Ўзбекистон | 14:40 / 30.11.2018
5129
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Беларусь атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилмоқда

Беларусь Республикасининг атом энергетикаси соҳасидаги тажрибаси билан танишиш мақсадида мамлакатда шу йилнинг 28-30 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикасининг «Ўзатом» агентлиги Бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегацияси ташрифи бўлиб ўтмоқда.    

«Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати хабар қилишича, ташриф давомида 29 ноябрь куни Беларусь Республикаси Энергетика вазирлигида делегация аъзоларининг вазир ўринбосари Михаил Михадюк билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Беларусь Республикасининг атом электростанциясини қуриш соҳасидаги тажрибасига оид қатор масалалар муҳокама қилинди. 

Белорусь томони «Ўзатом» агентлиги ва «Enter Engineering Pte Ltd.» пудратчи ташкилот вакилларини станцияни қуриш, миллий ядровий энергетик дастурни илмий асослаш, қурилишда тизим таркибига кирувчи вазирликлар иштироки ва бошқа масалалар бўйича тўпланган тажриба билан таништирди.

Учрашув доирасида Беларусь Республикаси Энергетика вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ўртасида Ўзаро англашув меморандумининг имзоланган нухсалари алмашилди. 

Сафар давомида Ўзбекистон делегациясининг «Белнипиэнергопром» РУП раҳбарияти билан музокаралари бўлиб ўтди. Унда Беларусь АЭС қурилишига инвестиция киритиш бўйича асослашни тайёрлаш, атом электростанциясини қуришга мўлжалланган рақобат майдончаларни баҳолаш ва устувор майдончани, шунингдек АЭСнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича материалларни танлаш бўйича тажриба ўрганиб чиқилди.

Шуниндек, ташриф дастуридан атом электростанцияси майдончасини бориб кўриш ва «Белорусская АЭС» давлат корхонаси раҳбарияти билан танишув ҳам ўрин олган.

Мавзуга оид