Жамият | 15:23 / 29.12.2018
13706
12 дақиқада ўқилади

Тарихни қаердан бошлаш керак: миллий ғояни ривожлантириш учун таклифлар

Шавкат Мирзиёев парламентга йўллаган мурожаатномасида олдимизга қўйган улкан вазифаларни амалга оширишда биз учун куч-қудрат манбаи бўладиган миллий ғояни ривожлантиришимиз зарурлигини алоҳида қайд этди. Хусусан, миллий ўзлигимизни англаш, ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, гуманитар соҳа олимлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим. Ўтмишга берилган баҳо албатта холисона, энг муҳими, турли мафкуравий қарашлардан холи бўлиши зарур.

Дарҳақиқат, бугун дунёнинг нотинч ва оловли нуқталарида содир этилаётган мудҳиш фожиа ва ҳодисалар, афсуски, кўп ҳолларда муқаддас ислом дини номи билан боғлаб талқин этилмоқда. Бунинг сабаблари барчамизга аён. Ислом фундаментализми, радикализми деб ном олган, ислом байроғи остида ҳаракат қилувчи ёвуз ва вайронкор куч, таассуфки, ҳаётда мавжуд.

ХХI асрга келиб кишилик жамиятида мисли кўрилмаган хавф-хатар пайдо бўлди: глобаллашув, асл қадрият ва ўзга маданиятни йўққа чиқариш, шу тариқа миллатни ўз илдизидан узиб, манқуртга айлантириш, «оммавий маданият»ни ёйиш ҳаракати авж олди. Миллатнинг ўзлигини, ўзига хос фазилатларини йўқ қилиш учун кураш кескинлашди. Бугун ҳудудларни мустамлака қилиш учун миллатлар ўзлигини, қиёфасини ислоҳ қилиш, асл илдизидан, тарихдан, асл сарчашмалардан узиш, мамлакатларни маънавий «мустамлака» қилиш оддий ҳодисага айланди. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, бу мудҳиш хатардир.

Хўш, нега улар миллатларни тарихидан, маданиятидан, миллий ўзлигидан жудо этмоқда?

Сабаби шуки, миллат айнан ўз тарихи, миллий маданияти ва қадриятларидан куч олиб, ўзини ўзи янгилайди ва келажакка ҳозирлайди. Қаердаки миллият, миллий ифтихор ва миллий ғурур бўлса, халқни енгиб, маънавий мустамлака қилиб бўлмайди. Айнан шунинг учун «оммавий маданият» ҳам, диний мутаассиблик ҳам миллатнинг ифтихор ва ғурур тўла фазилат ва хислатларини емиришга ҳаракат қилади.  

Хўш, биз жамиятни бу хавфдан асраш учун нимага эътибор қаратишимиз керак? Масала шу ҳақда.

Аввало, шуни айтиш керакки, инсон зотини тутиб турадиган муқаддас қадриятлар унчалик кўп эмас. Булардан энг мўътабарлари иймон—эътиқод, поклик, маърифат ва одамийликдир. Шунингдек, инсоннинг ўзлиги — миллий ғурури ва ватанга муҳаббат туйғуси ҳам ғоят қимматли. Биз яқин юз йилликда қарамликда яшаган халқмиз. Динимиз ҳам, миллий манфаатларимиз ҳам камситилди. Дин ва миллийлик учун курашган фидойилар қатағонга учради. Бу икки тушунчани тамоман халқ онгидан бадарға қилишга уринилди. Аммо бу туйғулар халқ шуурида, онг остида яшаб келди.

Мустақилликдан кейин диний эътиқод эркинлигига йўл берилди. Мусулмонлар масжидга чиқиб намоз ўқиш, диний маросимларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди. Дин кишига уйғоқлик бағишловчи, жамиятга таъсир этувчи кучга айлана бошлади. Мана шу даврда минг афсуски, мутаассиблик кўринишлари ҳам воқеъ бўлди. Бунинг бари мустабид сиёсатдаги хатоликлар, коммунистик дунёқараш ва янги воқелик ўртасидаги зиддиятлар туфайли содир бўлди. Муайян қора гуруҳнинг «Ўзбекистонда ислом давлати қурамиз» деб содир этган қонхўрликларини бир эсга олинг. Мана шу ҳаракат жуда кўп ёшларнинг уйини куйдириб юборгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Агар биз ўз вақтида мўътабар динимизни тараққиётга хизмат қилувчи кучга айлантира олганимизда шу йўқотишлар содир бўлмас эди.

Бунинг сабаби нима?

