Light | 19:29 / 07.01.2019
23785
12 дақиқада ўқилади

Forbes: Раҳбарнинг асосий фазилати интеллект эмас...

Ходимлар муваффақиятли фаолият юритиши учун нима қилиш керак? Раҳбарнинг ҳаётий куч-қуввати, шижоати компания муваффақиятига қанчалик таъсир қилиши ҳақида Forbes'да қизиқарли маълумотлар тақдим этилди.

Ҳаётий энергия коэффициенти (VQ) нима?

Бутун дунёдаги ҳам давлат, ҳам хусусий сектордаги раҳбарлар ҳали-ҳануз уларнинг муваффақияти асоси - юқори IQ деб ҳисоблашади. Улар фикрлаш, таҳлил қилиш ва ҳисоб-китобсиз муваффақиятли фаолият юритиш қийин деб ўйлашади. Бироқ бундайлар қаттиқ адашишади!

Ишончимиз комилки, ақлли инсон ҳар доим ҳам яхши етакчи бўла олмайди. IQ даражаси юқори бўлган кишиларда кўпинча муҳим бир хусусият бўлмайди — эмпатияга мойиллик, ҳамдардлик. Улар атрофдагиларга сабрсиз муносабатда бўлишади, бошқалар билан назарга илмай гаплашишади ва уларнинг ўзидек тез фикрлай олмайдиган суҳбатдошларига беписанд қарашади, бундай кишилар билан мулоқот қилишга қийналишади.

Бундай "эмоционал интеллект" етишмовчилиги нимага олиб келишини эса яхши биламиз. Даставвал ажойиб режалар ва стратегиялар, кейин эса — уларни амалга оширишдаги қийинчиликлар, бунга ижрочиларни жалб қилиш ва уларга мотивация бериш даражасининг пастлиги сабаб бўлади. Бу ўз-ўзидан яхши эмас, лекин раҳбарлар кўпинча муваффақиятнинг яна бир асосий омили — VQ'ни назардан қочиришади.

VQ — ҳаётий энергия коэффициенти ёки бошқача айтганда, раҳбарларнинг ўзига ва атрофдагиларга куч-қувват бағишлаш хусусияти. Етакчилик асосида ўзгаришларни амалга оширишга мойиллик хусусияти ётади, аммо ҳатто минимал энергия етишмаса ҳам, бунга эришишнинг иложи йўқ. Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, раҳбарга муваффақиятли фаолият учун VQ даражаси IQ ва "эмоционал интеллект"дан-да каттароқ аҳамиятга эга.

Ушбу мақолада ҳаётий энергия коэффициенти (VQ) билан белгиланувчи ва етакчиликка оид беш асосий жиҳат ҳақида сўз юритилади.

Нима учун раҳбар юқори VQ'га эга бўлиши керак?

VQ — бу ҳаракатга келтирувчи куч, мотор, инсон ҳаёти рағбатлантирувчиси. Одамларнинг ўзи ўзига хос лойиҳа — ишчанлик хусусиятини имкон қадар узоқроқ сақлаб қолишга ҳамда қўйилган вазифаларни максимал даражада самарали бажаришга уринувчи ҳаётий функциялар тизими. Ушбу лойиҳа асосида ният, мақсад — яшаш истаги ётади. VQ қанча юқори бўлса, биз шунча шиддат билан ривожланишга, рўй бераётган воқеаларни жисмоний, интеллектуал ва ҳатто эмоционал нуқтаи назардан назорат қилишни истаймиз. VQ даражаси юқори бўлган одамлар у ёки бу усуллар ёрдамида ўз ҳаётини яхшилашга ҳаракат қилади ва шунинг учун ҳам атрофдагиларга таъсир ўтказа олади.

Бу фазилат раҳбар учун муҳимми? Шубҳасиз. Етакчининг вазифаси — ўзгаришларга сабаб бўлиш ва юзага келувчи қаршиликларни енгиб ўтиш. Шу тариқа, юқори VQ — муваффақиятли бошқарувнинг ягона бўлмаса-да, муҳим шарти.

Бундан ташқари, ўз VQ даражасини вазиятга мувофиқ назорат қила олмайдиган раҳбарлар юқори натижаларга эриша олишмайди. Шундай пайтлар бўладики, раҳбар бошқаларга ўзлигини намойиш қилишга имкон бериб, ўз фаоллигини бироз сусайтириши ва вазиятга аралашмаслигига тўғри келади. Ходимларнинг тўлақонли ривожланиши ва муваффақиятли фаолият юритиши учун уларга ишонч билдириш ва ўз VQ'сини назорат қилишнинг ўзи кифоя.

VQ қаердан олинади?

