Спорт | 16:28 / 02.11.2018
22009
14 дақиқада ўқилади

АПЛнинг истеъфо ёқасидаги 5 мураббийи

Фото: Warren Little/Getty Images

АПЛнинг 2018/19 йилги мавсуми боши фақат «Ливерпуль»нинг чемпионлик учун жиддий даъвогарлик қилаётгани билан эмас, ноябргача ҳам биронта мураббий истеъфога чиқарилмагани билан ажралиб турибди. Охирги 6 йилда чемпионатнинг дастлабки 3 ойида бирорта ҳам мураббий ишдан бўшатилмаслиги фақат иккинчи марта рўй бермоқда – 2017/18 йилги мавсумда ноябрга қадар 3 мураббий ишсиз қолиб бўлганди. Лекин қайд этиш керакки, АПЛда бир неча жамоада старт муваффақиятсиз кечди ва уларнинг мураббийлари ишсиз қолиш хавфи остида қолган.

Жозе Моуриньо, «Манчестер Юнайтед»

Португалиялик мураббий – истеъфоси энг кўп муҳокама қилинаётган мутахассис бўлиб турибди. Жозенинг «Манчестер Юнайтед»даги курсиси бир йил муқаддам қимирлашни бошлаган, аммо Эд Вудворд 2018 йил январида Моуриньо билан янги – 2020 йилга қадар мўлжалланган янги шартнома имзолаганди.

Бунинг уч сабаби бор. Биринчиси – Моуриньо дебют мавсумида 3 турнирда ғалаба қозонганди: «Биз юқори стандартлар ўрнатдик, 3 совринни қўлга киритдик, аммо бу билан чекланмаймиз». Тўғри, «қизил иблислар» иккинчи даражали турнирларда ғолиб чиқишганди: Европа Лигаси, Англия Кубоги ва Англия Суперкубоги – учинчи соврин битта ўйинда қўлга киритилди, «МЮ» эса бу финал ўйинида ван Галнинг меҳнатлари эвазига ютиб олинган Кубок туфайли иштирок этди. Иккинчи мавсумда «Юнайтед» ҳеч нарса ютиб ололмади.

Фото: Chris Brunskill/Fantasista/Getty Images

Иккинчи сабаб – ёш футболчилар билан ишлаш. «Жозе клуб истаги бўйича иш тутиб, ёш футболчиларни асосий жамоага киритиб келмоқда», — деганди Вудворд январда. «Юнайтед» ижрочи директори айнан кимларни назарда тутганига аниқлик киритмаган. Аслида Моуриньо Мактоминейни Погбанинг ақлини киритиб қўйиш учун ўйнатмаганмиди? 2017/18 йилги мавсумнинг биринчи ярмида ёрқин ўйинлар кўрсатган Антони Марсиял эса иккинчи даврани захира ўриндиғида ўтказди. Мавсум бошида иккита яхши ўйин ўтказган Перейра йўқолиб қолди, Фосу-Менса ижарама-ижара юрибди, бу вақтда эса «Юнайтед»да Янг асосий ўнг қанот ҳимоячиси. Ҳатто ван Гаалнинг кашфиёти бўлмиш Рэшфорд жорий мавсумда атиги 3 ўйинда майдонга тушган.

Учинчи сабаб – 2018 йилнинг январида жамоа АПЛда иккинчи ўринда бўлганидир. «Манчестер Юнайтед» Англия чемпионлиги учун имконият сақлаб қолганди (гарчи биринчи ўриндаги «Сити» билан орадаги фарқ 13 очкони ташкил этган бўлсада), таққослаш учун жамоа 2015/16 йилги мавсумда бешинчи, 2016/17 йилги мавсумда олтинчи ўринда эди. Лекин ўтган мавсумда жамоага кўп ўйинларда омад кулиб боққан, агар ҳужумчиларнинг йўқ жойдан голлар уриши ва дарвозабоннинг сэйвлари бўлмаганида «Юнайтед» кучли олтиликдан ҳам ташқарида қолиши мумкин эди.

Тақдир Жозени қўлламай қўйгач, де Хеа супермен режимини ўчиргач, энди «Манчестер» 8-ўринга тушиб қолган, жамоа очколар фарқи жиҳатидан 1-ўриндан кўра 15-ўринга яқинроқ.

