Жаҳон | 16:22 / 02.12.2018
13900
2 дақиқада ўқилади

Трамп ва Си Цзиньпин ўзаро келишиб олди

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой раҳбари Си Цзинпин билан Буэнос-Айресда бўлиб ўтган учрашувдан кейин Хитойга нисбатан қўшимча тарифларни жорий қилмасликка қарор қилди. “Улар камида 90 кун мобайнида янги тарифларни жорий қилмасликка қарор қилишди”, деб хабар беради  Reuters агентлиги Оқ уй матбуот хизматига таяниб.  

Дастлаб АҚШ 1 январдан умумий ҳажми 200 млрд доллар бўлган Хитой товарларига 25 фоизлик тариф жорий қилиши кўзда тутилаётган эди. Бироқ Трамп қарорини ўзгартирди. “Синхуа” ахборот агентлигининг хабар беришича, Хитой ва АҚШ раҳбарлари барча қўшимча тарифларни бекор қилиш бўйича музокараларни тезлатишга келишиб олишди.  

“Хитой ва АҚШ барча амалдаги тарифларни бекор қилишга қаратилган музокараларни тезлатади”, – деб хабар беради ахборот агентлиги ташқи ишлар вазирлигига таяниб. 

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И АҚШ ва Хитой раҳбарлари “қулай пайт келганда” ўзаро ташрифга келишиб олишганини айтган. “Раис Си Цзинпин ва АҚШ президенти Дональд Трамп қулай пайт келганда ташриф алмашишга келишиб олишди”, – деди Ван И учрашув якунларига тўхталиб.   

Трамп ва Си Цзинпин “икки давлат албатта муносабатларини яхшилаб олиши”га келишиб олишди.

Мавзуга оид