сўзларига кўра, раҳбарлар бу ҳудудга, 3 мингдан ортиқ киши яшайдиган ҳудудга ҚВП керак эмас деб ҳисоблаб, аҳолини тиббий хизмат учун ўнлаб километр масофалардаги ҳудудларга қатнашга мажбурлашни режалаштирмоқда. Бу совхоздаги ҚВП ходимлари эса келажаги не кечишини билмай сарсон.

Бу бир вақтлар болаларнинг шўх ўйин-кулгилари билан тўлган гавжум боғча эди. Кейинги йиллар давомида ҳувиллаб қолган бу бинода дастур доирасида яна мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш бўйича ҳаракатлар бошланганди.

Аммо айни вақтда бу бинонинг шиферлари қаёққадир олиб кетилган, бино қаровсиз ҳолда ташлаб қўйилган.

Бу масжид биноси. Қишлоқ аҳли учун ёпиқ. Нуроний кишилар ҳозирда ибодат учун 20 километрдан ортиқ масофадаги шаҳарчага қатнашга мажбур. Дастур доирасида масжидни ҳам очиб бериш ваъда қилинган, диний бошқарма вакиллари ҳам ҳудудда бўлишган ва навбатдаги ваъдалар берилган, аммо якунда бу иш ҳам ўлда-жўлда қолиб кетган.

Бу аҳоли учун ичимлик суви сақланадиган сув тўплайдиган гидротехник иншоот. Дастур доирасида ҳудуддаги ҳар бир хонадонга ичимлик суви етказиб бериш учун ишлар бошланган, уйлар томон сув қувурлари ўтказилган, ҳудудга келадиган сув қувурини таъмирлаш доирасида хатолик юз бериб, аҳоли қарийб бир ой давомида ичимлик сувисиз қолиб кетган ҳам, шундай томошалардан кейин ҳам иш якунига етказилмаган, айни вақтда хонадонларга уланган қувурлардан бир томчи ҳам сув чиқаётгани йўқ. Аҳоли ҳар куни сув сақланаётган ҳудудга келиб, минг азоб-уқубат билан уйига сув ташишга мажбур.

Бу эса мактаб спорт зали биноси. Алоҳида мавзу.

Дастур бўйича кўзда тутилган бошқа ишлар - туман марказига автобус қатновини йўлга қўйиш, бекатлар қуриш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчалари барпо этиш ишлари бошланиши тугул, бу ҳақда умуман гап ҳам бўлмаган.

Ҳокимлар ўзгарса ҳам (2016 йилнинг сентябридан буён Зарбдор туманига ҳокимлик қилиб келган Ислом Бобожонов ўрнига 2018 йилнинг 5 апрелида, айни «Обод қишлоқ» дастури бўйича ишлар бошланган вақтда Нарзулла Қўшбоқов янги ҳоким этиб тайинланади. Аммо у бу лавозимда 4 ой ҳам ишламай, август ойи бошида ишдан олинган, унинг ўрнини Сирдарё вилоятининг собиқ ҳокими Ойбек Ашурматов эгаллаган), тизим ишлашда давом этавермайдими? Туман ҳокими ўзгариши билан ишлар чала қолиб кетаверадими? Қолаверса, вилоят раҳбари Эргаш Солиев ҳали ўз жойида.

Ўтган ойлар давомида дастур доирасида бажарилган ягона иш - қишлоқ четида битта дўкон қурилиши бўлган. Қолгани фақат ваъдалигича қолиб кетмоқда. Йил эса поёнига етиб бормоқда.

Жиззах вилояти ҳокимлиги сайтини кўздан кечирамиз. Сайтда «Обод қишлоқ» доирасида Дўстлик тумани («Манас» қишлоғи шу туманда жойлашган) ва Мирзачўл туманида олиб борилаётган ишлар ўнлаб хабарлар ва лавҳаларда ёритилган, аммо на Зарбдор туманидаги ва на бошқа туманлардаги вазият ҳақида лом-мим дейилмаган. Бу Мирзачўл ва «Манас»дан бошқа жойларда намойиш этгулик иш олиб борилмаганининг яна бир исботидир.

Энди нима бўлади? Кейинги йилга ўтилганида бу қишлоқ дастурдан ташқарида бўлади ва навбат дастурга киритиладиган бошқа қишлоқлар аҳолисини сарсон қилишга етадими?

Қизиқ томони, энди раҳбарлар бузилган деворларни ўз жойига қайта тиклаб қўяқолишни маслаҳат қилишмоқда. Кимнинг бунга қурби етади, кимнинг йўқ. Ҳовлилар очиқ, кимнинг буюми йўқолган, кимнинг уйидаги бор иш кўчанинг кўз-ўнгида.

Ундан ҳам қизиғи - бир неча марта қишлоқдаги газ трубаларини кесиб олиб кетмоқчи бўлишган ва аҳоли қаршилиги туфайли бу режа амалга ошмай қолган. Маълум бўлишича, бу трубалардан бошқа бир қишлоқни «обод қилиш»да фойдаланмоқчи бўлишганди.

Бу ҳангомалар яхши бир комедик фильм учун тайёр сценарий-ку?

Аслида бу ерда фожиа.

Бу йўллардан юриб бўладими? Ҳар бир ташланган қадамдан кейин одам шу жойларда туғилганидан, шу ерларда яшаётганидан, шу ерларда қолишга мажбурлигидан қайта-қайта ўксимайдими? Бу йўлларда йиқилиб қолган одамларда фақат раҳбарлардан норозилик уйғонмайдими? Бу чанг-тўзонда нафас ололмай қолганлар лаънатлар ўқимайдими? Ҳақиқий бахтсизлик дегани шу эмасми? 

Йиллар давомида газсиз ва электр токисиз яшашга кўникиб кетган одамлар бошларига тушган бу янги савдолардан ҳайрон. 

Қиш яқин. Бу қишлоқ аҳолиси навбатдаги қишни аввалгиларидан кўра кўпроқ қўрқув ва хавотир билан кутмоқда.

Журналистлар Азиз Қаршиев ва Хуршид Далиев, оператор Шуҳрат Рашидов

Мавзуга оид