Ҳужумларнинг пала-партишлиги, жамоавий ўйиннинг кучсизлиги, эскича ҳимояланиш тизими – буларнинг барчаси Моуриньонинг кейинги 2,5 йилдаги фаолияти оқибатларидир. Шу туфайли жамоа «Ювентус» ва «Вест Ҳэм»га қарши бирдек нурсиз ўйин кўрсатмоқда. Ҳозирча португалиялик мутахассисни истеъфодан икки нарса сақлаб турибди: унинг шартномасида кўрсатилган йирик миқдордаги товон пули ва ёмон ўйинлар ортидан бирдан яхши ўйинлар ўтказилаётгани (масалан, у истеъфо ёқасида қолганида «Ньюкасл» устидан 3:2 ҳисобидаги иродали ғалаба қайд этилди ва 4 ўйиндан иборат ғалабасиз серияга якун ясалди. Шунингдек, «Ювентус»дан қабул қилинган аламли мағлубиятдан кейин «Эвертон» мағлуб этилди).

Ҳозирча Вудворд Моуриньони ишдан бўшатишга ва қишки трансферлар учун 112 млн евро ажратишга журъат қила олмаяпти. Бу вақтда эса «Реал» Хулен Лопетегига ўринбосар изламоқда ва «Манчестер Юнайтед»га келиши мумкин бўлган  мураббийлардан бирини, хусусан Антонио Контени илиб кетиши мумкин.

Славиша Йоканович, «Фулҳэм»

Фото: Clive Rose/Getty Images

«Фулҳэм» Чемпионшипда ажойиб мавсум ўтказди: жамоа турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллади, АПЛга ўтиш ўйинларида «Дерби» ва «Астон Вилла» мағлубиятга учратилди. «Фулҳэм» чиройли ва жамоавий футбол намойиш этди, буни барча экспертлар эътироф этишди, 17 ёшли вингер Райан Сессеньон эса Чемпионшипнинг энг яхши ёш футболчиси бўлди.

Премьер-лигада ҳам «Фулҳэм»дан муваффақиятли иштирок кутишганди. Клуб кенг кўламли трансфер кампанияси олиб борди, «янги Хави» деб аталган Жан-Мишел Сери 30 млн евро эвазига, ижарада ўйнаб, тўпурар бўлган Митрович «Ньюкасл»дан 20 млн евро эвазига сотиб олинди, жаҳон чемпиони Андре Шюррле, шунингдек, Фосу-Менса ва Виетто каби юлдузли футболчилар ижарага олинди. «Фулҳэм» трансферларга жами 100 млн евро сарфлади (қолаверса, бу футболчилар учун йирик миқдорлардаги маошлар тўлашга рози бўлди). Мухлислар «Фулҳэм»дан ҳеч бўлмаса турнир жадвалининг ўрталарида бўлишни кутишганди.

Бунинг ўрнига «Фулҳэм» айни вақтда 10 ўйинда атиги бир ғалабага эришган ҳолда қуйи ўринларда бормоқда. Жамоа кўп вазият яратмаяпти ва кўп гол урмаяпти (11 гол – на «Брайтон» ва «Бёрнли» даражаси), шунингдек, ҳимояда жуда ёмон ўйин кўрсатилмоқда. «Фулҳэм» ўз дарвозаси олдида кўплаб қўпол хатоларга йўл қўймоқда ва 10 ўйинда 28 гол ўтказган (бу лигадаги энг ёмон кўрсаткич), уларнинг АПЛдаги охирги ўйинларида қуйидаги натижалар қайд этилган – «Борнмут»дан 0:3, «Кардифф»дан 2:4, «Арсенал»дан 1:5 ва «Эвертон»дан 0:3.

Октябрь ойи бошида Йоканович шундай ҳазиллашганди: Онам айтадики, Славиш тил билиш қобилияти билан исталган меҳмонхонадан иш топа олади.

Ноябрь ойи бошига келиб бу ҳазил тагидан зил чиқиши мумкин, Йоканович нимадир ўйлаб топмаса, «Фулҳэм» жамоани Эллардайс ёки бошқа бир қутқарувчи мураббийга топшириши ҳақиқатга яқин кўринмоқда.

