2018 йилнинг «сўнган умидлари» рейтинги
Ҳар сафар янги йил кириб келиши олдидан одамзод яхши ниятлар қилади, келгуси йилда эзгуликларга умид боғлайди. Аммо афсуски орзуларимизнинг, ёки белгиланган режаларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошавермайди.
Бу ўзига хос рейтинг ҳам интернет оламидаги муҳокамаларга асосланган ва табиийки бирор расмий маълумотларга таянмаган. Шу боис, «сўнган умидлар»нинг бу тарзда жойлашуви айрим ўқувчиларимизга тўғри туйилмаслиги ҳам мумкин. Лекин уриниб кўрамиз.
7. Чироқ ўчиши яна одатий ҳолга айланди
Жадал ислоҳотлар натижаси ўлароқ 2017 йилда республиканинг барча вилоятларида электр таъминоти яхшилангани ҳамма ҳис қилган эди. Аммо 2018 йил охирига келиб яна узилишлар кузатила бошланди. Бу ҳолат электр энергияси Қирғизистондан импорт қилиниши тўхтагани билан боғланди.
Умуман, «свет ўчиши» Ўзбекистоннинг янги тарихида ҳам одатий ҳолга айланиб улгурган. Айниқса, аҳоли зич бўлган водий аҳлининг умидлари бир ёниб, яна ўчган.
6. Метанга километрлик навбатлар
Яна водий, яна ўша ҳолат... Ўтган йилларда ҳам қиш ойларида бу вазият кузатилган ва ўшанда кейинги йилларда бундай ҳолат рўй бермаслиги учун олдиндан ҳаракат қилиниши ҳақида эшитилар-эшитилмас ваъдалар берилганди.
Аммо «ҳар изғирин шу бўлар такрор» деганларидек, яна қувурларда газ «қотиб қолди», яна 5-6 километрлик навбатлар пайдо бўлди ва улар кундан-кунга узайиб бормоқда.
5. Арзон авиаташувлар
Ўзбекистоннинг 33 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлгани ҳолда бирорта лоукостери йўқлиги ҳақидаги гап-сўзлар анчадан бери юрарди. Ақтўбедаги автобус ёнғинида 52 нафар юртдошимиз жизғанак бўлиб, аянчли ўлим топганидан сўнг бу масалага жуда жиддий ёндашилди. Арзон авиаташувларни йўлга қўйиш бўйича қатор йиғилишлар бўлди. Аммо бу режаларнинг бирортаси 2018 йилда амалга ошмади, мавсумий қисқа муддатли акцияларни айтмаса, етакчи йўналишларда нарх тушиши кузатилмади.
4. Руслан ва Ҳасанбой
Бу икки йигит 2016 йилдаги Рио-де-Жанейро олимпиадасидаги шонли ғалабалари билан бутун Ўзбекистон халқининг кўзларини шодлик ёшларига тўлдирган эди. Шон-шуҳратга кўмилиб кетган спортчиларимиз кейинчалик ҳам айрим ғалабаларга эришишди. Аммо кейинчалик сўниш кузатилди – Ҳасанбой Дўсматов муҳим жангларда мағлуб бўлган бўлса, Руслан Нуриддинов янаям қийин вазиятга тушди: допинг муаммосига ўралашиб қолди.
3. Арзон уй жойлар
Арзон уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширила бошланиши билан бу лойиҳанинг нақадар муҳимлиги ҳис қилинди. Чунки бундай бошпаналарга муҳтожлар ниҳоятда кўп, узоқ йиллар бу иш билан ҳеч ким шуғулланмаган эди. Телевидение ижтимоий дастурларининг деярли ҳар бирида ёш оилалар, ногиронларга бундай уйлар топширилаётгани ҳақида лавҳалар намойиш этилди.
Аммо кўпчилик кутган бу уйлар одатда сифатсиз бўлиб чиқди, ёки керакли миқдорда қуриб битказилмади. Шунингдек, 2018 йилда Тошкент, Сирдарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида қурилиши режалаштирилган 4539та уй-жойдан бирортаси ҳам фойдаланишга топширилмагани маълум бўлди.
2. Прописка
Бошқа вилоятларда рўйхатда турувчилар учун Тошкент шаҳрида доимий прописка қилиш бўйича чекловлар олиб ташланиши ҳақида эълон қилинган, бундан жуда кўпчилик хурсанд бўлган эди. Бироқ амалда бундай бўлиб чиқмади. Гарчи прописка бериши мумкин бўлган давлат ташкилотлари сафи кенгайган, янги уй-жойлар харидидаги минимал баҳо олиб ташланган бўлсада, асосий чеклов ўз кучида қолаверди.
1. Тезлиги 10 баробар «ошган» интернет
Ўзига хос «рейтинг»имизнинг чўққиси кўплаб муҳокамаларга, турли-туман мемларга сабаб бўлган, қисқа муддат ичида сўнган умидларнинг энг зўрига айланган интернет тезлигидир. Бу масалага жуда юқоридан эътибор қаратилди, турли туман йиғилишлар ўтказилди.
Шундан сўнг 2018 йил 1 декабрдан бошлаб интернет тезлиги 10 баробар ошиши ҳақида ҳаммани ҳайратлантирган ва умидлантирган баёнот берилди.
Аммо, лекин, бироқ... Қаердадир, қайсидир соатлардадур озгина тезлашишни айтмаса, деярли ўзгариш бўлмади, facebook.com, youtube.com каби дунёвий тармоқларга кириш амалда имконсиз бўлиб қолди.
Аброр Зоҳидов тайёрлади
Мавзуга оид
21:07 / 19.12.2024
Путин билан йил якунлари: асосий саволларга жавоблар ҳақида қисқача
20:20 / 31.12.2023
Ўзбекистон 2023 йилни қандай ўтказди?
18:45 / 31.12.2023
Йил якунлари: жаҳонда рўй берган асосий 10 воқеа
13:03 / 31.12.2023