Обама, Клинтонлар ва CNN’га бомбалар Россия томонидан юборилгани тахмин қилинди
Американинг MSNBC телеканали бошловчиси Чак Тодднинг тахминича, Россия АҚШда сиёсатчиларга портловчи қурилмалар юбориш ишлари орқасида турган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Mediaite хабар қилмоқда.
Тодд бомба юборилиши билан боғлиқ вазият мамлакатдаги жамиятни қандай ажратиб юборгани ҳақидаги мавзу муҳокамаси давомида ўз фикрини айтди.
«Мен шундан қўрқаманки, бу Россиянинг қандайдир амалиёти ҳам бўлиши мумкин... Қайсидир маънода, биз ҳеч қандай вариантни истисно эта олмаймиз. Россия бизнинг, Америка жамиятини ажратиб юборишга ҳаракат қилмоқда», - дея маълум қилди телеканал бошловчиси.
Сўнгги бир неча кун ичида АҚШ собиқ президенти Барак Обама, Клинтонлар жуфтлиги, миллиардер Жорж Сорос, актёр Роберт Де Ниро портловчи қурилмаларга эга посилкаларни олишди. Бундан ташқари, бомбалардан бири бўлган пакет туфайли Нью-Йоркдаги CNN офиси эвакуация қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трампнинг телефони Россия ва Хитой махсус хизматлари томонидан тингланаётгани хабар берилганди.