Ўзбекистон | 18:00 / 31.10.2018
77525
22 дақиқада ўқилади

АЭС қурилишидан Ўзбекистон қандай манфаат кўради — эксперт билан интервью

Шу йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикасида биринчи АЭС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилишига старт беришди.

«Буюк келажак» эксперт кенгаши аъзоси Қаҳрамонжон Насиров «Kun.uz»га берган интервьюсида АЭС қурилиши борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши ташаббусига қандай қарайсиз?

- Энергетика соҳасидаги инвесторлар билан ишлайдиган мутахассис сифатида Ўзбекистон учун ядро энергияси фойдали ва керакли деб ҳисоблайман. Шунинг учун мамлакатимиз президентининг Ўзбекистонда ядро энергетикасини ривожлантириш тўғрисидаги қарорини ўқиб, хурсанд бўлдим. Бу қарорни Ўзбекистон энергетикасини, саноатини ривожлантириш йўлидаги муҳим ва тарихий қарор деб биламан.

Афсуски, бизда юртимизда қуриладиган АЭС тўғрисида, бу станциянинг параметрлари тўғрисида маълумотлар кам. Шунинг учун қуйида келтириладиган баъзи фикрларни ушбу АЭС тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ёзилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда билдирамиз.

Оммавий ахборот воситаларидан биламизки, Ўзбекистонда қуриладиган АЭСнинг қиймати 11 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. «Росатом» амалга ошираётган бошқа ана шундай лойиҳалар ёки дунёда қурилаётган бошқа АЭСлар нархи билан солиштирадиган бўлсак, бу яхши нарх. Агарда бунинг ичида АЭС билан боғлиқ инфраструктураларга киритиладиган инвестиция ҳам бўлса , унда бу биз учун аъло қиймат ҳисобланади. 

Фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, АЭС қурилиши борасидаги бир қанча мавзулар тўғрисида гапирилмаяпти, холис мутахассисларнинг фикрлари ёритилмаяпти. Мисол учун, АЭС қурилишининг молиявий томонлари, «Росатом» ташкилотининг бошқа АЭС қурилиши лойиҳаларидаги муаммолари Ўзбекистонда қайтарилмайдими, экология, сув масаласи, радиоактив материалларни сақлаш ва бошқа мавзулар.

Булар ҳақида очиқ ҳамда батафсил ёзиш ва гапириш президентимиз қарорига қарши чиқиш дегани эмас. Аксинча, булар оммага мазкур қарорнинг қанчалик муҳим эканлигини тушунтиришга, лойиҳани самарали ва унумли амалга оширишга ёрдам беради деб ўйлайман.

- Нима учун одамлар ядровий (атом) саноатга салбий қарашади?

- Одамларнинг атом саноатига салбий қарашига биринчи навбатда охирги йилларда бўлиб ўтган бир неча катта авариялар ва уларнинг оқибатлари сабаб бўлди.

Бундан ташқари, ядро сўзини эшитганда кўпчиликнинг тасаввурида ядро энергиясининг кучи ва тарихда бўлиб ўтган аянчли воқеалар пайдо бўлади. Айримлар атом қуроллари билан атом электр станцияларининг ишлаш принципларини фарқламасдан, уларнинг иккиси ҳам хавфли деган фикрда юради.

Энергетика соҳасидаги янгиликларни кузатиб бораётган мутахассислар яхши биладики, охирги йилларда бу соҳада кўп нарса ўзгарди. Мисол учун, муқобил энергия манбаларининг нархи йилдан-йилга пасайиб, самарадорлиги ошиб бормокда. Аксинча, атом электростанцияларининг қурилиш нархлари ўсиб бормоқда.

Бунинг устига, атом электростанцияларини эксплуатация қилиш – блокларни таъмирлашга, авария оқибатларини бартараф қилишга катта маблағ сарф бўлаётгани учун атом келажагига салбий қараш кучаймокда. Бундан ташқари, ҳеч ким инсон томонидан амалга оширилган лойиҳага ҳеч қандай кутилмаган ҳолат бўлмаслигига юз фоиз кафолат бера олмайди. Мана шу омиллар айримларнинг атом энергетикасига салбий қарашларига сабаб бўлади.

