Жамият | 19:35 / 25.11.2018
243094
8 дақиқада ўқилади

Гипертония: келиб чиқиш сабаблари, асоратлари, ташхис ва даволаш усуллари

Шифокор кардиолог Камола Ғуломова

Гипертония, яъни қон босимининг ошиши касаллиги, унинг келиб чиқиш сабаблари, ташхис қўйиш, даволаш ҳамда олдини олиш йўллари ҳақида барча ҳам билавермаса керак. «Kun».uz мухбири «Соғлом ҳаёт» дастурининг навбатдаги  сонида олий тоифали шифокор кардиолог Камола Ғуломова билан ушбу мавзуда суҳбатлашди.

Видео: Tasi-IX

Видео: You Tube

Гипертония қандай хасталик?

Гипертония — қон томирларининг нерв-функционал фаолияти бузилиши натижасида келиб чиқадиган касалликдир. Касаллик асосан 40 ёшдан катталарда учрайди, лекин сўнгги йилларда ёшларда ҳам тез-тез кузатилмоқда. Бу дарддан аёллар ҳам, эркаклар ҳам бир хил азият чекишади. Гипертония юрак-қон томир тизими касалликлари билан хасталанган кишиларнинг ўлимига сабаб бўлувчи асосий сабаблардан бири ҳисобланади.

Тадқиқотларга кўра, гипертония сайёрамиздаги ногиронликнинг асосий сабабларидан биридир. Статистик маълумотларга кўра, қон босими ошганда биринчи ёрдам кеч кўрсатилса, беморларнинг аҳволи жуда оғирлашиши, ҳатто ўлим ҳолати кузатилиши мумкин.

Қон босими ошиши белгилари

Гипертониянинг асосий аломати — мия томирларининг спазми ва торайиши туфайли бош оғриғидир. Шунингдек, кўпинча қулоқларда шовқинкўриш ҳолати сусайиши, ҳолсизлик, уйқу бузилиши, бош айланиши, бошда оғирлик ҳисси, юрак уриши тезлашиши намоён бўлади. Бу аломатлар касалликнинг эрта босқичида сезилади. Кейинчалик, юракнинг узоқ вақт давомида зўриқиб ишлаши туфайли юрак етишмовчилиги юзага келади.

Шунингдек, кўплаб беморларда қуйидаги белгилар учрайди:

  • Буруннинг тез-тез қонаши;

  • қайт қилиш;

  • уйқусизлик;

  • хотира бузилиши;

  • ҳар қандай жисмоний фаолликдан сўнг тери юзасининг қизариши;

  • кўздаги кучли босим (бемор атрофга қараганда кўзларда оғриқ пайдо бўлади, шунинг учун улар дам олишни ва кўзларини ёпиқ тутишни афзал кўришади);

  • юракнинг тез уриши;

  • тўқималарда шишлар пайдо бўлиши;

  • чарчоқ.

Гипертониянинг келиб чиқиши сабаблари

Касалликнинг ривожланиш сабаби узоқ вақт давомида стресс ва тушкунлик ҳолатида юриш, тез-тез психологик зўриқишлардир. Кўпинча, буларни доимий эмоционал тарангликни талаб этадиган иш фаолияти келтириб чиқаради. Бундан ташқари, мия чайқалишига учраган беморларда ҳам касаллик ривожланиши хавфи юқори бўлади. Ирсий мойиллик ҳам сабаблар қаторида: агар кишининг авлодида бу касаллик учраган бўлса, унда ҳам ушбу касаллик ривожланиши хавфи бир неча баробарга ортади.

Касаллик ривожланишига таъсир ўтказувчи омиллардан асосийси — камҳаракат турмуш тарзи. Ёш ўтиб боргани сари инсонларда атеросклероз ривожланиши мумкин, бу ўзгариш фонида қон босимининг ошиши эса вазиятни янада жиддийлаштириб юборади. Бу ҳаёт учун ўта хавфли ҳисобланади, чунки торайган қон томирлар орқали мия, юрак, буйракларнинг бир қисмига қоннинг бормай қолиши ёки етарли бормаслиги кузатилади. Агар қон томир деворларида тромб ва холестерин тўпланмалари бўлса, улар кучли босим вақтида ажралиб, капилляр қон томирларида тиқилиб, қон ўтишига тўсқинлик қилиши мумкин. Бу ҳолда миокард инфаркти ёки инсульт юзага келади.

Аёлларда қон босими ошишига сабаб менопауза давридаги гормонал ўзгаришлар бўлиши мумкин. Туз ёки аниқроғи, унда мавжуд натрий, шунингдек, чекиш, алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш, семизлик ҳам юрак-қон томир тизимига босим ўтказади.