Биз ҳар қанча динимизни улуғламайлик, дин давлатдан, давлат эса диндан айро-айро деган тушунча шууримизда ҳукм сурди. Мустақилликнинг ўтган 25 йилида миллий тарихимиз ҳақида, ўзбек халқининг келиб чиқиши ҳақида тарихчиларимиз қандай тушунча бера олди? Ҳатто тилимиз том маънода давлат тилига айлана олмади. Ҳамон рус тили ўз гегемонлигини сақлаб келади. Миллат тарихи ва миллий тимсоллар ҳақида ким ўйлаб кўрган? Биз ҳатто туркий қавмданмиз дейишга ботина олганимиз йўқ. Тарихий қаҳрамонларимиз «таснифланди». Буни қарангки, миллатимиз тарихи Тўмарис, ҳатто Амир Темурдан кейин бошланган, деган нотўғри талқинга кўникиб яшаймиз. Миллат ғурури сув ичадиган барча булоқлар лойқалатилган. Оқибатда чала коммунист ва чала одамлар жамияти пайдо бўлди. Биз ўзимизни мен буюк бир миллат вакили, аждодим оламни забт этган, деб ўйлашдан чекладик. Тарихни буздик, миллат руҳини сўндирдик.

Миллий тарихимизни ҳамон тиклай олганимиз йўқ. Бу эса тушунчалар мустабид замонда ҳукм сурган маҳдуд ҳолида қолишига олиб келди. Бугун ақли расо ҳар бир одам бу ҳолга боқиб ҳайратланади. Энди айтинг, юрагида миллий ғурур бўлмаган, қонида ватанга муҳаббат оловланмаган элат нима қила олади?..

Энди бугун биз яшаётган жамиятда «ҳукмронлик» қилаётган умуминсоний эътиқод масаласини кўриб чиқайлик. Бизда бугун давлат бошқарувидан ташқаридаги, яъни одамлар кўнгилли тарзда эргашиб кетадиган иккита мафкуравий восита мавжуд. Бу — дин ва «оммавий маданият». Диний мутаассиблик бутун дунёда бўлгани каби бизда ҳам бор ва бундан кўз юмиш қийин. Унинг оқибати эса ҳаммамизни ўйлантирадиган муаммо. Иккинчи масала ҳам келтириб чиқарувчи оқибати билан биринчисидан қолишмайди. Биз шу ўринда буларга қарши учинчи бир эътиқод даражасидаги Бош ғоя — миллий давлатчилик, яъни миллийлик, миллий ифтихор, миллий бирдамлик ғоясини ўртага қўямизки, бу ғоя моҳият эътибори билан тараққиётга хизмат қилади, том маънодаги ватанпарварликни шакллантиради. Миллийлик диний мутаассиблик, жаҳолат ва «оммавий маданият»га қарши тура олади. Бирлик ғояси диний мутаассибликни енга оладиган ва унга бас кела оладиган қудратли кучдир. Фақат миллий бирлик ғоясигина халқимиз онгига асрлар оша сингган ва бугун ўз таъсирини кўсатаётган диний мутаассиблик таъсирини кесишга ва ҳатто уни енгишга хизмат қилади. Қолаверса, бу президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаган янги давлатчилик сиёсати — янги Ўзбекистонни яратишда муҳим қадам бўлади. Яъни, Япония, Хитой, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Гуржистон каби миллий руҳи бутун, дунёда ўз миллий овози ва қиёфасига эга бир давлат пайдо бўлади. Бу босқич моҳият эътибори билан мустақилликни қўлга киритишдан асло кам эмас. Шу йўл билан Шавкат Мирзиёев биринчи президентимиз бошлаб берган йўлнинг давомчиси эмас, балки мустақил тарзда миллий Ўзбек давлатчилигининг асосчиси — чин маънода миллат лидерига айланади.

Бунинг учун, биринчи навбатда, давлатнинг ўзи ислоҳотчиликни қўлга олиши керак бўлади. Таклифлар қуйидагилардир:

