Спорт | 16:13 / 04.01.2019
8817
2 дақиқада ўқилади

«Локомотив» Жамшид Искандеровни ўз сафига қўшиб олди

Фото: Локомотив матбуот хизмати

Тошкентнинг «Локомотив» клуби «Пахтакор» яримҳимоячиси Жамшид Искандеров билан келишувга эришди.

«Ўзининг ёрқин ўйинлари орқали мухлислар эътиборига тушган ажойиб ярим ҳимоячи 2019 йилги мавсумда Осиё чемпионлар лигаси, Ўзбекистон чемпионати ва Ўзбекистон Кубогида «темирйўлчилар» шарафини ҳимоя қилади», дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун, Жамшид Искандеров 2012 йилдан буён «Пахтакор» клубида тўп суриб келаётганди. У ўтган вақт давомида «шерлар» сафида 156 ўйин ўтказган ва 20та гол урганди. Катта футболга 2011 йили кириб келган футболчи дастлаб Самарқанднинг «Динамо» сафида ҳам ўйинларда майдонга тушганди.

Эслатиб ўтамиз, қишки трансферлар вақтида бунгача «Локомотив» 3 нафар футболчини ўз сафига қўшиб олганди. «Бунёдкор»дан сербиялик ҳужумчи Филипп Райевацни ва яримҳимоячи Азизбек Ҳайдаровни, ОКМКдан ҳужумкор яримҳимоячи Йован Жокич трансфер қилинганди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Суперлигасининг амалдаги ғолиби таркибини яримҳимоячи Икром Алибоев ва Санжар Шоаҳмедов тарк этган, Алибоев Жанубий Кореянинг «Сеул» клуби аъзосига айланган, Шоаҳмедов «Теренггану» клуби билан шартнома имзолаган.

Мавзуга оид