Жаҳон | 01:13 / 21.12.2018
31921
2 дақиқада ўқилади

Марсдаги музлаган кўл сурати олинди

Марсда 15 йилдан бери ишлаётган «Марс-Экспресс» зонди Қизил сайёрадаги катта ҳажмдаги муз билан қопланган Королёв кратерининг батафсил суратларини олди. Бу суратлар Европа космик агентлиги сайтида жойлаштирилган.

 Фото: ESA/DLR/FU Berlin

Зонд 2003 йил 2 июнда Бойқўнғир космодромидан учирилиб, Марсга ўша йилнинг 25 декабрида етиб борган ва ўшандан бери Марс атрофидаги орбитада ҳаракатланиб юради. Қурилма Марсни тадқиқ қилишдан ташқари, унинг йўлдоши Фобос ҳақида кўплаб маълумотлар тўплаган.

Олимларнинг фикрича, Марс сиртида бир пайтлар дарёлар, кўллар ва океанлар мавжуд бўлган. Бу сувнинг катта қисми сайёранинг атмосфераси каби коинотга буғланиб кетган. Ушбу сувнинг кичик қисми Марсда мўътадил ва қутболди кенгликларда музликлар кўринишида сақланиб қолган.

 Фото: ESA/DLR/FU Berlin

Ушбу сув захиралари вақти-вақти билан эриб, буғланади, сўнгра сайёранинг совуқроқ бурчакларига ёғингарчилик кўринишида тушади.

 Фото: ESA/DLR/FU Berlin

Қизил сайёрадаги музнинг энг катта захираларини диаметри 82 кмлик Королёв кратерида кўриш мумкин. Бугунги кунда бу кратер улкан ҳажмдаги муз билан тўлган. Бу музнинг қалинлиги сайёрадаги йилнинг энг совуқ фаслида 2 кмгача етади. Сайёрашунослар фикрича, бу музлик кратернинг совуқ туби ва сиртидаги илиқроқ жинслар ўртасидаги катта фарқ ҳисобига сақланади.

Мавзуга оид