Ўзбекистон | 13:13 / 21.01.2019
12425
13 дақиқада ўқилади

Аҳоли муаммолари билан ишлаш соҳасида янги тизимга ўтилмоқда

2019 йил 17 январда Ўзбекистон президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга берилган шарҳда мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши қандай сабаб-омиллар билан боғлиқлиги, ҳужжатга асос бўлган муаммолар ва бу йўналишдаги ўзгаришлар қайси жиҳатларда намоён бўлиши батафсил изоҳлаб берилди.

Фармон муқаддимасида қайд этиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси президенти номига кейинги икки йил мобайнида 2,5 миллиондан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани, Республика ишчи гуруҳлари томонидан уйма-уй юриш, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни ўрганиш натижасида яна 1,1 миллиондан ортиқ турли муаммолар аниқлангани жойларда ечимини кутаётган масалалар кўплигини, айримлари ўрта ва қуйи бўғиндаги ташкилотлар даражасида ҳал этилмаётганини кўрсатмоқда.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинганда бир қатор камчиликлар мавжуд экани маълум бўлди.

Аниқланган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Халқ қабулхоналари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона механизми мавжуд эмаслиги барча бўғиннинг бутун бир организм каби ўзаро уйғун ишлашига имконият бермаяпти. Шу боис ҳам тегишли ижтимоий-иқтисодий дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар, жойларда аниқланган бошқа муаммолар етарли даражада акс эттирилмаяпти. Боз устига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга, зиммасига юклатилган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли бажаришга етарли эътибор қаратмаяпти.

Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда фармонга мувофиқ 2019 йил 1 февралдан бошлаб Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда, Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинмоқда.

Мазкур янги тизимнинг биринчи ўзига хос шундаки, бундан буён Халқ қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди. Яъни энди Халқ қабулхоналари мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди, ўзи масъул бўлган ҳудудда мавжуд бўлган муаммоларни уйма-уй, объектма-объект юрган ҳолда аниқлайди.

Мазкур янги тизим жорий этилишининг асосий сабаби мурожаатлар билан ишлашнинг амалдаги тизими аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бермаётгани билан боғлиқ. Чунки барча давлат органлари каби Халқ қабулхоналари ҳам ўз фаолиятида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш амалиётидан фойдаланиб келмоқда. Бу эса фақат мурожаат туфайли юзага қалқиб чиққан муаммоларнигина рўйхатга олиш ҳамда у ёки бу тарзда муносабат билдириш имконини беради, холос.

Нега деганда, одам ариза ёки шикоят билан мурожаат қилмаса, бу унда умуман муаммо йўқ, дегани эмас. Айниқса, сабр-қаноат ва шукроналикни ҳаёт мазмуни, орияту ғурурни улуғ қадрият даражасида эъзозлайдиган халқимиз ўртасида дарду-ташвиш қийнаб турган бўлса-да, бу ҳақда маҳалла-кўй, мутасадди идора ва ташкилотларга мурожаат қилишни ўзига эп кўрмайдиган, истиҳола қиладиганлар кўп. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларни ҳал этиш соҳасида янги даврга қадам қўйилмоқда.

Юқорида айтиб ўтилганидек, бундан буён давлат органлари Халқ қабулхоналари бошчилигида ўзлари масъул бўлган ҳудудларда маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўради. “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал” деганларидек, муаммо ҳақида кимдир мурожаат қилиб келишини кутиб ўтирмасдан, халқ ичига, одамлар орасига чуқур кириб бориб, улар дуч келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ҳал қилиш янги тизимдан кўзланган бош мақсад ҳисобланади.

Мазкур фармонда белгиланган яна бир янгилик – туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари бошчилик қиладиган секторлар штаблари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларни маҳалла ва хонадонлар, оилалар кесимида таҳлил қилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа – бир йиллик ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиради.

Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси қисқа муддатли – бир йилга мўлжалланган манзилли тадбирлар режалари ижросини таъминлайди. Халқ қабулхоналари ва Президент Администрацияси бўлинмалари эса мазкур тадбирлар режалари ижросини назорат қилади.

Ўрта муддатли манзилли тадбирлар режалари, шунингдек, Президент виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларда акс этган тизимли муаммолар давлат инвестиция дастурлари, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини, халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларни ишлаб чиқишда инобатга олинади. Ушбу дастур ва лойиҳалар Ўзбекистон президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари билан келишилади. Яъни бундан буён турли дастур ва лойиҳалар бевосита одамлар йўллаган мурожаатлар таҳлили, реал ҳаёт манзарасини инобатга олган ҳолда тайёрланади.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, Халқ қабулхоналари ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш жараёнига жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа тегишли ташкилотларни жалб қилган ҳолда очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларини кўради.