Рафаэль Бенитес, «Ньюкасл»

Фото: Clive Brunskill/Getty Images

Чемпионлар лигаси ғолиби, «Челси» ва «Реал» клубларида ишлаган Рафа Бенитес ҳозирда «Ньюкасл»даги учинчи мавсумини ўтказмоқда. У 2015/16 йилги мавсум охирида жамоага келган, аммо «қарғалар»ни қуйи мавсумга шўнғишдан асраб қололмаганди, лекин кейинги мавсумда чемпионшипда ғолиб чиқди ва 2016/17 йилги мавсумда АПЛда муваффақиятли иштирок этиб, мавсумни турнир жадвалидаги 10-ўринда якунлади.

Янги мавсумда яна барча иш орқага кетди. Трансферлар вақтида таркибни кучайтира олмаган «Ньюкасл» кейинги 120 йил ичидаги энг ёмон натижасини қайд этди: 10 турдан кейин бирор ғалаба йўқ, 3 очко ва охирги ўрин. Ўйинларда вазиятлар яратиш ва гол уриш бўйича «қарғалар» фақат «Ҳаддерсфилд»ни ортда қолдирган. Шу билан бирга, «Ньюкасл» 14 гол ўтказган (бу «Манчестер Юнайтед», «Лестер» ва «Вест Ҳэм»нинг натижасидан яхшироқдир), аммо «Саутҳемптон», «Кристал Пэлас» ва «Кардифф» билан ўйинлардаги голсиз дуранглар мухлисларни ҳам, Бенитесни ҳам ва клуб хўжайинларини ҳам қониқтирмайди.

Дарвоқа, хўжайин ҳақида. Майк Эшли бир йилдан буён «Ньюкасл»ни сотиш ҳақида ўйламоқда; шу туфайли клуб камхарж-режимда ва янги футболчилар сотиб олмаяпти. Бенитеснинг ихтиёрида жуда кам ҳужумкор футболчилар мавжуд, сифатлилари эса бармоқ билан санарли. «Ньюкасл» ўйини кўп жиҳатдан «Челси»дан ижарага олинган Кенедига боғлиқ, жамоа ҳужум чизиғи жуда кучсиз, майдон маркази ҳолати Жонжо Шелви ва Муҳаммад Диаменинг кайфиятига боғлиқ.

Бенитес боридан фойдаланган ҳолда трансферларга катта маблағлар сарфлаган клубларга қарши туришга ҳаракат қилмоқда. Лекин Рафанинг ўтмишдаги муваффақиятлари унутилиб, «Ньюкасл»ни қутқариш учун бошқа кимнидир олиб келишлари мумкин. Гарчи, жамоани ҳеч ким қутқара олмасада.

Марк Хьюз, «Саутҳемптон»

Фото: Michael Steele/Getty Images

Ушбу рўйхатдаги «энг британча» мураббий. Айнан Хьюз қурган жамоа туфайли жуда кўпчилик Лео Месси «Барселона» билан АПЛда космик даражада ўйин кўрсата олмайди деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, «Стокдаги ёмғирли оқшом»да аргентиналик футболчи жуда кўп муаммоларга дуч келган бўларди. Хьюз «Сток» билан кўп кучли жамоаларни доғда қолдирган: Шакири, Арнаутович, Хесе, Флетчер, Аллен, Шупо-Мотинг ва бошқа юлдузлар билан бирга кўп мавсумлар давомида Англиянинг ўртамиёна жамоаси мақомини сақлаб қолганди. Марк январь ойида истеъфога чиқарилди, унинг ўрнига «кулоллар» раҳбарлигига келган Пол Ламберт ҳам жамоани ўзига келтира олмади.

Хьюз ўшанда «Саутҳемптон»ни қутқариш учун чақирилганди. «Авлиёлар» ҳамиша ёрқин, ҳужумкор футбол намойиш этиб келган, бу жамоани Почеттино, Куман, Пюэль, Пеллегрино каби харизматик мураббийлар бошқарган. Хьюз уларнинг ҳеч бирига ўхшамайди.

