АҚШ суриялик курдларга замонавий қурол берган – ОАВ
АҚШ қўшинларининг Суриядан чиқарилишига қарши бўлаётган америкаликлар суриялик курдлар мудофаа кучларига замонавий қурол берган. Бу ҳақда маҳаллий манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Yeni Akit нашри хабар берди.
Таъкидланишича, гап катта сондаги “Жавелин” ва “Тоу” танкларга қарши ракета мажмуалари ҳақида кетмоқда. Тахмин қилинишича, курдлар бу қуролларни яқин орада Сурия шимолидаги Манбижга кирмоқчи бўлаётган турк танкларига қарши қўллайди.
Маълум қилинишича, айни вақтда турк бўлинмалари бу мажмуаларни қидирмоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, айнан шу сабабли Туркия Манбиждаги ҳарбий операциясини бошламай турибди.
Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған агар АҚШ Фрот дарёсидан шарқдан ва Манбиждан курд кучларини олиб чиқмаса, унда Анқара уларга қарши операция бошлашини айтган. Кейинроқ Эрдўған АҚШ президенти Дональд Трамп билан 14 декабрдаги телефон мулоқотидан сўнг ҳарбий операцияни қолдиришга қарор қилганини маълум қилган. Мулоқот натижаларига кўра, Трамп Суриядан АҚШ қўшинларини олиб чиқишга қарор қилган.