VQ — туғма сифат. Ҳар бир инсон туғилганидан у ёки бу даражадаги ҳаётий куч-қувватга эга бўлади, шунинг учун баъзи кишилар бошқаларига қараганда серғайратроқ, кескинроқ, шошқалоқроқ, сабрсизроқ, фаолроқ ва изланувчанроқ бўлади. Фикримизча, VQ даражаси бутун умр давомида нисбатан бир маромда бўлади. Кексаликда ички энергия даражаси ўзгармайди — инсоннинг касалликка чалиниш ёки жисмоний жиҳатдан заифлашиш ҳолатлари бундан мустасно, шунда ҳам VQ шунчаки фаол намоён бўлмай, маълум бир вақтгача "ўз даври"ни кутади.

Бироқ бу назарияда жуда муҳим жиҳат бор. Мазкур тушунчани раҳбариятга нисбатан қўллаш учун VQ'нинг икки босқичини кўриб чиқиш зарур. Биринчиси — салоҳиятли VQ: туғма ҳаётий куч-қувват, унинг ёрдамида биз ўз фаолиятимизни қўллаб-қувватлай оламиз. Иккинчиси — реал VQ, у бизнинг айни дамда у ёки бу ҳаётий вазифаларни бажаришга ёрдам бераётган энергиямиздир. Реал VQ доим салоҳиятлисидан пастроқ бўлади. Нима учун дейсизми? Чунки бизни доим ҳаётий мақсадларга интилишда максимум натижаларга эришишдан ушлаб турувчи, бор салоҳиятимиздан тўлиқ фойдаланиш имконини бермайдиган омиллар бўлади. VQ даражалари ўртасидаги тафовутни тартибга солиш турмушнинг юқори даражада ўтишини таъминлайди ва ходимлар ҳолатини назорат қилиш имконини беради. Айнан шу нарса инсонга яхши раҳбар бўлиш имконини беради.

Раҳбарнинг энергиясини ошириш усуллари

Қандай қилиб реал VQ'ни салоҳиятлисига яқинлаштириш мумкин? Ёки, аксинча, қандай қилиб мавжуд тафовутга эътибор бермаслик ва хавотирланишни бас қилиш мумкин? Шу ўринда Apple асосчиси Стив Жобснинг сўзларини ёдга олиш керак, у бировнинг ҳаёти билан яшаб, вақтни беҳуда кетказмасликка чақирган. У шахсий ҳаётий мақсадлар ва қадриятларни излаш ҳамда уларга эришиш, шахсий қоидаларга амал қилиш инсонга чуқур эҳтиёжларни қониқтириш ва тўлақонли ҳаёт билан яшаш имконини беришини назарда тутган. Бу мавжуд фарқни бартараф этишга имкон бериб, ҳаётдан қониқиш ҳосил қилишга олиб келади. Агар биз ҳаётимизни руҳан биздан йироқ кишилар билан мулоқотга сарфлайдиган бўлсак, тафовут катталашиб бораверади ва бизда "Ҳаёт" лойиҳаси издан чиқаётгандек ҳис пайдо бўлади.

Севимли, ички интилишга мукаммал мувофиқ келувчи иши билан шуғулланувчи одамларни бир кузатинг. Кейин ноқобил раҳбарнинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўраётган ёки ўзи учун қизиқ бўлмаган ишни бажаришдан чарчаган одамга эътибор қилинг. Ўртадаги фарқни бартараф этиш ва ҳаётдан завқланиб яшашни бошлаш учун нима қилиш керак?

Раҳбарга маслаҳат: энг аввало ўзингизга назар солинг — интилишларингиз ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг, ўзингизга маъқул келувчи машғулот топишга ҳаракат қилинг, ўзингиз учун муҳим бўлган нарсаларни аниқлаб олинг. Сизга нима дейишгани ва нимага чорлашгани ҳақида унутинг, ўзлигингизни англашга ҳаракат қилинг. Ўзингизни яхшироқ англай бошласангиз, VQ даражангизга баҳо беринг ва ўзингизга савол беринг: сизнинг ҳаётий фаоллигингиз истакларингизга мувофиқ келадими? Агар энергия даражангиз сизга ҳаётдан тўлиқ завқ олишга имкон бермаётганини сезсангиз, қилаётган ишингиз, машғулотларингиз ва қизиқишларингизни таҳлил қилинг ҳамда айнан қаерда номувофиқлик борлигини аниқлашга ҳаракат қилинг. Шундан сўнг энг қийини бошланади: ҳаётингизни VQ тафовутини йўқ қиладиган ва салоҳиятингизни тўлиқ амалга ошириш имконини берадиган даражада ўзгартиришингиз керак бўлади.