Лекин унинг тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатланишга асосланган футболи «Суонси»ни қувиб ўтиш ва лигада жон сақлаб қолиш учун етарли бўлди. Янги мавсумда «Саутҳемптон» кутилмаганда ўзининг комбинацион услубига қайтди: бу Ингз ва Эльюнусси трансфери, майдон марказида Хёйберг ва Леминанинг муваффақиятли ҳаракатлари эвазига бўлди, Хьюз тўпни жамоада сақлашга ва қисқа паслар орқали ўйнашга ҳаракат қилди. Ҳа, жамоа бу ишни ҳар ўйинда муваффақиятли уддалай олмади, аммо «Брайтон» ёки «Кристал Пэлас» каби ўзи билан бир даражадаги жамоаларга қарши ўйинларда «Саутҳемптон» ёмон кўринмади.

Ҳа, «авлиёлар» қаторасига 5 ўйинда гол ура олишмаяпти. «Челси» ва «Ливерпуль» каби кучли жамоалардан 0:3 ҳисобида мағлуб бўлинишини тушуниш мумкин, аммо «Вулверҳэмптон» билан ўйиндаги 0:2 ҳисоби ва «Борнмут» ҳамда «Ньюкасл»га қарши ўйинлардаги голсиз дуранглар жамоа хўжайинларининг сабр косасини тўлдирган. Жамоа яна иккита муваффақиятсиз ўйин ўтказса, Хьюз истеъфога чиқиши мумкин бўлган мураббийлар пойгасида Йоканович ва Моуриньони ҳам ортда қолдириши мумкин.

Шон Дайч, «Бёрнли»

Фото: Nigel Roddis/Getty Images

Кўпчилик учун кутилмаган номзод, жамоа ўтган мавсумда АПЛ турнир жадвалида еттинчи ўринни эгаллаган. Ўшанда «Бёрнли» Европа Лигасига ўтиш ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган, мухлислар Дайч номига пабни номлашганди.

Ўз муваффақиятларига «Бёрнли» Дайчнинг айёрона ҳимоявий услуби орқали эришган: жамоа ўз дарвозаси томон рўпарадан зарба берилишига йўл қўйиб беради, аммо футболчилар шундай жойлашишадики, бурчаклар томон йўлланган тўпни ҳимоячилар тўсишади, дарвоза ўртасига йўлланган зарбага дарвозабон масъул бўлади. Бу эса муваффақиятли қарши ҳужум имкониятини тақдим этади. «Бёрнли» бу услуб эвазига кутилганидан 13та кам гол ўтказган ва якунда 7-ўринни эгаллаган.

Янги мавсумда «Фулҳэм» ўз дарвозаси томон энг кўп зарба ўтказган, «Бёрнли» иккинчи ўринда. Аммо энди Дайчнинг тизими ишламай қолган – шу туфайли жамоа 21 гол ўтказиб улгурди (охиридан 4-ўрин). Бунинг сабаби «Бёрнли» жарима майдони олдида рақиблар ҳужумларни аввалгидан кўра яхшироқ тайёрлашмоқда ва аниқ ҳаракатланишмоқда, бундай сценарийга Дайчнинг йигитлари тайёр эмасди. Ўтган мавсумда «Бёрнли» қарши ҳужумларда даҳшатли кучга айланарди, аммо бу мавсумда уларнинг ўйинини олдиндан ўқишмоқда, тўпга эгалик қилишдан воз кечган Дайч позицион ҳужум уюштиришга мажбур бўлмоқда. «Бёрнли» ҳужумда фақат ўнг қанотда яхшироқ ҳаракатланмоқда. Ҳозирда «Бёрнли»ни хавфли ҳудуддан 3 очко ажратиб турибди, лекин улар ўйин сифати бўйича «Кардифф» ёки «Ҳаддерсфилд»дан яхшироқ кўринишаётгани йўқ.

Дайчга ўтган мавсум учун имконият беришлари мумкин: барибир 7-ўрин «Бёрнли» учун тарихий натижа эди. Дайчга фақат бир нарса панд бериши мумкин… аввалги мавсум: агар хўжайинлар «Бёрнли» бу мавсумда ҳам ўртамиёналар қаторидан жой олиши керак деб ҳисоблашса, мухлислар ёқимтойи бўлган мураббий қишга бормай ишдан ҳайдалиши кутилади.

Мавзуга оид