Жаҳон | 11:10 / 11.01.2019
88117
5 дақиқада ўқилади

Қуролли кучлари йўқ мамлакатлар

Ғалати қарорлари билан тарихга кирган Отто фон Бисмаркнинг ўзи сингари шафқатсиз шундай сўзлари бор «Тинч яшашни хоҳласанг урушга тайёрлан». Дунёнинг деярли барча давлатлари ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қуролли кучларига эга. Лекин ер шарида шундай давлатлар ҳам борки, улар мутлақо армияга эга эмас. Эътиборингизга қуролли кучлардан воз кечган 10 давлат ҳақида маълумотларни тақдим этамиз.

1. Лихтенштейн

Лихтенштейн князлиги / ©Flickr

Бу давлатнинг Ўзбекистон билан ўхшаш жиҳати бор – ҳар икки давлат йирик сувларга чиқиш учун камида икки давлат ҳудудини босиб ўтиши лозим. Пойтахти Вадуц шаҳри бўлган Марказий Европадаги Лихтенштейн давлати Австрия ва Швейцария билан чегарадош. Князликда конституцион монархия тизими ҳукм суради. Гарчи бирор бир давлат расман Лихтенштейн мудофаасини ўз зиммасига олмаган бўлса-да, князлик ҳукумати Швейцарияда ўтказилган музокаралар чоғида бир қатор давлатлар билан бу борада битимлар имзоланганини таъкидлайди.

2. Ватикан

Италия пойтахти Рим ҳудудида жойлашган Ватикан энг кичик бўлиш билан биргаликда БМТ ва дунё ҳамжамияти томонидан тан олингани ҳолда БМТга аъзо бўлмаган ягона давлатдир. Рим католик черковининг маркази бўлган бу давлат Римнинг ичида жойлашганига қарамай ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо мустақилдир, ҳатто Италияга ҳам бўйсунмайди. Лекин шунга қарамай Италиянинг 300 мингга яқин қўшини ва 50 минг нафар денгиз пиёда аскарларидан иборат армияси зиммасига Ватиканни ҳам ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.

3. Науру Республикаси

©Wikimedia

Тинч океанининг ғарбий қисмидаги шу номли оролда жойлашган бу давлатнинг аҳолиси 15 000 кишидан иборат бўлиб, алоҳида давлат бўлса-да, ҳатто пойтахтга ҳам эга эмас. Ўз мустақиллигига 1968 йилда эришган Науру давлатини Австралия ўз ҳимоясига олган ва бу шунчаки шартнома эмаслигини амалда ҳам исботлаган. 1940 йилда Науру ҳали мустақил давлат мақомига эга бўлмаган даврда ҳам, Германия ҳужум қилганида Австралия кўмакка келган.

4. Маршалл ороллари республикаси

Маршалл ороллари / ©Wikimedia Commons

Тинч океанида жойлашган Микронезиядаги бу давлатнинг пойтахти Мажуро шаҳридир. Кўплаб майда ороллардан иборат бу мамлакатда 64 минг аҳоли истиқомат қилади. Бу давлат мудофааси бўйича жавобгарликни АҚШ ўз зиммасига олган.

5. Гренада

©Wikimedia

Кариб денгизининг жануби-шарқида жойлашган бу орол давлат ҳам ўз қуролли кучларига эга эмас. Лекин ҳужумга учраган чоғда Антигуа ва Барбуда, Барбадос, Доминика республикаси каби давлатлар ҳимояга чиқишади. Лекин бу давлатларнинг ўзлари ҳам етарли даражада ҳарбий кучларга эга эмаслиги учун барибир АҚШдан мадад кутишга тўғри келади.

6. Андорра князлиги

Шарқий Пиренейда, Франция ва Испания ўртасида жойлашган Европанинг бу митти давлатида денгизга чиқиш йўли сингари қуролли кучлари ҳам йўқ. Лекин тазйиққа учраганида Франция ва Испаниядан ташқари НАТО кучларига ҳам ишонса бўлади.

7. Палау

Тинч океанининг Филиппин денгизидаги 328 оролдан иборат бу давлат Филиппиндан 800 км узоқликда жойлашган. Аҳолиси бор йўғи 20 минг кишини ташкил қилгани ҳолда ўз пойтахтига ҳам эга — Мелекеок шаҳри. 1983 йилда имзоланган битимга кўра АҚШ ҳимоясига олинган.

8. Самоа

Тинч океанининг жанубий қисмида жойлашган бу давлат шу номдаги архипелагнинг ғарбий қисмларини банд этган. Пойтахти Апиа шаҳри Уполу оролида жойлашган. Янги Зеландия лозим бўлганда ҳарбий ёрдам кўрсатишни кафолатлаган.

9. Коста-Рика

Марказий Америкадаги энг кичик давлатлардан бири бўлган Коста-Рика икки қитъани боғловчи ҳудудда жойлашган. Пойтахти Сан-Хосе шаҳри бўлган бу давлат армияси 1948 йилда тарқатиб юборилган. Ички тартибни сақлаш учун фуқаролик гвардияси, чегара полицияси, соҳил қўриқчилари ва миллий полиция каби тузилмалар сақлаб қолинган. 1947 йилдаги келишувга кўра, АҚШ, Чили, Куба каби давлатларга ишониб хотиржам кун кўради. 

10. Соломон ороллари

Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмидаги Меланезияда жойлашган, шу номли архипелагнинг 992 оролини банд этган бу давлат ҳам ўз қуролли кучларига эга эмас. Шунингдек, зарур бўлганда қайси давлат ҳимоясига таяниши ҳам расман эълон қилинмаган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид