Спорт | 17:38 / 22.10.2018
13148
2 дақиқада ўқилади

Марсело оғир дамда «Реал»ни тарк этмоқчи

Фото: Goal.com

«Реал» ҳимоячиси Марсело клубдан кетишни истамоқда.

Tuttosport нашри маълумотига кўра, бразилиялик футболчи январь ойидаёқ ўзини «Ювентус»га қўйиб юборишларини сўраб, «Реал» раҳбариятига мурожаат қилган. Таъкидланишича, у мавсум бошидан буён клуб расмийларига бир неча маротаба мазкур масалада илтимос билан чиқиб, июнгача кута олмаслигини айтиб келади.

Манбага кўра, Марсело Турин клубининг ўзига нисбатан бефарқ эмаслигини билади ва ўзи ҳам айни шу жамоа сафида ўйнамоқчи. Унда бундай истакнинг пайдо бўлишига ҳужумчи Криштиану Роналдунинг «Юве»га кўчиб ўтгани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Қайд этилишича, ҳимоячи айниқса ҳозирги инқироз даврида клубни тарк этишни истаётгани «Реал» президенти Флорентино Пересга ёқмаяпти. Аммо тажрибали функционер уни ушлаб қолиш қийинлигини ҳам тушуниб турибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу манба томонидан «Реал» Марселога 50-60 миллион евро атрофида трансфер қиймати белгилангани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид