Ўзбекистон | 22:02 / 29.11.2018
27999
2 дақиқада ўқилади

Jizzakh Petroleum​ лойиҳаси нега сустлашган?

«Ўзбекнефтегаз» акциядорлик компанияси иштирокида таъсис этилган Jizzakh Petroleum​ қўшма корхонаси лойиҳаси хомашё танқислиги туфайли охирига етказилмаслиги мумкин. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Жорий йилнинг апрели ойи охирларида Жиззах вилоятида қиймати 2,2 млрд доллар бўлган янги нефтни қайта ишловчи мажмуа қурилиши бошланганди. Қурилиш ишлари 2021 йилга қадар тугатиш режалаштирилган. Аммо, нефтни қайта ишлаш заводи тўлиқ қувватда ишлаши учун хомашё импорт қилиниши, хусусан Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари билан музокаралар давом этаётгани билдирилганди.

«Ҳозирги кунгача ҳукуматлараро келишув имзоланмади. Шу сабабли, лойиҳанинг фаолияти секинлашиб қолган. Аниқ келишувлар бўлмагани учун, хомашё етказиб беришда муаммо бор», - дейди «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раисининг ўринбосари Одил Темиров.

Заводни Jizzakh Petroleum​ ҳамда Gas Project Development Central Asia (Gazprom International’​нинг тузилмаси, 40 фоиз) бошқаради. «Газпромбанк» гуруҳи томонидан назорат қилинувчи Enter Engineering​ компанияси бош пудратчи бўлади.

Айни пайтда «Ўзбекнефтгаз» АЖда Ўзбекистонда Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш ҳақида ўйламоқда. Мутасаддиларга кўра, компания нефть-газ соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқяпти.

«​Унда асосий эътибор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан табиий газни чуқур қайта ишлаш, иккита нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва «Ўзбекистон-Хитой» газ қувурининг 4-линиясини қуришга қаратилади»​, - дейилган хабарда.

Мавзуга оид