Жаҳон | 20:53 / 06.12.2018
6226
3 дақиқада ўқилади

Блумберг президент сайловларида иштирок этса Bloomberg’ни сотиб юбормоқчи

Фото: Carlos Jasso / Reuters

Нью-Йоркнинг собиқ мэри ва медиамагнат Майкл Блумберг АҚШ президенти лавозимига сайловларда иштирок этадиган бўлса, ўзининг бизнеси – Bloomberg ахборот-таҳлилий агентлигини сотиб юборишга тайёрлигини маълум қилди.   

Блумбергнинг таъкидлашича, агар у сайловларда иштирок этишга қарор қилса, Bloomberg’ни трастга топширади ёки сотиб юборади. Медиамагнатнинг айтишича, унинг кекса ёши (76 ёш) ҳисобга олинса, у исталган вазиятда бизнесини сотишга қарши эмас. “Ўйлайманки, менинг ёшимда сотиш имкони бўлса, буни қилган бўлардим. Қандайдир онда барчамиз боқий дунёга кетамиз, шу сабабли буни унгача амалга ошириш яхшироқ бўларди”, деб айтган миллиардер.

Блумберг сайловларда иштирок этгудек бўлса, Демократик партия номидан номзодини илгари суришини таъкидлаб ўтган. “Биринчидан, мен бутун ҳаётим давомида демократ бўлганман ва ўйлайманки, менда узоқ вақт давомида айнан бир хил қадриятлар сақланган”, деб айтган медиамагнат.

Блумберг ўз компаниясига 1981 йилда асос солган, ҳозир унга компаниянинг 88 фоиз акцияси тегишли. Forbes талқинига кўра, Блумбергнинг бойлиги 46,2 млрд долларни ташкил қилади (дунёнинг энг бадавлат одамлари рўйхатида 10-ўрин). Forbes’нинг маълум қилишича, миллиардер ўқотар қуролни назорат қилиш, иқлим ўзгариши билан курашиш ва бошқа мақсадларга 5 млрд доллар хайрия қилган.

2002 йил январидан 2013 йил 31 декабригача  Нью-Йорк мэри бўлган. Блумберг 2001 йилда мэр лавозимига сайловлардаги иштирокигача демократ бўлган, бироқ сайловларда Республикачилар партияси номзоди сифатида иштирок этиш учун партияни тарк этган. У 2007 йилгача республикачи бўлиб қолган. 2018 йил октябрда у яна Демократик партияга аъзо бўлган.

Медиамагнат 2016 йилдаги АҚШ президенти сайловларида ҳам мустақил номзод сифатида иштирок этишни режалаштирган, бироқ номзодини илгари сурмаган.

Блумберг кейинги сайловларда иштирок этиш бўйича якуний қарорни 2019 йил бошида қабул қилишга ваъда берди. АҚШ президенти лавозими учун кейинги сайловлар 2020 йил 3 ноябрига белгиланган.  

Мавзуга оид