Мурожаатлар ечими Навоий вилояти мисолида: Нурота туманидан лавҳалар
Ўтган 2017 йил 16 ноябрида Kun.Uz сайтида “Қишлоқ ҳаёти. Сой сувини ичишга мажбур бўлаётган нуроталиклар”, унинг узвий давоми сифатида орадан 3 ой ўтгач, жорий йил 19 февралида “Қизилчада 3 ойдан сўнг нима ўзгарди? Ҳеч нарса ўзгармади” сарлавҳадаги навбатдаги мақола эълон қилинган эди.
Уларда Навоий вилояти Нурота тумани Қизилча қишлоғи аҳолисини қийнаб келаётган масалалар, хусусан, 5,5 мингга яқин киши истиқомат қилаётган катта қишлоқни ичимлик суви билан таъминлаш, доимий ишлайдиган деҳқон бозори қуриш, мактабни таъмирлаш, қишлоқ врачлик пунктида қариялар учун ҳеч бўлмаганда 5-6та стационар (кундузги) койка ташкил этиш, мактабгача таълим муассасаси қуриш, Қизилчадан Навоий шаҳрининг Янгибозорига автобус қатновини йўлга қўйиш каби муаммолар ёритилган эди. Бу масалаларда туман ҳокими Жамолиддин Ҳамроев фикри ҳам эшитилган, туман раҳбари ушбу муаммолар ҳал этилишига ваъда берганди.
Таҳририят мухбири орадан салкам бир йил ўтганини инобатга олган ҳолда, ушбу қишлоққа яна бир карра бориб, ОАВда эълон қилинган муаммолар ечими қандай ҳал этилаётганига қизиқди. Қайд этиш жоизки, Қизилча МФЙга навбатдаги ташрифимиз 2-сектор раҳбари Фахриддин Норовнинг ҳудуддаги 22-ўрта мактабда маҳалла фаоллари билан йиғилишга тўғри келди. Унда қишлоқда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида скважина (тик қудуқ) қазиш, ҚВПни таъмирлаш, сув минораси ўрнатиш ҳамда қудуқ ҳажмига доир масалалар муҳокама қилинди.
Youtube'да кўриш
Facebook'да кўриш
Mover'да кўриш
Биз ўтган давр мобайнида қишлоқда қандай ишлар амалга оширилганига қизиқамиз. Мактаб спорт залининг том қисми шифер билан қопланибди, умуман мактаб филиали билан қўшиб ҳисобланганда, 280 млн сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилган. Эски мактаб ўрнида 70 ўринли мактабгача таълим масканини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу ерда замонавий МТМ пайдо бўлади. Эътиборлиси, 2 млрд 300 млн сўмлик болалар боғчасини муқобил ичимлик суви манбаи билан таъминлаш мақсадида алоҳида қудуқ қазилмоқда. Режага мувофиқ, 60-100 метр чуқурликдан сув чиқарилиб, МТМ ҳудудида 3та ҳовуз барпо этилади.
Туман марказидан 60 кмга яқин масофада узоқ бўлгани боис шу атрофдаги (энг яқин бўлган Темирқовуқ қишлоғи ҳам Қизилчадан 25-30 км) аҳоли пунктларига хизмат қилувчи доимий ишлайдиган деҳқон бозори қуриш масаласида тадбиркор Азиз Бобоқандовга ер майдони ажратиб берилган. Тадбиркор 60 млн сўм ўз маблағи ва 160 млн сўм кредит маблағларини жалб қилган ҳолда бозор қуришни режалаштирмоқда.
Биз 2-сектор раҳбаридан шу каби маълумотларни олар эканмиз, 80дан ошган отахон Даврон Қурбонов, қудуқ қазиш ишларини бажарувчи “Оби ҳаёт” МЧЖ вакили Раимжон Қодиров ва бошқа фаоллар билан Қизилчадан 10-15 км узоқликдаги таъмирга муҳтож бўлиб қолган скважиналардан бирини бориб кўрдик. Раимжон Қодиров ушбу қудуқ қайта таъмирланса, қишлоқнинг 50-60 хўжалиги (200-250 киши) бемалол сув билан таъминланишига ишонч билдирди.
Туман ҳокимининг қурилиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Рустамов эса, Қизилча қишлоғи муаммолари ҳал этилиши борасида қуйидагиларни маълум қилди.
“Қизилча МФЙда 950 хўжалик истиқомат қилади. Ўтган йили бу маҳаллада анча камчиликлар аниқланган. Туман бўйича махсус дастур қабул қилинди. Даставвал, маҳалла биносига 120 млн сўм маблағ ажратилиб, таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Ҳақиқатдан ҳам ичимлик суви таъминоти оғир бўлгани сабабли 150 млн сўм маблағ ажратилди. Янги қудуқлар қазиш бўйича экспертиза хулосалари олиш учун ҳужжатлар тақдим этилган. Яқин кунларда Геология-қидирув илмий-текшириш институтининг хулосаси кутилмоқда. Қазиш ишларини олиб борувчиларни танлашга доир тендерлар эълон қилинган. Хулоса ижобий чиқиб, 17 км.лик лойиҳа амалга оширилса, қишлоқда ичимлик суви муаммосини ҳал этиш имкони пайдо бўлади”, - деди Шерзод Рустамов.
Ҳоким муовинининг сўзларига кўра, Қизилчада шарт-шароитларни яхшилаш бўйича шу йилнинг ўзида 4 млрд сўмга яқин маҳаллий ва давлат бюджетидан маблағ ажратилган бўлиб, уларни йил охиригача ўзлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Йўлларни тунги вақтларда ёритиш мақсадида чироқлар ҳам ўрнатилган.
Шу билан бирга, Ш.Рустамовнинг айтишича, 2018 йилда туманнинг Чуя, Сойкечар каби қишлоқлари “Обод қишлоқ” давлат дастурларига киритилган бўлса, Деҳқонобод, Янгиобод ва А.Темир қишлоқлари 2019 йил дастурларига киритилган. Қизилча қишлоғини эса 2020 йилги “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритиш режалаштирилган.
Таъкидлаш ўринлики, Kun.Uz таҳририяти асосан чорвачиликка ихтисослашган Нурота туманининг нафақат Қизилча, балки бошқа қишлоқларида истиқомат қилувчи ўзбекистонликлар муносиб шароитларда истиқомат қилишларини истайди. Ўйлаймизки, туман аҳолиси фаровонлиги учун қилинаётган ободонлаштириш ишлари тўхтаб қолмайди.
Мавзуга оид
14:48 / 18.12.2024
Навоийда 33 ёшли эркак ўлдирилиб, Зарафшон дарёсига ташлаб юборилди
10:49 / 15.12.2024
Андижон ва Навоийда ноқонуний ер сотмоқчи бўлган шахслар ушланди
13:10 / 11.12.2024
Навоийда электромонтёр 12 кишининг номига кредит олиб, онлайн қиморга ютқазиб қўйди
16:26 / 07.12.2024