Гипертония ривожланишига таъсир этувчи омиллар қуйидагилардан иборат:

  • Ортиқча вазн, метаболик касалликлар, эндокрин касалликлар, кам ҳаракат турмуш тарзи;

  • мунтазам эмоционал стресслар, руҳий тушкунлик, фожиали воқеаларни бошдан ўтказиш, яқин инсонларни йўқотиш;

  • бизнесдаги, ишдаги муаммолар туфайли кучли асабий таранглик;

  • бош мия жароҳатлари (автоҳалокат, йиқилиш, гипотермия);

  • юрак-томир тизимига салбий таъсири бор сурункали касалликлар (қандли диабетподаграревматоид артрит);

  • ирсий мойиллик;

  • вирусли ва юқумли касалликлар (менингит, синусит, гайморит);

  • Қон томирларида ёш билан боғлиқ ўзгаришлар;

  • қонда холестерин миқдорининг юқори бўлиши, натижада қон томир деворларида тўпланмалар ҳосил бўлади;

  • зарарли одатлар (чекиш, алкоголли ичимликлар ичиш, меъёрдан ортиқ қаҳва истеъмол қилиш);

  • кун давомида кўп миқдорда туз истеъмол қилиш;

  • қонда адреналинни ошириш;

  • компьютер қаршисида узоқ вақт ўтириш;

  • очиқ ҳавода кам юриш ва ҳоказо.

Гипертонияни ташхислаш

Беморга аниқ ташхис қўйиш учун шифокор бир нечта лаборатория таҳлиллари ва аппарат текширувлари ўтказиши керак бўлади. Ташхиснинг мақсади касалликнинг босқичи ва гипертония даражасини аниқлаш ҳисобланади. Ушбу маълумотлар билан шифокор самарали даволаш усулини танлаш имкониятига эга бўлади. Касалликнинг дастлабки босқичлари яширин кечгани боис кўпчилик беморлар шифокор ҳузурига кеч келишади. Касалликни бутунлай даволаш жуда мушкул ҳисобланади, шунинг учун беморлар сабр-тоқатга эга бўлишлари керак, зеро касаллик уларга қолган умрлари давомида ҳамроҳлик қилиши мумкин. Шунинг учун касалликни ўз вақтида олдини олиш, шубҳали белгилар пайдо бўлса, шифокор кўригидан ўтиш зарур.

Уй шароитида ҳар бир инсон ўз қон босимини мунтазам ўлчаб туриши керак, энг оптимал кўрсаткич 120/80 мм сим.уст (қуйида бирлик деб келтирилади), ёши катталар учун 130/90. Атроф-муҳит таъсири ёки жисмоний фаоллик натижасида босим 5-10 бирликка ортиши мумкин. Қуйи ва юқори босим ўртасидаги жуда катта фарқ ҳам ҳавотир учун белги бўлади — одатда бу кўрсаткич 50 бирликдан ошмаслиги керак. Агар қон босимининг тез-тез ўзгариши кузатилса, шифокор билан учрашиш тавсия этилади.

Қон босими кўтарилишини даволаш

Даволаш пайтида беморлар ҳар қандай стресс ёки ҳиссий зўриқишдан йироқ бўлгани маъқул. Беморлар очиқ ҳавода: ҳовуз атрофида, боғда, ўрмонда сайр қилишлари тавсия этилади. Тўғри овқатланиш гипертонияни муваффақиятли даволашда муҳим ҳисобланади.

Гипертония босқичлари ва олдини олиш йўллари

Замонавий тиббиёт артериал гипертониянинг 3 босқичини фарқлайди:

  • 1 босқич — Қон босими 140-159 / 90-99 мм сим.уст оралиғида бўлади. Қон босими вақти-вақти билан меъёрга келиши ва яна кўтарилиши мумкин;

  • 2-босқич — Қон босими 160-179 / 100-109 мм сим.уст оралиғида. Артериал қон босими тез-тез кўтарилиб туради ва кам ҳолларда меъёрга тушади.

  • 3 босқич — босим 180/110 мм сим.уст. дан юқори кўтарилади. Босим доимий равишда юқори бўлади ва унинг пасайиши юрак касалликлари туфайли юзага келади.

Овқатланиш тартиби

Аввало, кундалик овқатланиш режимидан «ёмон» холестерин ва кўп миқдорда туз сақлаган маҳсулотларни чиқариб ташлаш керак. Уларга:

  • ёғли гўшт;

  • чарви;

  • қовурилган овқатлар;

  • дудланган маҳсулотлар;

  • тузламалар киради.

Бундан ташқари, тандирдан узилган янги нон ўрнига бир-икки кун турган нонни истеъмол қилиш фойдалидир. Кундалик рационга сервитамин, минералларга бой ва касалликка қарши курашишга ёрдам берувчи маҳсулотлардан кўпроқ киритиш керак.

Мавзуга оид