Жамият | 16:54 / 23.12.2018
17638
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳридаги бир неча ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди

Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов, вилоят ва шаҳарнинг бошқа фаоллари 22 декабрь куни вилоят марказидаги 4-оилавий поликлиниканинг янги биносини очиб беришди.

Очилиш маросимида Э.Турдимов мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган амалий чора-тадбирлар натижасида сўнгги йилларда туб ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, вилоятда жорий йилнинг ўзида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури асосида замон талабларига мос 17та даволаш-профилактика муассасалари фойдаланишга топширилди. Ушбу муассасаларнинг қурилиши, уларни зарур тиббий ускуналар билан таъминланиши ва жиҳозланиши учун давлат бюджетидан 12 млрд. сўм маблағ сарфланди. Шу аснода Инвестиция дастури асосида Самарқанд шаҳрида 5та даволаш-профилактика муассасалари қурилди ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди. 4-оилавий поликлиника шулардан биридир.

— Муассасамиз 1954 йили катталар поликлиникаси сифатида иш бошлаган, — дейди тиббиёт маскани бош врачи Тўлқин Сувонов. — Муассасанинг эски биносида зарурий тиббий хизмат учун етарли шароит йўқ эди. Унинг қуввати ҳам атиги 110та қатновга мўлжалланган эди. Ваҳоланки, муассасамиз шаҳардаги 25 маҳаллада яшовчи 45 минг аҳолига бирламчи санитар-тиббий хизмат кўрсатарди. Янги бинода барча имкониятлар муҳайё қилинган. Қуввати қарийб икки бараварга ошиб, кунига 200 қатнов амалга ошириш имконияти яратилди.

Шунингдек, Э.Турдимов шу куни шаҳардаги нодавлат мактабгача таълим муассасаларини фойдаланишга топшириш маросимларида ҳам иштирок этди.

Улардан биринчиси Нодирабегим кўчасида жойлашган Kinder City нодавлат мактабгача таълим муассасаси бўлди. Муассаса раҳбари Нилуфар Дўсанованинг айтишича, мазкур болалар боғчасида 7та гуруҳда (уларнинг ҳар бирида 18тадан жой бор) 100дан зиёд жажжи болакайлар тарбияланиши мумкин. Айни кунда боғча ўз бағрига 20 нафар болакайни қабул қилган.

 

Болалар боғчаси барча қулайликларга эга. Замонавий иситиш ва шамоллатиш тизими билан таъминланган. Аутсорсинг тизимида озиқ-овқат билан таъминланади.

Э.Турдимов ўз табрик сўзида вилоятда айни пайтда 50та хусусий мактабгача таълим муассасалари фаолият бошлаганини маълум қилди. Умуман, вилоятда мактабгача таълим муассасалари сони 501 тани ташкил этиб, 2018 йил давомида мактабгача ёшдаги болаларнинг 25 фоизи қамраб олинган.

Ризо Ҳошимов кўчасида жойлашган Timur-Fayz нодавлат таълим муассасаси 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларни ўқитувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда 5-6 ёшдаги мактабгача ёшда бўлган болалар ва 4та синф ўқитилмоқда. Мазкур мактабда инглиз тили чуқурлаштирилиб ўргатилади.

Таълим объектларни очган вилоят ҳокими нодавлат таълим муассасаларида таълим сифати биринчи ўринга чиқишини алоҳида қайд этиб, уларни барпо этган тадбиркорлар ва педагогларга ташаккур билдирди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид