Ўзбекистон | 09:10 / 05.01.2019
8286
3 дақиқада ўқилади

Мирзиёев «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг асосий вазифаларини белгилаб берди

Фото: Ўзэлтехсаноат

Ўзбекистон Республикаси президенти “Электротехника саноатининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади

Ҳужжат билан “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

хомашёни қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича ягона комплекс сифатида, шу жумладан, саноат кооперациясини кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш асосида саноатни барқарор ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

ички ва ташқи бозорларда электротехника маҳсулотларига бўлган талаб конъюнктурасини ўрганиш ва шу асосда маҳсулотнинг янги турларини ўзлаштиришда кўмаклашиш, ички бозорни юқори сифатли миллий электротехника маҳсулотлари билан тўлдириш ва унинг экспорт географиясини, шу жумладан, турли ахборот ресурслари ва кўргазма тадбирларида миллий брендларни илгари суриш ва электротехника саноати корхоналари салоҳиятини намоён этиш орқали кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича юқори технологик ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун инвестициялар, биринчи навбатда, чет эл инвестицияларини кенг жалб қилишга кўмаклашиш, саноатни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ихтисослашган етакчи хорижий компаниялар билан қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

электротехника саноати соҳасидаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини халқаро талаблар ва стандартлар билан уйғунлаштириш орқали уни такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш;

ҳудудлар салоҳиятини янада ривожлантириш истиқболлари, хомашё базаси, инфратузилма, меҳнат ресурслари ва бозорларнинг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда электротехника саноати корхоналарини жойлаштиришга кўмаклашиш;

электротехника саноати соҳасида кадрларни тайёрлашга бўлган реал эҳтиёж ва истиқболли йўналишларни аниқлаш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларни такомиллаштиришда иштирок этиш, мазкур соҳада илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштириш;

саноатни жадал ривожлантиришга ва электротехника саноати корхоналарининг барқарор фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, мазкур соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Сино” АЖ давлат акциялари пакетини инвесторларга танлов асосида “ноль” харид қиймати бўйича корхонанинг кредиторлар олдидаги қарзини тўлаш билан бир вақтда корхонанинг фаолиятини соғломлаштириш учун инвестициялар киритиш шарти билан топшириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилиши хабар берилганди.

Мавзуга оид