Жаҳон | 22:46 / 13.12.2018
38938
2 дақиқада ўқилади

Миср мўъжизаси: 200 гектар саҳрода дарахтлар қандай ўстирилди?

Саҳроларнинг ёйилиши — Африка учун жиддий муаммо. Ўрмонлар эса бу жараённи тўхтатишнинг энг яхши усули саналади. Бироқ ёғингарчилик, табиий сув манбалари бўлмаган жойда дарахтлар қандай пайдо бўлади? Олимлар бунга жуда яхши ечим ўйлаб топишган. Унинг самарали эканига Миср саҳросида жойлашган Serapium ўрмони энг яхши исбот саналади. Бу ерда 1990-йилларда 200 гектардан ортиқ майдонда турли дарахтлар пайдо бўлди. Мазкур бетакрор ўрмон ҳали ҳам гуллаб-яшнамоқда.

Serapium — ҳақиқатан ҳам инновацион лойиҳа бўлиб, у мисрлик ва немис олимлари ҳамкорлигининг натижаси. Лойиҳа ёмғир ва сув захираларидан умид қилмай, суғориш учун мослаштирилган оқава сувлар тизимидан фойдаланиш имконини беради. У нафақат намлик, балки зарурий озуқавий моддалар (улар ўсимликлар ўсишига ёрдам беради) билан ҳам таъминлайди.

Суғориш учун қўлланиладиган оқова сувлар муайян тозалашдан ўтишига қарамай, суғоришнинг бундай усули одам истеъмол қилмайдиган дарахт ва ўсимликларни етиштириш учун қўлланилиши мумкин. Ушбу муқобил вариант идеал ҳисобланади: намлик оқова сувларини тозалаш станциясидан юзлаб гектар қумликни қоплаган қувур ва шланглар бўйлаб тўғри ўрмонга келади.

Лойиҳа муаллифларининг фикрига кўра, Serapiumʼдаги дарахтлар Германиядагига қараганда 4 марта тезроқ ўсади. Агар Миср оқова сувларининг 80 фоизидан фойдаланилса, бу ердаги 650 минг гектар чўлни ўрмонга айлантириш мумкин бўларди.

Мавзуга оид