Спорт | 15:05 / 15.10.2018
18215
2 дақиқада ўқилади

Эктор Купер терма жамоанинг навбатдаги ўртоқлик учрашуви ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон терма жамоаси ноябрь ойида Австралияда ташкил этиладиган йиғин доирасида Ливан термаси билан ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бу маълумотни Қатарга қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон термаси бош мураббийи Эктор Купер тасдиқлади.

Ундан Ливан терма жамоаси бош мураббийи Миодраг Радулович ноябрь ойида Ўзбекистон билан ўртоқлик ўйини бўлишини айтгани ҳақидаги интервью бўйича сўрашган.

«Бизга Ливан термаси билан ўйин 15 ноябрда бўлади, деб маълумот берилган. Агар бирор ўзгариш рўй берган бўлса, бундан бехабармиз», дея Купернинг сўзларини келтирмоқда «Tribuna.uz».

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати паст бўлиши туфайли мамлакат термаси навбатдаги йиғинини Австралияда ўтказади. У ерда Эктор Купер жамоаси 20 ноябрь куни Жанубий Кореяга қарши ҳам майдонга тушиши белгиланган.

16 октябрь куни миллий терма жамоа Қатарга қарши ўйин ўтказади. Учрашув «Миллий» стадионида соат 19:00да бошланади.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлигига шу йилнинг августида тайинланган аргентиналик мутахассис ўтган вақт давомида терма жамоани учта ўртоқлик учрашувида майдонга олиб тушди. Сентябрь ойи бошида Сурия ва Эронга қарши ўртоқлик учрашувларида бир дуранг ва бир мағлубият қайд этилганди (Сурия билан 1:1, Эрон билан 0:1), 13 октябрь куни КХДРга қарши ўртоқлик учрашувида эса 2:0 ҳисобидаги ғалаба қайд этилиб, терма жамоанинг 10 учрашув давом этган ғалабасиз сериясига барҳам берилди.

Мавзуга оид