Эксперт: Ўзбекистонда АЭС қуриш жиддий ва сиёсий масала
2017-2018 йилларда «Ўзбекистоннинг муқобил энергия манбаларининг истиқболлари» лойиҳаси раҳбари, Германиянинг «Қуёш энергияси ассоциацияси» аъзоси ва «Александер Гумбольдт» жамғармаси вакили, Карлсруэ Технология институтида «ThinkTank» лойиҳаси раҳбари, «Буюк келажак» эксперт кенгаши аъзоси Равшан Хўжанов АЭС мавзусини Германия мисолида таҳлил қилди.
Барчамизга маълумки, ҳукуматимиз Россиянинг «Росатом» корпорацияси билан мамлакат ҳудудида 2та блокдан ташкил топган АЭС қуриш бўйича келишув имзолади. Бизга ҳали бу келишувнинг шартлари аниқ эмас. Шунинг учун, салбий ёки ижобий баҳо беришга эрта.
Лекин айтиш керакки, Ўзбекистонда АЭС қуриш жиддий ва сиёсий масала. Уни атрофлича ўрганиш ва таҳлил қилиш керак. Мутахассис сифатидаги вазифамиз, ватанимизда жорий этилаётган ҳар қандай лойиҳага холис баҳо бериш ва ўз ҳиссамизни қўшишдир.
Келинг, барча энергия манбаларини қисқача фактлар асосида таҳлил қилсак. Далиллар ва қарама-қаршиликларни кўриб чиқамиз ва охирида танловни ҳар ким ўзи учун беришига имкон яратамиз.
Жуда кўп учрайдиган далиллар...
АЭС фойдасига – бу энг арзон электр энергия манбаи;
АЭСга қарши – қиммат ва хавфсиз эмас, катта хавф-хатар эҳтимоллик даражаси мавжуд;
Муқобил энергия фойдасига – бу нисбатан энг арзон ва экологик тоза электр энергия манбаи;
Муқобил энергияга қарши – саноат корхоналарини етарли ҳажмда электр энергия билан таъминлай олмайдиган қиммат энергия манбаи.
Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси бошқармаси энергия ва иқлим ўзгариш бошқармаси ҳисоб-китобларига мувофиқ, турли электр энергия манбаларининг харажатларини мунтазам баҳолаб боради. 2015 йилда бошланган янги авлод лойиҳалари учун юқори даражадаги башоратлар қуйидаги жадвалда келтирилган.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Германия ҳукумати атом энергетикаси улушини камайтириш ва ноанъанавий электр энергия даражасини ошириш учун жуда катта куч ташлаган. Ўтган асрнинг 90-йилларда Германия Европа давлатлари ичида энг қиммат электр энергияга эга эди. Аммо кейинги йилларда нарх 30-35 фоизгача тушди. Электр энергия нархи жуда юқори бўлишига сабаб - кўплаб махсус солиқларнинг натижасидир, масалан, маҳаллий кўмир саноатини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган стратегиялардан бири эди.
Шу билан бирга, ГФРнинг ёқилғи-энергетика мажмуаси анъанавий ресурсларга боғлиқлигига қарамасдан, кўпчилик германияликлар қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланишни афзал кўришади. Германияликлар тинч атомни ривожлантириш бўйича мавжуд дастурлардан воз кечишга тайёр. Боз устига, Германия аҳолисининг 33 фоизигина атом энергетикасини ёқлаб чиқмоқда. Германия фуқаролик жамиятининг бундай фаоллигининг сабаби, мамлакат учун АЭСдан фойдаланиш фойдадан кўра кўпроқ катта хавф-хатар ва ёмон оқибатларга олиб келади деган якдил фикрга эга эканлигидадир.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, 1986 йилдаги Чернобил АЭСидаги ҳалокат германияликлар ўз қарашларини қайта кўриб чиқиши ва ядровий технологияларни қўллашда танқидий нуқтаи назар шаклланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатди.
Атом энергиясининг ривожланишига қаршилар қуйидаги сабабларни рўкач қиладилар: бутун дунёда юқори даражадаги радиоактив чиқиндиларни ишончли сақлаш ва йўқотишнинг ҳал қилинмагани; ядровий чиқиндиларни утилизация қилиш, АЭСларни ёпиш ва уни эксплуатация даражасида ушлаб туришнинг иқтисодий бесамарлиги; уран захиралари чеклангани ва ядро ёқилғиси нархлари ошаётгани; қиммат АЭСларни узоқ муддатли эксплуатация қилиниш эҳтиёжи электр энергияни ишлаб чиқариш тизимини узоқ муддат сақлаб қолишга олиб келади.
