Спорт | 07:48 / 17.01.2019
70384
3 дақиқада ўқилади

Эрон ва Ироқ бош мураббийлари Равшан Эрматовнинг ҳакамлигига баҳо берди

Фото: REUTERS

Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг 3-турида Эрон–Ироқ учрашуви, гарчи ҳисоб очилмаган бўлса-да, кутилганидек, мусобақадаги энг марказий ўйинларга хос тарзда кечди. Уни бошқариб борган Равшан Эрматовнинг баъзи қарорлари, хусусан форслар яримҳимоячиси Умид Иброҳимий йиқитилган вазиятда Ироқ дарвозаси томон пенальти белгиламагани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳар икки жамоа бош мураббийидан ҳам бу ҳақда фикр билдиришни сўрашди.

Image
Карлуш Кейруш
Фото: Getty Images

«Ўйин шу қадар шиддатли кечдики, ҳозир ўзимни чарчагандек ҳис қиляпман. Иккала жамоа ҳам катта шижоат билан тўп сурди.

Ўйинни биз назорат қилдик. Биринчи бўлимда яхшироқ ўйнадик, иккита вазият яратдик. Иккинчи таймда эса мувозанат 50/50 бўлди. Охир-оқибат, ҳар иккала жамоанинг фидойилиги ва астойдил ҳаракат қилганини инобатга олсак, менимча, дуранг адолатли натижа бўлди», – деди Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш.

«Бугун биз учта жуда яхши жамоани кузатдик. Учинчиси – ҳакамлар гуруҳи эди. Реферига гап бўлиши мумкин эмас. Унинг тажрибаси катта экани кўриниб турди. Баъзи қарорларни қабул қилиш осон эмасди, шундай бўлса-да у ўта маҳоратли ҳакам эканини намойиш этди», – дея таъкидлади Кейруш.

Ўз навбатида, ироқликлар устози Сречко Катанец ўйиннинг биринчи бўлимида ҳакам форслар фойдасига қарорлар чиқаргандек туюлганини яшириб ўтирмади.

Image
Сречко Катанец
Фото: Getty Images

«Эҳтимол, ҳа, биринчи бўлимда. Аммо шуни ҳам тушунишингиз керакки, ҳакам жуда катта босим остида эди. Шунинг учун ҳам бу борада фикр билдирмайман.

Кейинги босқичдан бошлаб VAR тизимидан фойдаланилади. Шундай экан, плей-оффдан бошлаб ҳакамларга осонроқ бўлади», – деди Катанец.

Шу билан бирга, ўйиндан кейинги микст-зонада Эрон ҳужумчиси Сардор Озмундан ҳам бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашиш сўралди.

«Ўйин чиндан ҳам асабий кечди. Умид Иброҳимий йиқитилган вазиятда пенальти белгиланиши керак эдими ёки йўқ – буни мен эмас, бошқалар таҳлил қилсин, бу менинг ишим эмас», – дея фикр билдирди Сардор Озмун.

Эслатиб ўтамиз, Эрон ушбу дурангдан кейин гуруҳда Ироқ билан бир хил 7 очкодан тўплаб, тўплар нисбатидаги устунлик эвазига 1/8 финалга 1-ўрин билан чиқди. Форслар плей-оффда «B», «E» ёки «F» гуруҳларидан бирида 3-ўринни эгаллаган терма жамоа билан ўйнайди. Ироқ эса «Е» гуруҳи ғолибига (Қатар ёки Саудия Арабистони) қарши майдонга чиқади.

Мавзуга оид