Спорт | 18:24 / 13.10.2018
8161
2 дақиқада ўқилади

«Навбаҳор»да яна бир россиялик мураббий иш бошлайди

Ўтган ҳафта Наманганнинг “Навбаҳор” клубида россиялик мутахассис Андрей Канчельскис бош мураббий сифатида иш бошлаганди.

Клуб расмий сайтининг маълум қилишича, 15 октябрь куни яна бир россиялик мутахассис Алексей Ильич Беленков Наманганга келади. Беленков парвоз қилган самолёт шу куни эрталабки соат 6:30да Наманган аэропортига қўнади. Мазкур мутахассисни “Навбаҳор” ПФК вакиллари ва мухлисларнинг кутиб олишлари режалаштирилмоқда.

Алексей Беленков 1957 йилнинг 26 мартида Россиянинг Москва вилоятида туғилган. Футболчилик фаолияти давомида “Торпедо” (Москва, 1974-1977), ЦСКА (Москва, 1978-1980), “Локомотив” (Москва, 1981-1982) клубларида тўп сурган. Шунингдек, собиқ иттифоқ U-19, собиқ иттифоқ U-21 терма жамоаларида ҳам ўйнаган.

Мураббийлик фаолиятида давомида эса Россиянинг “Пеле” (1992), “Торпедо - МКБ” (1993), “Титан” (1994-1995, 1997-1998), “Шинник” (1996), “Сатурн-2” (2000), “Сатурн- Ren-TV” (2001-2002), “Сокол” (2003), “Химки” (2004, 2012-2013), “Сатурн” (2005-2006), ЦСКА (ўринбосарлар, 2008), “Алания” (2009), “Торпедо - ЗИЛ” (2010), “Уфа” (2011), “Динамо” (Брянск, 2012), “Торпедо” (Москва, 2014-2015), “Солярис” (2016) ва Қозоғистоннинг “Шахтёр” (Қарағанда, 2004) клубларида ишлаган. 2016 йилдан буён айни пайтгача Россиянинг “Томь” (Томск) жамоасида фаолият олиб бораётганди.

Келаси ҳафтадан эса Алексей Беленков “Навбаҳор”да ёрдамчи мураббий сифатида иш бошлайди.

Айни пайтда “Навбаҳор”нинг мураббийлар штабидан Андрей Канчельскис, Шавкат Абдухўжаев, Дурбек Умаралиев, Мустафо Байрамов ва Аъзам Ражаббаев ўрин олишган.

Мавзуга оид