- Атом электр станцияси қурилиши мамлакатдаги радиация даражасига таъсир кўрсатадими?

- Йўқ. Атом электр станцияси мамлакатдаги радиация даражасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. АЭС қурилган ҳудуди атрофида ҳам, минтақада ҳам радиация даражаси ошмайди. Албатта, агарда бирор хато ёки фавқулодда ҳолат содир бўлмаса.  

- АЭС атрофидаги радиация даражаси мониторинг қилинадими? 

- АЭС атрофидаги радиация даражасини мониторинг қилиш биринчи навбатда давлатнинг вазифаси. Бу масалани ҳеч қачон фақат АЭС эгаси ёки АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилотнинг ўзига бериб қўймаслик керак. Ўзбекистонда АЭС фаолиятини ва умуман ядро соҳасини назорат қилувчи орган ташкил этиш керак. «Ўзатом» ёки «Ўзбекэнерго» бу соҳани холис текшира оладими, йўқми, бирор нарса дея олмайман. Чунки битта ташкилот ҳам АЭС лойиҳасида иштирок этиб, ҳам бу лойиҳани текширувчи сифатида қатнашиши тўғри бўлмайди менимча.

Айрим давлатларда АЭС атрофидаги радиацияни мониторинг қилиш ҳуқуқи унинг атрофидаги аҳоли пунктларига ҳам берилган. Бундан ташқари, маҳаллий, нодавлат ёки экологик ташкилотларга АЭС атрофидаги радиацияни ўлчаш, АЭС фаолияти тўғрисидаги маълумотлар билан бемалол, тўсиқсиз танишиш ҳуқуқи берилгани яхши. Масалан, Чехияда АЭС атрофида яшайдиган фуқаролар ҳам давлатдан радиация ўлчаш ускунасини бепул олиб, электростанция атрофидаги радиацияни ўлчаш ҳуқуқига эга.

- Кўпчиликни сув масаласи қизиқтиряпти...

- Бу тушунарли савол. Ва нозик савол. Боя айтганимдек, биз қурилажак АЭСнинг кўп параметрларини ҳали билмаймиз. Менинг тахминимча, бизда қурилаётган АЭС йилига тахминан 38-40 миллион куб метр сув тортиб олиб, тахминан 8-10 миллион куб метр сувни АЭСдан ташқарига қайтариб чиқаради. Сувнинг кўпи буғланиб кетади. Демак, АЭСга яқин жойда етарли даражада сув манбаси бўлиши керак.

Чиқаётган сувнинг сифатига келсак, умумий ҳолатларда АЭСдан тоза сув чиқади. Кўпинча АЭСдан чиқаётган сув таркибида тритий моддаси бўлади. Агарда кутилмаган ҳодисалар бўлмаса, ушбу сув таркибидаги тритий каби моддалар соғлиққа зарар келтирадиган даражада кўп бўлмайди.

АЭС мутахассисларидан ташқари, маҳаллий ташкилотлар ҳам чиқаётган сув таркибини доимий назорат қилиб туриши лозим. Чунки тритий моддаси фильтрланмайди, яъни сувни тозалаш имконияти йўқ, шунинг учун сувда тритий миқдори кўпайиб кетса, вақтида аҳоли ва маҳаллий ҳукуматга бу ҳақда маълумот берилиши керак.

- АЭС қанчалик ҳимояланган бўлмасин, у барибир хавфли деган фикрга қўшиласизми?

- АЭС - хавфсиз электр энергия манбаи. Охирги бир неча ўн йиллар давомида ядро энергетикаси хавфсизлиги анча такомиллашган ва кучайган. Ушбу энергия манбасини танқид қилаётганларнинг АЭСларнинг биринчи ўринда хавфли эканлиги тўғрисидаги фикрларига қўшилмайман. АЭС қурилиши ва эксплуатациясида  хавфсизликдан кўра долзарброқ бошқа масалалар бор.