Шундай қилиб, бугунги кунда Германияда қайта тикланувчан энергия манбалари анъанавий энергияга, шу жумладан, тинч атомлардан фойдаланишга муқобил тарзда хизмат қилади, бу мақсад Европа иттифоқи стратегиясида ҳам, Германия энергетика концепциясида ҳам белгилаб қўйилган.
Бироқ, далиллар шуни кўрсатиб турибдики, қисқа вақт ичида, ҳатто Германияда ҳам атом объектларини қуйидаги объектив вазиятларда алмаштириш имконсиздир: ҳозирги кунда энергия манбаларидан олинган энергиянинг ҳозирги асосий қиймати анъанавий манбалар томонидан ишлаб чиқарилган энергия нархларидан сезиларли даражада ошади; муқобил энергия манбалар орқали ишлаб чиқариш барқарор эмас, яъни қайта тикланувчан энергия манбалари об-ҳаво ўзгаришларига, шамол, қуёш ва сувнинг мавжудлигига боғлиқ; АЭС ва ҚТЭМларнинг эквивалент (тенг) бўлмаган энергия ишлаб чиқариши. Мисол учун, шамол тегирмонларининг қувватини ишлатиш соатлари ядро ёқилғисини ишлатиш соатларидан анча паст.
Шу билан бирга, АЭСлар Германиянинг муқобил энергия манбаларига ўтишида «кўприк» сифатида хизмат қилиши учун зарур восита ва келажакда Европа мамлакатлари АЭСлардан фойдаланишдан воз кечади. Бизга АЭСни таклиф қилаётган Россия учун ҳам Европа иттифоқида етакчи мамлакат бўлган Германия тажрибасини ўрганиш жудаям фойдали бўлади.
Ўзбекистонда атом электр станцияларни қуриш учун ечилиши керак бўлган баъзи масалалар бор. Масалан, АЭСни ишга тушириш 10 йилдан кейинга режалаштирилган, аммо бу пулга муқобил таклиф қилиш ва қуёш панеллари ёки шамол тегирмонларини қуриш мумкин. Юқорида айтиб ўтганимдек, Чернобил ва Фукусима ҳалокатларини унутмаслик керак. Шуни ҳисобга олиш керакки, манаман деган Япония давлати ҳам бу муаммони мустақил бартараф эта олмади. Атом энергетикаси соҳасида малакали мутахассисларимиз йўқлигини унутмаслик керак, бори ҳам кам сонли назариётчилар ва 10 МВтгача бўлган АЭС мутахассисларидир.
АЭСдан фойдаланишда мисол тариқасида Европани келтиришади, яъни Франция электр энергиясининг 75 фоизини АЭСдан олади. Аммо уларда АЭС бўйича 30-50 йиллик тажриба ва малака бор, ҳозирги ҳолатимизни уларники билан солиштириш унчалик ҳам тўғри эмас.
Шунингдек, уларни қуриш жуда қиммат ва ядро чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш текинга эмаслигини ҳам унутмаслигимиз керак. Буларнинг барчаси халқ зиммасига тушади.
Бундан ташқари, 2035 йилда атом электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергия улуши 50 фоизни ташкил этилиши кўзда тутилган. Мамлакатимиз миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, бу кўп эмас. Ҳозирда Европанинг барча давлатлари АЭСдан босқичма-босқич воз кечишмоқда, АЭС улар учун 20-50 йил муқаддам долзарб эди.
Ўн йил ичида малакали кадрларни амалий тажрибасиз етиштириш амримаҳол. Бунинг учун атом энергетикаси бўйича мутахассисларни Ўзбекистондан АЭСларни эксплуатация қилиш борасида катта тажрибага эга бўлган мамлакатларга шартнома асосида ишга жўнатиш керак, чунончи, Германия, Франция ва Чехия шулар жумласидандир. Ёки уларни МАГАТЭ йўналишида ўқитиш керак. Аммо 10 йил ичида ҳамма нарса ўзгариши мумкин. Масалан, Самарқанд қуёш станцияси қурилиши ҳам тўхтатилди...
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.
Мавзуга оид
18:22 / 22.12.2024
Японияда АЭСлар яқинига радиоактив зарралардан ҳимоя қилувчи палаткалар жойлаштирилади
22:47 / 07.12.2024
Японияда «Симанэ» АЭСининг иккинчи реактори қайта ишга туширилди
18:51 / 04.12.2024
Шавкат Мирзиёев АЭХА бош директори билан учрашди
17:46 / 30.11.2024