Президент фармонида ўз ифодасини топган яна бир принципиал янгилик – Халқ қабулхоналари секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан тегишли Халқ депутатлари кенгашлари мажлисида муҳокама қилиш учун ҳар чоракда ахборот киритиши ҳамда ушбу ахборот юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботи эшитилиши белгилаб қўйилганидир. Мазкур таъсирчан ҳуқуқий механизм ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш борасида масъулият янада кучайиши, хато ва камчиликлар камайишига хизмат қилади, турли даражадаги раҳбарларнинг халқ олдида ҳисобот бериш тизими ҳаётий самара беришига янги бир туртки бўлади.

Ҳудудларни ўрганиш жараёнида аниқланган ва республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан Вазирлар Маҳкамасига ҳал қилиш учун киритилади.

Президент фармони билан Халқ қабулхоналарига бир қатор қўшимча вазифалар ҳам юклатилди. Хусусан, энди Президент Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш борасидаги фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб боради.

Яна бир муҳим жиҳати, фармон асосида Халқ қабулхоналари маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этиши бу жараёнларда авваламбор мурожаатларда кўтарилган ҳамда уйма-уй юриш пайтида маълум бўлган муаммолар ечими акс эттирилиши учун пухта замин яратади.

Фармонда Халқ қабулхоналарининг доимий эътибор марказида бўлиб келаётган долзарб ижтимоий масала – ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш масаласи юзасидан ҳам масъулиятли вазифа юклатилган. Бундан буён давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мазкур йўналишдаги ишлари Халқ қабулхоналари томонидан мувофиқлаштириб борилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрда қабул қилинган “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизмини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилган норма мазкур янги фармонда янада ривожлантирилган. Яъни бундан буён Халқ қабулхоналари давлат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ барча фаолиятни мувофиқлаштиради.

Юқорида қайд этиб ўтилган кенг кўламдаги долзарб вазифаларни бажариш шунга мутаносиб мақом ва ҳуқуқларга эга бўлишни ҳам талаб этади, албатта. Фармонда масаланинг ана шу амалий жиҳатлари ўз ечимини топган – Халқ қабулхоналарига бир қатор ҳуқуқлар берилиб, катта имкониятлар яратилган.

Биринчидан, Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганиш, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, шунингдек, секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этади.

Иккинчидан, Халқ қабулхоналарига секторлар штаби таркибига киритилган давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклифлар киритиш ҳуқуқи берилмоқда.

Учинчидан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ўз фаолияти учун зарур бўлган ахборот ҳамда ҳужжатларни сўраш ва олиш, уларнинг мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Тўртинчидан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан улар фаолияти ва кўрсатадиган хизматларига оид тартиб-қоидаларнинг аҳолига тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлашга қаратилган чоралар кўриш ҳуқуқи берилди.

Фармонда Халқ қабулхоналари масъул ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод этишнинг янги тартиби белгиланган.

Унга кўра, Президентнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари мудирлари – Ўзбекистон президентининг розилиги билан Президент Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Президентнинг туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари мудирлари – Президент Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Халқ қабулхоналарининг бошқа ходимлари – Ўзбекистон Президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Халқ қабулхоналарининг бошқарув ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ходимлари ҳисобланади.

Фармонда шунингдек Халқ қабулхоналари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ходимларнинг ойлик маошларини сезиларли даражада ошириш, хизмат автотранспорт воситалари билан таъминлаш, фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш юзасидан бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Президент фармонидан келиб чиқадиган вазифаларни ижро этиш асносида энди маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати конкрет маҳалладаги ижтимоий инфратузилмалар, иқтисодий вазият, ижтимоий муҳит, ижтимоий соҳа объектларининг ҳолатидан келиб чиқиб, “намунали”, “яхши” ва “қониқарсиз” тоифаларга ажратилган ҳолда баҳоланади. Бу шундан далолат берадики, эндиликда турли дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда биринчи навбатда энг оғир ҳудудларга эътибор қаратилиб, муаммоларни ечиш чора-тадбирлари кўрилади.

Фармонда яна бир муҳим масала ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эгадир. Унга кўра “Hudud” ахборот тизими янада такомиллаштирилиб, унга барча Халқ қабулхоналари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар интеграция қилинади. Натижада Халқ қабулхоналари ходимлари, секторлар штаблари аъзолари қоғоз кўринишида турли ҳужжатларни тўлдириш, юритиш, расмийлаштириш, сақлаш каби ишлардан халос бўлиб, асосий вақтини фуқаролар билан кўпроқ бевосита мулоқот қилиш, муаммоларни жойида ўрганиш учун узоқ ҳудудларга чиқиш ишларига сафарбар этади.

Шу билан бир қаторда, 2019 йилнинг 1 июлига қадар барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг вилоят бўлинмалари веб-сайтларини, 2020 йилнинг 1 январига қадар туман ва шаҳар бўлинмалари веб-сайтларини ташкил қилиш вазифаси қўйилгани фуқароларнинг давлат органларининг ҳудудий бўлинмаларига бевосита электрон тарзда мурожаат қилиш имкониятини яратади.

Мавзуга оид