Жамшид Кенжаев ўлими юзасидан суд иши давом этмоқда. Гувоҳлар тингланди
Жорий йилнинг 21 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни бошланганди. Суд мажлисининг дастлабки кунида судланувчилар сўроқ қилинганидан сўнг, суд 23 январга қадар танаффус эълон қилганди.
Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Сарвар Каримов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари А. Нишонов ва М. Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда.
Судланувчилардан бири Шодали Қиличов (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган. Шунингдек, Саидазим Камолдинов (1994 йилда Фарғона вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган), Алижон Ҳамраев (1982 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган) ва Жаҳонгир Ёрқулов (1992 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, «Aurum 898» тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.
Бугун, 23 январь куни суд жараёни давом эттирилди. Kun.uz мухбири хабар қилишича, бугун гувоҳлар сўроқ қилиш мақсадида чақирилди. Ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилгандан сўнг, уларга сўз берилди.
Суд мажлисида Ш. Турсунов, У. Ҳайитбоев, В. Смирнов, А. Адилов ва И. Фазлиддинов гувоҳ тариқасида чақирилди ва ўз кўзлари билан кўрганлари ҳақида сўзлаб беришди.
«Ўша мудҳиш ҳодиса содир бўлган куни бошқа ресторанда туғилган кунимни нишонлагандик. У ерда бошқа дўстларимиз ҳам бўлган. Кейин зиёфатни давом эттириш учун «Aurum-898»га боргандик. Ўшанда Жамшид мендан сал олдинроқда эди.
Биз келганимиздан сўнг, тезда можаро бошланиб кетди. Жамшидни итариб юборишди. Биз ажратмоқчи бўлдик. «Бўлди, ўзингни бос» дегандим, Шодали пичоқ чиқариб қолди. Жамшид қўриқчилар тарафга қараб югуриб кетди. Ур-тўполон бўлиб кетди. Стуллар учди. Ажратмоқчи бўлганимда, менга ҳам мушт тушди. Жамшидни олиб кетмоқчи бўлганимизда олишимизга қўйишмади, ўраб олишган эди. Роса уришаётган эди. Мен ҳаммасини кўрдим. Шодали унинг устига чиқиб олиб пичоқ билан ураётган эди. Кейин ҳам Жамшидни беришмади. «Бўпти, оғайнимни олиб кетай» дедим, лекин беришмади. Менга ҳам пичоқ уришган эди. Иккита жойимдан яралангандим», дейди Жамшид Кенжаевнинг дўсти бўлган Ш. Турсунов.
Унга нисбатан суд раиси, айбланувчиларнинг ҳимоячилари, жабрланувчи (Жамшид Кенжаевнинг аёли), давлат айбловчиси ҳолатни аниқлаштириш мақсадида бир неча саволлар беришди. Сўнгра, марҳумнинг яна бир дўсти Улуғбек Ҳайитбаев кўрсатма бериш учун чақирилди.
«Клубга боргандик. Мақсадимиз тўғри бориб, тўғри ўтириб, ўзаро ўйин-кулги қилиб қайтиш эди. Борганимизда қўриқчилар турган экан. Бизни киргизишмади. Орадан озроқ вақт ўтди. Жанжал тўполон бўлиб кетди. Қўриқчиларнинг қўлида пичоқ ва дубинкалар (махсус таёқ) бор эди. Пичоқбозлик бўлиб кетди. Жамшидни ўраб олишди. Олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилдик. Ҳеч қандай имконият бўлмади. Ҳаракатларимиз зое кетди. Иложи бўлмади олиб чиқишнинг. Мени қувлаб кетишди. Ўша жойда оғайним Шоҳрух (Ш.Турсунов) қолиб кетди. Унга ҳам пичоқ тиқишган», дейди У. Ҳайитбаев. Сўнгра, унга ҳам суд мажлисида бир неча саволлар берилди.
Ҳодиса содир бўлган вақтда қўриқчилардан бири бўлган Владимир Смирнов гувоҳ сифатида кўрсатма бериш учун чақирилди.
«Жамшидни олдинги иш жойларимдан биламан. Бошқа ресторанда турган вақтимда ҳам келиб турар эди. Жамшид ўша куни ярим тунда келди. Биз билан саломлашди. Келган вақтида ёнида пичоқ борлигини кўрдим. Пичоқни машинасида қолдириб кириши кераклигини айтдим. У ҳаммаси жойида эканини айтди. Ҳамкасбим Шодали келиб, у ҳам тушунтирмоқчи бўлди. Кейин Шерали келди. Озроқ гаплашгандан кейин ўртада жанжал бошланиб кетди. Ким бошлаганини билмай қолдим», дея кўрсатма берди В. Смирнов.
Сўнгра, гувоҳ тариқасида ўша вақтда «Aurum-898» тунги клуби администратори бўлган А.Адилов суд мажлисига чиқарилди.
«Ўша куни кўчада турган эдим. Раҳматли Жамшид келди. Адашмасам, қўриқчилар уни ичкарига қўйишмади. Сабаби ёнида пичоғи бор эди. Унга тушунтирмоқчи бўлишди. Чап чўнтагидан пичоқни олиб Шерали аканинг кўкрак қафасига пичоқ билан урди. Кейин тўс-тўполон бўлиб кетди. Шодали унга пичоқнинг қини билан урганини кўрдим. Участка нозирларига хабар бердик. Тергов жараёнида бизга терговчи видеони қўйиб берди. Унгача унчалик тушунмай қолдик, очиғи», деди гувоҳ.
Сўнгги гувоҳ сифатида ўша куни «Aurum-898»нинг қоровуллари таркибида бўлган И. Фазлиддинов суд мажлисига чақирилди.
«Мен ўша куни тунги клубдаги барда қўриқчилик қилаётган эдим. Шовқин бўлгандан кейин ташқарига чиқдим. Ташқарида ҳамма жой қон бўлиб кетганини кўрдим. Очиғи, ҳолатни кўриб шокка тушиб қолдим. Коридорда бита (бейсбол таёғи) ётган экан, ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида уни олдим. Лекин, ҳеч кимни урмадим. Жамшид Кенжаевни шахсан танимасдим. Воқеа жойида охиригача турдим. Кейин ИИБ ходимлари етиб келишди», дейди у.
Суд гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглагандан сўнг, суд мажлисини давом эттиришни 28 январь куни соат 11:00га қадар қолдириб, танаффус эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 8 августидан 9 августига ўтар кечаси, тахминан, соат 00:25 лар атрофида Юнусобод туманида жойлашган «Aurum 898» тунги клуби олдида юзага келган пичоқбозлик вақтида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси 25 ёшли Жамшид Кенжаев ҳалок бўлганди.
Ушбу фожиа интернетда катта резонанс келтириб чиқарди, тунги клуб ёпиб қўйилди.
Жамшид Кенжаевнинг ўлимида айбланиб, тунги клубнинг тўрт нафар қўриқчиси қамоққа олинган, 9 август куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Шодали Қиличовга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми («Қасддан одам ўлдириш») билан жиноят иши қўзғатилганди.
Мавзуга оид
16:19 / 24.12.2024
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024