Ходимлар энергиясини ошириш усуллари

Энергия ёки VQ'ни ошириш — муваффақиятли ва тўлақонли ҳаётнинг зарур шарти. Бироқ раҳбарлар бир нарсани тушуниши керак: уларнинг вазифаси жамоанинг бошқа аъзолари энергиясини эркинликка чиқариш ва уларга ўз салоҳиятини кашф қилишга кўмак беришдан иборат. 

Раҳбарнинг вазифаси ҳамкасбларига VQ'ни "озодликка чиқариш" ва яширин истеъдодларини тўлиқ намойиш этишга имкон беришдан иборат.

Буни қандай қилиш керак? Асосийси — одамларнинг энг яширин хоҳиш-истакларини қониқтириш. Энг самарали усул мана шу. Қобилиятли раҳбарлар ходимлардан билдирилувчи энг кичик ишораларга (сўзлар, тана тили ва айниқса ҳиссиётларга) асосланиб, шахсий мақсадлар ва уларга эришишнинг энг жозибали усулларини аниқлай олишади. Ушбу маълумотни олиб, раҳбар ходимларга уларнинг эҳтиёжларига энг муносиб жавоб берувчи вазифаларни беришга ҳаракат қилиши керак. Бу осон иш эмас, зеро раҳбар нафақат ходимларнинг ички эҳтиёжларини аниқлаши, балки уларнинг ҳар бири учун максимал даражада тўғри келувчи вазифаларни тақсимлаши зарур.

Бусиз жамоани тўлиқ қизиқтиришнинг уддасидан чиқиб бўлмайди. Шу ўринда IBM собиқ ижрочи директори Лу Герстнернинг сўзларини ёдга олиш ортиқчалик қилмайди: "Шубҳасиз, қанча одам бўлса — мотивация усули ҳам шунча". Кимнидир пул рағбатлантирса, бошқа биров карьерада ўсиш имкони ёки эътирофдан рағбат топади, яна баъзилар учун қўрқув ёки ғазаб энг самарали мотивация бўлади. Ким учундир бирор янги нарса ҳақида билиш имкони, таъсир доирасини кенгайтириш, ўз фаолиятининг аниқ натижаларини кўриш ҳақиқий мотивация сифатида хизмат қилади. Кўпчилик йўқ бўлишдан қўрқиб ҳаракатга туша бошлайди, уларни келажакнинг жозибадор картинасини чизиб, илҳомлантириш мумкин.

Ташкилот даражасида VQ'ни қўллаш

VQ кўрсаткичидан нафақат алоҳида кишиларга, балки бутун бир гуруҳлар, ташкилотлар ва ҳатто мамлакат ва маданиятларга нисбатан ҳам муваффақиятли фойдаланиш мумкин.

Коллективни баҳолаганда унинг юқори VQ'га эга эканлиги, ўз функцияларини фаол бажараётгани ёки паст VQ сабаб муваффақиятсиз фаолият юритаётганини аниқлаш мумкин. Истеъдодли раҳбар доим жамоасидаги муҳитни кузатиб боради ва энергиянинг оптимал даражасини қўллаб-қувватлайди. Гуруҳни шакллантиришда унга камида биттадан VQ'ли кишини қўшиш зарур — у қолган барча ходимларни рағбатлантириб туради. Агар жамоада бир неча жуда серғайрат киши бўлса, уларнинг рақобатлашмаётгани, аксинча, бир-бирини тўлдираётганига ишонч ҳосил қилиш зарур — шундагина парчаланиш ва хаосни четлаб ўтиш мумкин бўлади.

VQ'га доир кузатувларимиз борасида хулоса қилар эканмиз, компанияда юқори VQ даражасини ташхислаш учун замин ясовчи шарт-шароитларни келтириб ўтамиз:

·      Жамоани шакллантиришда раҳбарлар энергия даражаси турлича бўлган ходимларни муваффақиятли танлай олишади.

·      Ижрочи директор ўз ҳис-туйғуларини муайян бир вазият талабларига мувофиқ бошқара олади.

·      Ходимлар янгидан-янги ғоялар билдиришади.

·      Одамлар ўз ҳиссиётларини очиқ намоён қилишга ўрганишган.

·      Компания ичидаги рақобат соғлом характерга эга бўлиб, ҳурмат ва шахсий қадр-қимматга асосланади.

·      Раҳбарият ўзини хавф остига қўювчи ходимларни қадрлайди ва рағбатлантиради.

·      Одамлар бир-бирига ҳамда компания раҳбариятига шахсий фикрларини баён қилиш ва эътироз билдиришдан қўрқишмайди.

·      Маълум бир ходимларнинг муваффақияти бутун бир жамоани самимий қувонтиради.

·      Жазолаш амалиёти қўлланмайди, хатолар эса имкониятларга айлантирилади.

·      Ўзгаришларни амалга ошириш доимий, тўхтовсиз жараёндир.

Мавзуга оид