Ўзбекистон | 12:53 / 27.11.2018
7313
11 дақиқада ўқилади

O‘zLiDeP’нинг ўтган 15 йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди

Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг XI йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партиянинг ўтган даврдаги фаолияти сарҳисоби, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. 

Фото: O‘zLiDeP

O‘zLiDeP матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишни партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов очиб берди ва партиянинг ўтган 15 йиллик фаолияти, айниқса кейинги икки йилда амалга оширган ишларига атрофлича тўхталиб ўтди. 

Таъкидланганидек, давлат раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси – бу жамиятни янгилаш ва модернизация қилишнинг узоқ муддатли дастури, тизимли ва изчил либерал ислоҳотлар, мамлакатнинг мутлақо янги қиёфасини шакллантириш ва унинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг “Йўл харитаси”дир. O‘zLiDeP эса уни амалга ошириш, ижтимоий тараққиётнинг жадаллиги ва барқарорлигини таъминлаш, мамлакатимиз ҳозирги ва келгуси авлодлари унинг самараларидан баҳраманд бўлиши учун сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олган сиёсий кучдир. 

Фото: O‘zLiDeP

Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида мутлақо янги саҳифани очиб берган сўнгги икки йилда амалга оширилган ислоҳотлар шиддати O‘zLiDePдан ҳам замон билан ҳамнафас бўлиш, фаолиятини тубдан такомиллаштиришни талаб этди, партия зиммасига тамомила янги вазифаларни юклаб, халқчил фаолият йўналишларини белгилаб берди. 

Ўтган давр мобайнида партия ҳамда унинг фракцияси ушбу муҳим ҳужжатнинг барча йўналишида кўзланган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этди. Жумладан, O‘zLiDeP фракцияси томонидан 28 та қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Улар суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, парламент назоратининг қонуний асосларини такомиллаштириш, қонунлар, давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлашда парламентнинг ролини кучайтириш, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини юксалтириш, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериш, давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг очиқлигини таъминлаш каби муҳим масалаларнинг самарали ҳал этилишига қаратилган.

Фото: O‘zLiDeP

Партия фаолиятини янги сифат даражасига олиб чиқишда ўтган йил 12 июлда Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаларида илгари сурилган фикрлар алоҳида ўрин эгаллади. Ушбу маърузада йўл қўйган камчиликлар рўй-рост ва холисона таҳлил этилди, унинг асосида партия зиммасида турган муҳим вазифалар аниқлаб олинди. 

Хусусан, президент томонидан белгилаб берилган муҳим вазифалардан бири – O‘zLiDeP томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб боришдан иборат эди. 

Бу борада партия томонидан ҳар учала ташкилот билан ҳамкорлик битимлари имзоланди. Шу асосда уларнинг марказий, ҳудудий ва туман (шаҳар) тузилмалари фаолияти юзасидан ҳисоботлар тингланяпти, жойлардаги муаммолар ҳамкорликда ҳал этилмоқда.

Фото: O‘zLiDeP

Жумладан, Депутатлик назоратини ўрнатиш юзасидан партия томонидан ишлаб чиқилган режага мувофиқ, O‘zLiDeP ҳудудий Кенгашлари томонидан жорий йилнинг шу даврига қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирилиги ҳудудий бошқармаларининг 344 маротаба, Молия вазирлиги ҳудудий бўлимларининг 522 марта Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳудудий бўлимлари раҳбарларининг эса 86 маротаба эшитувлар ташкил этилган.

Партия диққат марказидаги яна бир муҳим масала – партияларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор дастурларни тайёрлашда жойлардаги партия гуруҳларининг иштирокини кенгайтириш, уларнинг ижросини депутатлик назоратига олиш, депутатлар томонидан сайловчиларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш билан боғлиқ. Ана шу мақсадда ҳисобот даврида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги 2295 нафар депутати 10 946 та депутатлик сўрови юборишди. Сўровларнинг 1324 таси Халқ депутатлари вилоят, 9622 таси эса туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларидан юборилган. ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳлари томонидан Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларига жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 668 та таклиф киритилиб, уларнинг 349 таси юзасидан Кенгаш қарорлари қабул қилинган.

Тараққиётнинг янги даврида халқ билан мулоқот қилиш ҳар бир идора ва ташкилотнинг устувор вазифасига айланди. Шу боис жорий йилнинг август-сентябрь ойларида халқ билан очиқ мулоқот қилиш ва аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан ишчи гуруҳлар тузилган эди. Ишчи гуруҳлар жойларда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби ўта муҳим дастурлар ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борди. 

Фото: O‘zLiDeP

Бундан кўзланган асосий мақсад нафақат аҳолини мурожаатларига партиявий воситалар орқали ечим топиш, балки жойларда тадбиркорлар ва фермерлар муаммоларини бевосита ўрганишдан иборат бўлди. Хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг касаначилик, томорқа, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, боғдорчилик йўналишларида микробизнесни йўлга қўйиш ва уни юритишдаги муаммолар билан бир қаторда Президентимиз томонидан жуда жиддий эътибор қаратилаётган ҳудудлардаги инвестиция йўналишида маҳаллий тадбиркор ва фермерлар олдида турган муаммолар, сунъий тўсиқ ва ғовлар жойида ўрганилди. 