1. Энг аввало, пойтахт марказида Миллат майдони деб аталувчи, муаззам ансамбль яратиш лозим. У мафкуравий, ҳудудий ва салобати жиҳатидан Мустақиллик майдонидан юксакроқ бўлмоғи керак. Мустақиллик майдони мақомига кўра сиёсий-мафкуравий бир майдондир. У бизнинг мустабидлик зулмидан озод бўлганимиз шарафига бунёд этилган. Лекин минглаб йиллик тарихга эга буюк миллатимиз фақат қарамликда яшаган эмас, балки унинг шавкатли ва дунё халқлари ҳавас қиладиган шонли ўтмиши, ўлмас қаҳрамонлари, улар кўрсатган мислсиз жасоратлар, буюк ва бетимсол маданияти бор. Майдон ана шу ўтмишимизни, ана шу қаҳрамонликларни, ана шу маданиятни акс эттириши мақсадга мувофиқдир. Миллий қаҳрамонларимиз, тарихимиздаги шонли саналар, миллий орнаментларимиз, безаклар, қадим жойлар ва топонимлар бу ерда ўз аксини топиши керак: уни кезган одамда ўзини миллат тарихини кезиб чиққандай, асл сарчашмалардан сув ичгандай, ундан куч-қувват олгандай таассурот қолиши зарур. Майдон ўртасига шундай маҳобатли ёдгорлик ўрнатиш керакки, у миллатимиз қудратидан далолат бериб турсин. Ундан Тўмарис, Широқ, Алп Тегин, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Мадаминбек ва Иброҳимбек каби буюк қаҳрамонлар, достон ва афсоналар қаҳрамонлари, ўтган тенгсиз аждодларимиз ҳайкаллари ўрнатилиши, бизга ғурур берадиган осори атиқалар жой олиши ва миллатнинг ўзлигини, унинг тарихий ривожланиш босқичларини, миллат қаҳрамонлари ва буюк фарзандларининг миллат ва башарият тараққиётига қўшган ҳиссасини ифода этувчи муаззам ансамблни ташкил этиши керак. Майдонни кезган одам бутун бошли миллат тарихига гувоҳ бўлсин. Миллат маънавият устунларидан баҳраманд бўлсин ва куч олсин. Ўйлаймизки, майдонга бош шиор қилиб Темур бобомизнинг «Бизким мулки Турон, Амири Туркистонмиз, бизким миллатларнинг энг улуғи, Туркнинг бош бўғинимиз» деган сўзларини ёзиб қўйиш жоиз. Эҳтимол, Ўрхун-Энасой битикларидан ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқдир?!

Майдон халқ эркин кириб сайр этадиган, маънавий озуқа оладиган мўътабар масканга айлансин.

Дунё мамлакатларига назар солсак, кўплаб давлатларнинг ана шундай миллий руҳ ва ғурурни ўзида мужассам этган машҳур майдонлари борлигига гувоҳ бўламиз. Хитойдаги 70 минг квадрат метр ҳудудни эгаллаган Тяньаньмэнь майдони (Пекин), Индонезиядаги Медан Мердека (Жакарта), АҚШдаги машҳур Таймс-сквер (Нью-Йорк), Испаниянинг бош майдони бўлмиш Плаза Майор (Мадрид) кабилар шулар жумласидандир.

2. Майдон моҳият эътибори билан мамлакатимизнинг бош майдони — миллатимиз юрагига айланмоғи керак. Майдон саҳнида Авестою Афросиёбдан тортиб, бугунги кунимизгача бўлган тарих ўз аксини топмоғи, миллий қаҳрамонларимиз ва шу тупроқда из қолдирган тарихий аждодлар сиймоси, уларнинг қилган ишлари акс этиши лозим.

3. Ансамбль тарихий саналарга қараб ҳудудларга ажратилса, ҳар бир давр ижтимоий ҳаёти, маданияти, ҳарбий санъати, ўша даврда яшаган аждодларимиз туриш-турмуши ёрқинроқ ўз аксини топади. Бундан ташқари, ансамблда шундай бир павильон бўлиши керакки, бу умумтуркий ўзлик тарихимиз — туркий қавмлар тарихи, улар яратган маданият ва санъат (масалан, Қўрқут ота битиги) шу ўринда бизнинг ўрнимиз, шонли ўтмишимиз ҳақида ҳикоя қилсин.

4. Майдонни аждодларимиз томонидан яратилган қадим ёдгорликлар, санъат асарлари, тош ҳайкаллар нусхаси, миллий орнаментларимиз билан безаш ўринли бўлади.

5. Агар майдон маркази — Миллий ёдгорлик ёнига байроғимизни тиксак унга янада кўрк беради. Бу байроқ улуғворлиги жиҳатидан мамлакатимиз бош байроғи бўлиши лозим.

6. Мазкур майдонда заминимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар уларнинг бебаҳо ишлари ифодаси ўз аксини топган ҳудудлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, ислом дини ривожи, фалсафа, тариқат, физика-математика, астрономия, адабиёт, мусиқа, ҳарб санъати, меъморчилик, география, жадидчилик каби йўналишларни ифодаловчи алоҳида павильонлар яратиш лозим.

7. Халқимизнинг тарихий буюклиги тимсоли бўлган ушбу улуғвор майдон замонавий шарт-шароит ва хавфсизлик таъминланган шундай зиёратгоҳ бўлсинки, мамлакатга келаётган сайёҳлар «албатта бир кўриш шарт» дея ошиқсин. У ерга ташриф буюрган ҳар бир хорижий меҳмон қандай заминга келганини, бу юртнинг эгаси қандай буюк халқ эканини ич-ичидан чуқур ҳис қилсин. У буюкликнинг тимсоли бўлиб абадий яшнаб турсин.

Ўрол Содиқ

Мавзуга оид