Ўзбекистон | 11:47 / 14.11.2018
37376
2 дақиқада ўқилади

Санъат Умаров устидан суд жараёни давом этмоқда

Бугун, 14 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг собиқ ходими Санъат Умаров устидан суд жараёни давом эттирилди. Бу ҳақда «Kun.uz»га  Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

«Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш), 2-қисми «а» ва «з» бандларида ҳамда 241-1 моддасида (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Санъат Умаровга нисбатан суд жараёни бўлиб ўтмоқда», дейилади хабарда.

Суд мажлиси 19 октябрь куни бошланганди. Ўтган вақт давомида айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди, судланувчи С. Умаров ва жабрланувчи Н. Тошматованинг кўрсатмалари тингланди. Суд тергови ўтказилиб, унда гувоҳлар сўроқ қилинди.

Суд жараёни давом этмоқда.

1988 йилда Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган, Каттақўрғон шаҳри ИИБ катта тезкор вакили лавозимида ишлаган.

У ва ИИБнинг бошқа ходимлари шу йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида аёл кишини ўғирлик қилганликда айблаб ҳақорат қилгани ва ечинишга мажбурлагани шов-шув бўлганди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 6 июлдаги ажримига муфовиқ Санъат Умаров эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.

Мавзуга оид