Мулоқотлар натижасида 650га яқин фуқарога ўз томорқасида тадбиркорлик қилиш учун, 1000 нафардан зиёд тадбиркорга эса фаолиятини кенгайтириш учун кредитлар олиб беришда кўмаклашилди. Жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар ҳам партия электорати манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва аҳоли муаммоларини бартараф этишга хизмат қиляпти. Ҳисобот даврида партия масъул ходимлари, фаоллар, маҳаллий Кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари, маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари ва тегишли мутасадди ташкилотларни жалб этган ҳолда 228 маротаба сайёр қабул ташкил этилиб, уларда 10 мингдан ортиқ аҳоли иштирок этди.

Охирги икки йил давомида O‘zLiDeP давлат ва жамоат ташкилотлари, партия ва депутатлик корпуси сафини мамлакатни модернизация қилиш ва замонавий эркин жамиятни барпо этиш билан боғлиқ энг мураккаб вазифаларни ҳал эта оладиган янги авлод кадрлари билан кучайтириш, шунингдек, партия электорати муаммоларини ҳал этиш, аҳоли ҳаётига реал таъсир қилувчи иш фаолиятида бошланғич партия ташкилотлари иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бошланғич партия ташкилотлари фаолияти замон талабларидан келиб чиқиб қайтадан ташкиллаштирилди. Ҳисобот даврида қарийб 500 та янги қуйи тузилма фаолият бошлади. O‘zLiDeP аъзолари сони эса 160 минг нафардан зиёдроққа ортиб ярим миллиондан кўпроқ тарафдорга эга катта сиёсий кучга айланди. 

O‘zLiDePнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси ҳам ана шу вазифаларнинг рўёбига хизмат қилмоқда. Ҳисобот даврида лойиҳа доирасида 21 та олий таълим муассасасида партия фаолиятига оид 49 та тақдимот ўтказилди. 658 нафар талаба O‘zLiDeP кадрлар захирасига олиниб, уларнинг 37 нафари ҳудудий партия ташкилотларида амалиёт ўтамоқда.

Шунингдек, йиғилишда партиянинг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” томонидан ҳам амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, ёшлар, хотин-қизлар масалаларига қаратилган ишларини янада такомиллаштириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Фото: O‘zLiDeP

Йиғилишда таъкидланганидек, охирги 2 йил мобайнида партиянинг халқаро муносабатлари ҳам изчиллик касб этмоқда. O‘zLiDeP делегацияси шу йил август ойида Анқара шаҳрида бўлиб ўтган “Адолат ва тараққиёт” партиясининг VI бутун Туркия съездида иштирок этган бўлса, 6 сентябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасида ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси ва Венециан комиссия вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бундан ташқари, партиямиз вакиллари 24-27 октябрь кунлари Осиё-Тинч океани минтақасидаги 53 мамлакатнинг 360 дан зиёд парламент партияларини бирлаштирган Осиё сиёсий партиялари Халқаро конференцияси (ICAAP) Бош Ассамблеясининг Москвада бўлиб ўтган 10-йиғилишида ҳам қатнашди. 

Партиянинг халқаро йўналишдаги фаолияти мазмунан бойиб, тобора амалий аҳамият касб этиб бормоқда. Хусусан, O‘zLiDeP шафелигида ўтказилган бир қатор видеконференцияларда тадбиркорлар ва фермерлар маҳсулотининг потенциал харидори бўлмиш россиялик йирик савдо тармоқлари вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот уюштирилиб, улар ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига ёрдам кўрсатилди. Бугунгача озиқ–овқат маҳсулотларини ишлаб чиқиш, сақлаш ва экспорт қилиш, енгил саноат ва тайёр кийим-кечак маҳсулотларини экспорт қилишга бағишланган видеоконференциялар ташкил этилди. 

Фото: O‘zLiDeP

Йиғилишда партия томонидан эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳам муҳокама қилиниб, бу борада тегишли вазифалар белгилаб берилди. 

Партия ва унинг қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида тадбиркорлар кутаётган, қолаверса халқ кутаётган, бугунги ислоҳотлар талабларига жавоб берадиган қонун ташаббускорлиги фаолиятини янада жонлантириш, жойларда тадбиркорлик ва фермерликнинг ривожига тўсиқ бўлаётган омилларни ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, хусусан, қишлоқ ҳудудларида одамларнинг ерга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш борасидаги ишларни янги поғонага олиб чиқишда ҳам O‘zLiDeP ўзининг етакчи сиёсий куч эканлигини кўрсатиши зарурлиги борасида аниқ кўрсатмалар берилди. 

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин тайёргарлик кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилиш давомида “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси – 15 йил халқ хизматида!” деб номланган китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Шунингдек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан узоқ йиллардан буён партияда фаолият юритаётган фахрийлар, партия фаоллари O'zLiDePнинг ташаккурномалари билан тақдирланишди.

Мавзуга оид