Ўзбекистон | 20:50 / 28.12.2018
6258
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти билан телефон мулоқоти ўтказди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбой Жээнбеков билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, эзгу тилаклар билдирдилар.

Президентлар ўзаро ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Сўнгги йилда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, аниқ амалий мазмун билан бойигани қайд этилди.

Ҳамкорлик барча йўналишларда фаоллашди. Мамлакатларимиз Бош вазирлари раислигида жорий йил март ва декабрь ойларида Фарғона ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарадош ҳудудлари раҳбарлари кенгашининг мажлислари ўтказилди. Май ойида Парламентлараро ҳамкорлик бўйича комиссиянинг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзаро савдо ҳажми ортиб, электротехника, қурилиш материаллари саноати ва бошқа соҳаларда қўшма кооперация лойиҳалари амалга оширилди.

Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар халқаро автотранспорт йўлаги ишлаб турибди, Ўзбекистон – Қирғизистон –Хитой темир йўл линиясини қуриш лойиҳаси биргаликда тайёрланмоқда.

Тошкент ва Самарқандда Қирғизистон маданияти ва санъати кунлари муваффақиятли ўтказилди. Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлаш доирасида мамлакатимиз ҳудудларида тантанали тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ўш шаҳрида барпо этилган Алишер Навоий номидаги мактаб жорий йил кузда илк ўқувчиларни ўз бағрига олгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Суҳбат якунида давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидлашди.

Мавзуга оид