Лекин, албатта АЭСлар ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам қандайдир даражада хавф сақланиб қолади. Шунинг учун АЭС мутлақо хавфсиз деган фикр ҳам нотўғри. Баъзи мисолларни келтирсак: «Росатом» ташкилоти билан битим тузган Венгриянинг Пакш АЭСида апрель ойида авария бўлди ва АЭСдан ташқарига радиоактив моддалар чиқиб кетди. Ёки сентябрь ойида Чехиянинг Темелин АЭСида сув регуляцияси автомати «адашиб» радиоактив сувни омборга эмас, биринчи контурдан ташқаридаги, лекин АЭС ичидаги сув омборига чиқариб юборган. Афсуски, мана шундай катта-кичик авариялар ҳозирги кунда ҳам учраб туради.  

Ташқи хавфларга келсак. Масалан, бизда қурилиши кўзда тутилаётган ССЭР 1200 энергоблоки самолёт зарбасига чидай оладими-йўқми – Финляндияда қурилаётган АЭС бўйича мутахассислар бу тўғрисида ҳозиргача баҳс юритишмоқда.

Бундан ташқари, биз сейсмологик фаол ҳудудда яшаймиз. Шу боис эҳтимолий зилзила ва унинг АЭС ичида бўлаётган жараёнларга таъсирини эътиборга олишимиз шарт.

Террорчилар томонидан бўлиши мумкин таҳдидга келсак, бу хавфнинг олдини олиш ўз қўлимизда ва ишончим комилки, бизнинг хавфсизлик органларимиз ва армиямиз бундай хавфнинг олдини олиш учун етарли даражада куч ва салоҳиятга эга.

- Ўзбекистонда қурилиши мўлжалланаётган АЭС қай даражада замонавий?

- Оммавий ахборот воситаларига кўра, «Росатом» ташкилоти Ўзбекистонда «З+» ССЭР – 1200 рақамли энергоблокини ўрнатмоқчи. Бу «Росатом»нинг замонавий қурилмаларидан бири.

Умид қиламизки, бизнинг мутахассислар «Росатом» Ўзбекистонга қай даражада замонавий жиҳозланган блокни ўрнатмоқчи эканлигини яхши назорат қилишяпти.

ССЭР – 1200 реакторли энергоблоклари Беларусда, Хитойда, Венгрияда ва Россияда ўрнатилган ҳамда ўрнатиляпти. Бу реакторнинг замонавий эканлигига шубҳа йўқ.

Бизнинг мутахассисларимиз «Росатом» қуришни бошлаган ёки лойиҳалаштираётган АЭСлардаги ва қисман ўрнатаётган ускуналардаги муаммоларни ҳам албатта ўрганиб чиқиши ва компания билан бу муаммолар тўғрисида батафсил фикрлашиб олиши лозим деб ўйлайман.

- АЭСдан чиққан радиоактив чиқиндилар қаерга кўмилади? 

- Европа Иттифоқида радиоактив чиқиндиларни сақлаш бўйича аниқ қонун-қоидалар мавжуд. Ядро энергияси олишда фойдаланилган радиоактив чиқиндиларни фақат ер остида сақлашга кўрсатма берилган. Радиоактив чиқиндилар кўмиладиган «омбор» камида 100 метр чуқурликда бўлиши керак. Бундай омбор қуришда ернинг таркиби муҳим роль ўйнайди. Кучли зилзила содир бўлиш эҳтимоли бор жойларда радиоактив чиқинди учун омбор қуриш маъқул эмас.

Ҳозирги кунда кўп АЭСлар ишлатилган «ёнилғи»ни вақтинча АЭС ичидаги алоҳида «бассейн»да сақлашади. Кейин эса радиоактив чиқиндилар учун мўлжалланган қуруқ омборларда сақланади. Чиқиндилар бундай омборларда 50-60 йилгача сақланиши мумкин. Кейинчалик радиоактив материаллар алоҳида қурилган ерости омборига кўмилади. Ерости омборлари бетонланган бўлиб, радиоактив чиқиндилар махсус контейнерларда кўмилади. Бу материаллар ер остида атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган даражада изоляция қилинган ҳолатда бўлади. Лекин бундай ерости омборлари ҳамма мамлакатларда ҳам мавжуд эмас.

Ишлатилган «ёнилғи» реактордан чиққанидан кейин ҳам унда қанчадир миқдорда энергия сақланиб қолади. Баъзи мамлакатлар бугунги кунда бу «чиқинди»дан яна янги ёнилғи олмоқда. Лекин бу жараёнда ҳам радиоактив чиқиндилар чиқади. Демак, бу йўлда ҳали изланишлар олиб борилади менимча. Баъзи бир мамлакатлар эса чиқинди ёнилғидан янги реакторлар турида фойдаланишни синаб кўрмоқда (реакторларнинг 4-авлоди). Ҳозирча радиоактив чиқинди муаммосини бутунлай ҳал киладиган бошқа ечим йўқ ва бу чиқиндиларни ер остида сақлашга мажбурмиз.

Баъзи мамлакатлар ўз АЭСидан чиққан радиоактив чиқиндини ўз ҳудудида сақламайди ва бошқа давлатлар билан бу чиқиндиларни сақлаш тўғрисида битим тузишади. Мисол учун, Венгрия, Болгария каби давлатлар Россия билан битим тузиб, ўз ядровий чиқиндиларини сақлаш учун Россияга беришади.

Агарда келажакда бошқа ечим топилмаса, радиоактив чиқиндилар шу каби омборларда минглаб йиллар сақланиши мумкин.

- Станциядан неча йил давомида фойдаланилади ва эксплуатация муддати тугаганидан сўнг АЭС нима бўлади? 

- Биз айтиб ўтган энергоблоклар тахминан 60 йилгача ишлаши мумкин. Бундан кейин ҳам сармоя киритиб реакторлар «умри»ни узайтирса бўлади.

Лекин бу ерда бир муҳим нарсани айтиб ўтишимиз керак. Энергоблокни 60 йил эксплуатация қилиш мумкин деганимиз 60 йил ичида бошқа сармоясиз фақат хом ашё эвазига электр энергияси оламиз дегани эмас. Бу давр ичида атом реакторлари таъмирлаб турилиши керак. Ва бу таъмирлаш ишлари арзонга тушмайди.

АЭСдан фойдаланиш давридаги харажатларга озгина чуқурроқ қарасак, энергоблок ишини чеклайдиган ва доимий сармоя талаб қиладиган жиҳатлар мавжуд: босим остида ишлайдиган идиш, насослар, турбиналар, совутиш миноралари, хавфсизлик тизимини янгилаш... 

Иккинчи саволингизга келсак, эксплуатация муддатини доимий узайтириш имконияти йўқ ва муддати тугаганидан кейин албатта АЭСни ликвидация қилиш керак. АЭС ликвидацияси осон, тезда битадиган ва арзон иш эмас. Қисқа қилиб айтсак, энергоблокни ликвидация қилишнинг энг қийин жойи бу биринчи, примар бўлими. Чунки бу бўлим энг радиоактив заҳарланган бўлимдир. Кўпинча ушбу бўлимни хавфсиз ликвидация қилиш учун энергоблоклар тўхтатилиб, ўн йиллаб кутилади. Чунки бу бўлимдаги радиация жуда кучли ва ҳаёт учун жуда хавфлидир. Ўн йиллар ичида радионуклидлар парчаланиб, радиация анча пасаяди ва бу бўлимда иш бошлаш имконияти пайдо бўлади.

Энергоблоклардан чиққан барча радиоактив материаллар худди радиоактив чиқинди қандай сақланса, шундай тарзда ерости омборларига кўмилиши керак. АЭС ўрни эса узоқ вақтгача кириш мумкин бўлмаган ҳудудга айланади.

Атом энергияси халқаро ташкилотининг ҳисоб-китобича, битта реактор фаолиятини тугатиб бузиш учун тахминан 500 миллион доллар сарфланади.

- Мазкур АЭС қурилишидан Ўзбекистон қандай манфаат кўради?

- Бу жуда кенг қамровли савол. Бу саволга жавоб сифатида алоҳида мақола ёзиш мумкин.

Ўзбекистонда электр энергияси танқислиги фақат мутахассисларга эмас, аҳолига ҳам  маълум. АЭС қурилиши билан мамлакатимиздаги кўплаб долзарб муаммолар ечилади ва янги соҳалар ривожланишига замин яратилади. Бу лойиҳа аҳолини электр энергияси билан таъминлашдан ташқари, янги иш ўринлари яратилишига улкан ҳисса қўшади. Чунки замонавий ишлаб чиқариш – завод-фабрикаларнинг энергияга бўлган талаби кучли ва биз агарда мамлакатимизга янги инвестицияларни жалб қилмоқчи бўлсак, иқтисодиётни ривожлантирмоқчи бўлсак, бизга мана шундай кучли электр энергия манбаи зарур.

- АЭС ишга тушиши билан электр энергияси нархи арзонлашадими ёки узлуксизлиги таъминланадими?

- Айтиб ўтганимдек, биз Ўзбекистонда АЭС қурилишининг барча молиявий тарафларидан хабардор эмасмиз. Агарда барча режалар самарали амалга оширилса, АЭС яна ўн йилдан сўнг ишга тушади. Бу вақтгача энергетика соҳаси жойида турмайди ва кўп нарса, шу жумладан электр энергияси нархини аниқлаш тартиби ҳам ўзгаради.

Умуман олганда, АЭС электр энергияси нархини пасайтирмайди. МДҲ давлатлари ёки бошқа мамлакатлардаги энергия нархларини кузатиб айта оламизки, электр энергияси нархи пасаймайди ва менинг фикримча, ўсиб боради.

Узлуксиз таъминлашга келсак, албатта АЭС аҳолини ҳамда саноатни, ишлаб чиқариш соҳасидаги корхоналарни узлуксиз электр энергия билан таъминлашга катта ёрдам беради.

Бу ерда бир нарсани айтиб ўтиш лозим. Ядро энергетикасидан бехабар ҳамюртларимиз АЭС тўхтамасдан ишлаб, узлуксиз электр энергияси ишлаб чиқарар экан деган фикрга келмасликлари керак. АЭС реакторлари тез-тез тўхтатиб турилади. Сабаби эса ҳар хил, масалан, режа бўйича, назорат сигнализациялари ёки майда кутилмаган ҳодисалар сабабли тўхташи мумкин. Ёки ёз ойларида кучли қурғоқчилик бўлса, сув етишмаслиги сабабли тўхтаб қолиши ҳам мумкин.

- АЭС қуввати Ўзбекистоннинг қанча ҳудудини электр билан таъминлай олади? 

- Агарда мамлакатимиз иқтисодиётининг узоқ муддатли ривожланишини кўзда тутиб гапирсак, қурилиши режалаштирилган АЭС барча электр энергиясининг тахминан 15-17 фоизини бериши мумкин. Бу жуда катта улуш. Ҳудудлар бўйича эса ҳисоблаш қийин. Агарда АЭСнинг бор қувватини вилоятларга бўлиб беришни фараз қилсак, АЭС келажакда тахминан учта вилоятни электр энергияси билан тўлиқ таъминлаши мумкин.

- Бугунги кунда АЭСга муқобил, унинг ўрнини боса оладиган электр станцияси мавжудми? 

