Фан-техника | 01:01 / 11.12.2018
9303
2 дақиқада ўқилади

Хитойда iPhone’нинг бир қатор моделларини сотиш тақиқланди

Фото: www.apple.com

Хитойнинг Фучжоу шаҳри суди АҚШнинг Apple Inc. компаниясини Qualcomm Inc. компаниясининг иккита патентини бузган деб топиб, Хитойда iPhone’нинг бир қатор моделларини сотишни тақиқлади. 

Суд ҳукмига кўра, Apple компанияси Qualcomm’нинг иккита – суратларни таҳрирлаш ва сенсор экран ёрдамида дастурларни бошқаришга тааллуқли патентларини бузган. 

Суд Хитойда iPhone 6S, 6S Plus, 7, 7 Plus, 8, 8 Plus ва iPhone X моделларини сотишни тақиқлаган. Суд қарори яқинда чиққан XS, XS Max ва XR моделларига тааллуқли бўлмайди, чунки Qualcomm даъво аризасини берганда ҳали улар чиқарилмаган бўлган.

The Wall Street Journal нашрининг таъкидлашича, Apple Хитойда 6s, 6S Plus ва X моделларини расман сотмайди. Аммо iPhone 7, 7 Plus, 8 ва 8 Plus смартфонлари Apple’нинг Хитойдаги расмий интернет-дўконида сотилмоқда. 

Хитой дунёдаги энг йирик смартфон бозори ва Apple учун муҳим бозор ҳисобланади. Бундан ташқари, Хитойда iPhone смартфонларини йиғувчи кўплаб компаниялар жойлашган, бундай қурилмалар улушига Apple тушумининг 75 фоизи тўғри келади.

Apple бунга жавобан Qualcomm’нинг ҳаракатларини ноқонуний деб айтган ва iPhone’нинг барча моделлари Хитойда сотувда қолишига ваъда берган. Компаниянинг таъкидлашича, юқорида сотилиши тақиқланган барча моделлар кўрилаётган патентлар остига тушмайдиган iOS 12 операцион тизимида ишлайди. Шу сабабли АҚШ компанияси суд қарори устидан шикоят қилмоқчи.

Хитойда айфонлар савдоси тақиқланиши ҳақидаги хабардан кейин Apple’нинг акциялари 2 фоизга арзонлашган, Qualcomm’ники эса, аксинча, 2,9 фоизга қимматлашган.

Мавзуга оид