Жамият | 15:30 / 08.01.2019
64700
4 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар. Сариқ нимчалилар олами билан танишув

Kun.uz сайтида муқаддам Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳақида мақола ва видеолавҳа эълон қилинганди. Мухбирлар мавзуни давом эттиришга қарор қилишди. Уларнинг ҳаётини янада яқиндан ўрганган мухбирлар сариқ нимчалиларнинг дил сўзларини тинглашди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Маълум бўлишича, Тошкент вилоятидан қатнаб пойтахтда ишловчи ходимлар ишни ўз вақтида бошлаш учун соат тўрт яримда уйғонишар экан (бу тасвирга олиш жараёнида маълум бўлди). Шунингдек, вилоятдан қатновчи транспортдан ташқари, шаҳар ичидаги транспорт билан ҳам талай муаммолар борлиги маълум бўлиб қолди.

Тушлик вақтида тамаддихоналар турли баҳоналар билан уларга хизмат кўрсатишдан қочишга ҳаракат қилишади, ҳеч қандай сабабларсиз ресторанни тарк этишни сўрашади.

Афсуски, бу муаммоларнинг охири эмас. Кийиниш учун жой йўқлиги сабабли керакли анжомларни (махсус белги, жилетка, ортиқча кийим) ўзлари билан олиб юришади. Ободонлаштириш ходимларини ҳожатхона йўқлиги ҳам сарсон қилади. Улар эса ҳар қандай шароит ва об-ҳавода ҳам ишни тўхтатмасликлари лозим. Улар ўз ишидан нолимайди...

«Менинг пулим баракали, ҳалол. Бошида шу ишга кирганимда фарзандларим хоҳлашмаганди. Айниқса, ўғлим жуда ҳам қарши бўлди: Она, сиз юрасиз, кейин кўча-кўйда менга гапиришади - онангни кўча супурувчи қилиб қўйдингми, боқа олмадингми, деб менга маломат қилишади, дерди. Меҳнатнинг яхши-ёмони бўлмайди. Дунёда ўғирлик номус. Меҳнат одамни кўкка кўтаради, инсонийлигини оширади. Олдин кимдир ободонлаштириш иши билан ҳам қизиқармикан, деб ўйлардим. Интернетдан келган жавобларни ўқиб кўриб, ишим туфайли яна ҳам ғурурландим. Демак, одамлар бизга ҳали бефарқ эмас экан, бизнинг қадримизга етадиганлар бор экан. Бу жуда катта бахт. Баъзида машина, такси тўхтатишга тўғри келади. Устимда иш кийимимиз бўлади. Такси бундай халат кийганга тўхтамайди. Сариқ нимча кийганлар машина тўхтатиши мумкин эмасми?..» - дейди Муҳаррам Миржалилова.

Муҳаррам Миржалилова

«Одамлар бизни жиноятчи, қилган жиноятининг жазосини ўташ учун шу ишда ишлашади, деб ўйлашади. Баъзида «тозалаган жойимизни ифлослантирманг», деган дашномимизга «жиноятчисан, шунга арзийсан», деган таъналар эшитамиз. Аммо бу нотўғри. Орамизда ўқиганлар ҳам, мактабда дарс берганлар ҳам бор. Ҳар биримиз ўзига яраша сабаблар билан шу ишдамиз. Жазо ўтаётганлар йўқ демайман, аммо улар шундоқ ҳам жазоланишмоқда. Ноўрин таъналар билан ерга уришингиз ортиқча», - дейди ободонлаштириш ходимларидан бири.

Фароғат Мирзаева

Бир неча кунлик тасвирга олиш ишлари давомида ободонлаштириш ходимлари билан бирга бўлиб, аввалги видеолавҳадан кейин баъзи муаммоларга учраганликларидан хабардор бўлдик. Ходимларнинг кўпчилиги интервью беришдан бош тортишди.

Биз бу видео орқали мутасаддиларнинг эътиборини мавжуд муаммоларга, аҳолининг эътиборини инсонийликка қаратмоқчи бўлгандик. Зеро, ўзганинг меҳнатини қадрлаш – инсонга хос одатдир.

Мўътабар Хушвақтова

Мавзуга оид