Спорт | 19:53 / 19.10.2018
11979
4 дақиқада ўқилади

«Бавария» расмийлари бош мураббий борасидаги барча миш-мишларга чек қўйди

«Арсенал»нинг собиқ устози Арсен Венгер «Бавария» бош мураббийи Нико Ковач ўрнида иш бошлаши ҳақидаги маълумот тасдиқланмади. Бу масалага бугун Мюнхен клуби раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида тўла ойдинлик киритилган.

Goal хабарига кўра, матбуот учун ташкил этилган 19 октябрь кунги тадбирда «Бавария» президенти Ули Ҳёнесс, клуб бошқаруви раиси Карл-Ҳайнц Румменигге ва спорт директори Ҳасан Салиҳамижич қатнашган. Бу учала раҳбар сўнгги марта Юпп Ҳайнкес бош мураббий этиб тайинланиши эълон қилинганида ОАВ қаршисида биргаликда кўриниш берганди.

«Мени жамоатчилик олдида Нико Ковачни қўллаб-қувватламасликда айблашди. Шунинг учун мен нимадир гапиришим керак экан, лекин нега? Биз унинг меҳнатини қадрлаймиз. Ҳамманинг олдида бир-биримизни қўллашимиз шарт эмас», - дея таъкидлаб ўтди Ҳёнесс.

«Нико биз уни қўллаб-қувватлашимизни билади. Матбуотда бўлаётган гап-сўзларга ақл бовар қилмайди», - дея фикр билдирган Салиҳамижич.

«Бугун «Бавария» учун муҳим кун, шунинг учун биз фактларнинг виждонсизларча ёлғонга айлантирилиши яна давом этишига йўл қўймаймиз. Бугундан бошлаб ўз футболчиларимиз, мураббийларимиз ва бутун клубни ҳимоя қиламиз», - деган ўз навбатида Карл-Ҳайнц Румменигге.

Матбуот анжуманида иштирок этган Нико Ковачнинг ўзи ҳам мазкур ҳолатга муносабат билдириб ўтган.

«Факт шуки, натижалар – адолатсиз. Охирги тўртта учрашувда яратган вазиятларимиз сони дастлабки ўйинларимизда бўлганидан кам эмасди. Муаммо – биз уларни амалга ошира олмаганимизда. Ёмон ўйинлар бўлгани йўқ, фақат тўп дарвозага кирмади. Биз ҳамма нарсани ўзгартириб, барчасига шубҳа билан қарамаймиз. Бизга фақат бироз омад керак бўляпти, холос.

Жамоанинг кайфияти аъло, биз ўз ишимизга позитив руҳиятда ёндашишни истаяпмиз. Ичимизда футболга нисбатан эҳтирос олови бор.

Ҳаёт омадсизлик ва муваффақиятлардан иборат. Сизни ишонтириб айтаманки, биз ҳақиқатан ҳам яхшилаб тайёргарлик кўряпмиз», - дея таъкидлаб ўтган Ковач.

Эслатиб ўтамиз, Нико Ковач шу йилнинг апрель ойида Юпп Хайнкесс ўрнига жамоа бошқарувига келган, у билан 3 йиллик шартнома имзоланган эди. Немис мутахассисининг дебют баҳси Германия Суперкубоги учрашуви бўлган, унда мюнхенликлар «Франкфурт»ни 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, соврин эгасига айланишган эди.

Ортда қолган вақт давомида Германия чемпиони хорватиялик мураббий қўл остида 11 ўйинда майдонга  тушиб, 7 ғалаба, 2 дуранг ва 2 мағлубият қайд этди. Жамоа қарийб бир ойдан буён ғалаба қозона олмай келмоқда. 25 сентябрь куни «Аугсбург» билан дуранг (1:1) қайд этган «Бавария» орадан уч кун ўтиб «Ҳерта» майдонидан мағлубият билан қайтган эди (0:2). Шундан сўнг ЕЧЛдаги «Аякс» билан ўйин 1:1 ҳисоби билан якун топди, Бундеслигада  энг асосий рақиб «Боруссия М»га «Алянц Арена»да йирик ҳисобда имконият бой берилди – 0:3. Умуман, клуб сўнгги тўрт муваффақиятсиз ўйиндан учтасини ўз майдонида ўтказган эди.

«Бавария» Бундеслиганинг 7-туридан кейин 13 очко билан 6-ўринни эгаллаб турибди. Биринчи ўриндаги Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби 17 очкога эга.

Мавзуга оид