Спорт | 20:06 / 25.11.2018
6418
2 дақиқада ўқилади

Хорватия терма жамоаси иккинчи маротаба Дэвис Кубогида ғолиб чиқди

Теннис бўйича эркаклар терма жамоалари ўртасидаги энг нуфузли турнир – Дэвис Кубогида 2018 йилги мавсум якунига етди.

Финал баҳслари 23-25 ноябрь кунлари Хорватия ҳамда Франция терма жамоалари ўртасида кечди. Унда 3:1 ҳисобида хорватларнинг қўли баланд келди. Бугун Лилль шаҳрида бўлиб ўтган тўртинчи баҳсда хорватиялик Марин Чилич мезбонлар вакили Люка Пуини 7:6 (7:3), 6:3, 6:3 ҳисобларида мағлуб этди.

Хорватия термаси юз йилдан ошиқроқ тарихга эга мусобақада иккинчи маротаба бош соврин соҳибига айланди. Бунга қадар ушбу мамлакат теннисчилари 2005 йилда ғолиб чиқишган, 2016 йилги финалда Аргентинага ютқазишган (2-3) эди.

Франция терма жамоаси эса Дэвис Кубогида жами 10 маротаба ғолиб чиққан бўлиб, бу борада АҚШ (32) ва Австралиядан (28) кейинги ўринда, Буюк Британия (10) билан бир поғонада туради. Французлар 8 маротаба финалда имкониятни бой беришган. Ушбу жамоа ўтган йилги мусобақада ғолиб чиққан эди.

Қайд этиш жоиз, 2018 йилги турнир ушбу форматдаги сўнгги мусобақа бўлиб қолади. Кейинги йилдан бошлаб кубок ташкилий жиҳатдан катта ўзгаришларга юз тутади.

Мавзуга оид