- АЭС билан муқобил энергия манбаларини фақат энергия ишлаб чиқариш кучи орқали  таққослаш қийин ва унчалик тўғри эмас. Иккала энергия манбаининг кучли ва заиф томонлари бор.

Бир тарафдан муқобил энергия манбалари бугунги кунда жуда самарали ва энергия ишлаб чиқариш ускуналарининг нархлари тез пасаймоқдаки, кўп мамлакатларнинг энергия тизимида муқобил энергия улуши тезлик билан ошиб, бошқа  манбалар улуши пасайиб бормоқда.

Иккинчи тарафдан, ядро энергетикаси бугунги кунда энг арзон электр манбаи бўлиб қолмоқда ва энергия узатиш барқарорлиги бошқа манбаларга нисбатан ишончли. Шуни унутмаслик керакки, ядро энергетикасининг ўзида ҳам катта ўзгаришлар кутилмоқда. Бугунги кунда уран эмас, торийни ёнилғи сифатида ишлатадиган реакторлар ишламоқда. Ёки катта реакторлар ўрнига, кичкина ва мобил реакторлар синовдан ўтказилмоқда. Масалан, фақат 20 мегаватт ёки 200 мегаватт энергия берадиган кичкина автоном реакторлар синалмоқда. Яқин келажакда шундай реакторлар ишлаб чиқарилиши мумкинки, ҳар бир вилоятда ёки керакли саноат паркларида ўзларининг автоном «АЭС»ини қуриб бериш имкониятлари пайдо бўлиши мумкин бўлади. Булар синовдан ўтказилаётган энергия манбаларидир.  

Биз ҳозир энергия соҳасида катта ўзгаришлар даврида яшаяпмиз. Менимча, Ўзбекистонда муқобил энергия воситаларини яхши баҳолай олмаяпмиз. Қарор ва топшириқлар етарлича бўлишига қарамасдан, бу соҳада катта ўзгаришлар ва инвестициялар кам. Бу соҳани оммавийлаштира олмаяпмиз.

Озгина кулгили бўлса ҳам, мен АЭС билан муқобил энергия манбалари курашини ўтган асрнинг 90-йилларидаги уй телефони билан уяли телефонлар курашига таққосламоқчиман. Эсингизда бўлса, уяли телефонларни илгари фақат ўзига тўқ одамлар ишлата олган ва унга қарши бўлганлар бу янги алоқа воситасини қўпол, катта ва сигнали кучсиз, асосийси, жуда қиммат деб танқид қилишган. Қуёш, шамол, биомодда ва шунга ўхшаш табиий манбалардан энергия олиш услублари йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Биз бу тренддан орқада қолмаслигимиз керак. Бўлмаса, бир кун келиб ривожланган давлатлар «қўл телефони»ни ишлатиб юрганда, биз «уй телефони»га боғланиб қолишимиз мумкин.

- Нима учун Германияда ядровий реакторларни ёпиш дастури қабул қилинган?

- Германияда жами 17та реактор мавжуд. Баъзилари ҳозирда ҳар хил сабаб билан тўхтатилган, мисол учун таъмирлашга. Қолганлари эса 2022 йилга бориб тўхтатилиши керак. Германиядаги энергия манбалари шундай бўлинганки, шимолда муқобил энергия улуши кучли, аксарият ядро реакторлари эса мамлакат жанубида жойлашган. 2022 йилга бориб ҳақиқатан барча реакторлар тўхтатиладими ёки йўқми, ҳозирча аниқ жавоб йўқ, Чунки мисол учун, Бавария ҳукумати баъзи реакторлардан фойдаланиш муддатини 2022 йилдан кейинга узайтириб беришни сўрамокда.

Бу давлатда саноат жуда кучли ривожланган ва ядро энергетикасининг улуши 20-22 фоизни ташкил қилади. Савол туғилади, АЭСларнинг улуши катта бўлса, саноатга катта электр манбалари керак бўлса, немислар нима учун ядро энергетикасидан воз кечишга қарор қилишди?

