Раҳмон ва Исмоилов Тожикистон-Ўзбекистон ҳамкорлигини муҳокама қилдилар
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбеда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов билан учрашди.
Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари, жумладан, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш муҳокама қилинди.
Имомали Раҳмон меҳмонни қутлаб, ушбу ташриф натижалари, учрашувлар ва музокаралар Тожикистон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги шериклик муносабатларини ривожлантиришда муҳим омилга айланишини маълум қилди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмонни Роғун ГЭС биринчи агрегати ишга туширилгани билан табриклади.
«Мен бу улкан объектнинг муваффақиятли ишга туширилганидан қойил қолдим, ушбу воқеа Тожикистон замонавий тарихига муҳрланади, лойиҳани амалга ошириш эса нафақат Тожикистон халқи, балки Марказий Осиё минтақасининг барча аҳолиси учун муҳим. Бу ноёб лойиҳа Сиз, ҳурматли Имомали Раҳмон, Сизнинг қатъийлигингиз ва узоқни кўзлаган сиёсатингиз туфайли амалга ошди», - дея маълум қилди у.
Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар стратегик шерикликнинг янги босқичига чиққани, бунга эришишда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи кучли туртки бергани таъкидланди.
Томонлар парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, жумладан, парламентлараро дўстлик гуруҳини фаоллаштириш ва қонунчилик соҳасида тажриба алмашишдан манфаатдорлигини билдиришди.
Истиқболли савдо-иқтисодий, транспорт-транзит соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш, товар айланмасини ошириш, давлат раҳбарларининг ташрифлари давомида имзоланган муҳим ҳужжатларнинг амалга оширилиши, визасиз режим, назорат-ўтказиш пунктлари, авиақатновларни очиш, темир йўл ва автомобиль йўлларини барпо этиш, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари сифатида эътироф этилди ҳамда Тожикистон ва Ўзбекистон биродар халқларини яқинлаштиришнинг асосий воситаси сифатида баҳоланди.
Хавфсизлик масалалари муҳокамаси чоғида қуйидаги йўналишлар халқлар учун устувор ва манфаатли деб топилди - минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси ҳамда трансмиллий жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши биргаликда курашиш.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди, деб хабар берди Тожикистон президенти матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Имомали Раҳмон Роғун ГЭС шарафига ташкил этилган концертда рақсга тушганди.
Мавзуга оид
17:52 / 04.12.2024
Тожикистон ва Қирғизистон умумий давлат чегарасини делимитация қилишни якунлади
17:13 / 29.11.2024
Тожикистонда болаларни хивчин билан савалаган аёл ушлангани маълум бўлди
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
12:26 / 15.11.2024