Жаҳон | 19:40 / 11.12.2018
13629
2 дақиқада ўқилади

Time журнали бир неча журналистни «Йил одами» сифатида эълон қилди

АҚШнинг Time нашри таҳририяти бир гуруҳ журналистлар, жумладан Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигида ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчига ҳамда Capital Gazette нашри офисидаги отишмада ҳалок бўлганларга 2018 йилнинг «Йил одами» унвонини берди.

Қошиқчидан ташқари, Reuters ахборот агентлигининг Мьянмада давлат сири ҳақидаги қонунни бузганлик учун 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган журналистлари Ва Лоне ва Кьяу Со Оо, Филиппиннинг мухолиф сайти Rappler муҳаррири Мария Ресса ҳамда АҚШнинг The Capital Gazette нашрининг отишмада ҳалок бўлган ходимлари журнал томонидан «Йил одами» сифатида эътироф этилди.

Журнал «Йил одами» унвонини илк бор вафот этган кишиларга берди.

«Йил одами» унвонини олишга асосий даъвогарлар орасида Россия, АҚШ ва Жанубий Корея президентлари Владимир Путин, Дональд Трамп ва Мун Жэ Ин, Россиянинг АҚШдаги сайловларга аралашувини тергов қилаётган махсус прокурор Роберт Мюллер ва яна бошқалар бор эди.

28 июнда АҚШнинг Аннаполис шаҳрида (Мэриленд штати) мамлакатда узоқ йиллардан бери чоп этилувчи газеталардан бири Capital Gazette бош офиси ҳудудида отишма содир этилиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлганди, яна бир неча киши жароҳат олганди.

Жамол Қошиқчи 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигида ўлдирилганди.

2017 йилда Time журнали жинсий тегажоғликлар ҳақида биринчи бўлиб сўзлаган аёлларни (Silence Breakers) “йил одами” сифатида эътироф этганди.

Мавзуга оид