Немислар ядродан воз кечиш учун бир нечта муҳим қадамларни босиб ўтишди:

- ишлаб чиқариш соҳаларидаги энергияталаб технологиялар янги тежамкор ускуналарга алмаштирилмоқда;

- муқобил энергия манбаларига эътибор кучайди ва давлат охирги йилларда бу соҳага катта маблағ сарфламоқда ва бу манбаларнинг самарадорлиги ошиб бормоқда;

- немисларнинг АЭСлар хавфсизлигига ишончи сезиларли даражада пасайди ва кўпчилик аҳоли ҳукуматнинг ядро энергияси улушини босқичма-босқич камайтириш режасини қўллаб-қувватлаяпти.  

- Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича қандай таклифларингиз бор?

- Ўзбекистонда АЭС қурилиши масаласи тўғрисида одамлар икки гуруҳга бўлиниб қолди. Баъзилар қарши, баъзилар бу қарорни қўллаб-қувватлаяпти. Бу тушунарли ҳолат. Лекин ҳаммамизнинг мақсадимиз битта – Ўзбекистонда саноатни ривожлантириш орқали ишсизликни камайтириш, халқ фаровонлигини ошириш. Шу мақсад бизни бирлаштириши керак.

«Ўзатом», «Ўзбекэнерго» ва ушбу лойиҳа билан шуғулланаётган давлат ташкилотлари ходимлари бир томондан ва холис мутахассислар бошқа томондан ишчи гуруҳини ташкил қилиши ва АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш вазифалари, лойиҳанинг молиявий шартлари, инфраструктура масаласи, кадрлар тайёрлаш жараёни каби масалаларни биргаликда кўриб чиқишини таклиф қиламан.

Баъзан шундай лойиҳалар бўладики, тезлик уларнинг охирги натижасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. АЭС қурилиши ана шундай лойиҳалар сирасига киради. Бу каби лойиҳаларни чет элда йиллаб тайёрлашади. Сабаблари тушунарли – лойиҳа жуда қиммат ва ўзига яраша хавфли.

«Росатом» биз учун етказиб берувчи, сотувчи ташкилот ва биз эса мижоз сифатида улардан зарур маълумотларни сўраб ва муҳим нарсаларни текшириб олишимиз керак.

Мисол учун, «Росатом» Финляндияда қураётган АЭСнинг биринчи округи реакторининг пайвандлаш ишлари сифатини холис ташкилотлар текшириб, ўз хулосаларини берди. Биз ўзимиз ҳозирча бундай нозик ва муҳим қурилишларни текшира олмаймиз.

Ўзбекистон Ядро физикаси институти реакторида тажриба сифатида энергия чиқариш академик тадқиқот сифатида яхши амалиёт. Лекин амалда АЭС қуриш, унинг камчиликларини қурувчи ташкилотга кўрсатиш ва уларни назорат қилиш умуман бошқа иш ва масъулият демакдир.

Ўзбекистонда бу соҳада етарли даражада тажрибали мутахассислар кам, шунинг учун мутахассисларни ташқаридан жалб қилиш лозим.

Менинг таклифим, Ўзбекистондаги АЭС қурилиши жараёнини ва қурилиш сифатини холис, тажрибали ташкилот текшириб туриши керак.

Суҳбатдош ҳақида: Қаҳрамонжон Насиров Чехиядаги Либерец Техника университетини инженер-конструктор мутахассислиги бўйича битирган.

Чехиядаги Hamé корпорациясининг Россиядаги филиали директори, Нидерландиядаги Impress компаниясининг Шарқий Европадаги ишлаб чиқариш ва савдо бўйича филиали бошлиғи, Бельгиянинг Ontex International компаниясида ишлаб чиқариш заводининг директори лавозимларида ишлаган.

Ҳозирда Швейцариянинг Royal Lake, United Energy инвестиция фондларининг инфраструктура ва энергетика соҳасидаги инвестициялари билан шуғулланади

Дилшодбек Асқаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид