Ўзбекистон | 23:10 / 01.02.2019
7848
5 дақиқада ўқилади

Оилаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу Меморандум қуйидаги йўналишдаги ишларни биргаликда амалга оширишни назарда тутади:

·      соҳага доир Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари ҳамда умумдавлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ижросини ҳамкорликда таъминлаш, бу борада қўшма режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

·      хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

·      жиноятчиликка мойиллиги бўлган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, маҳалла фаолларидан мураббийлар бириктириш орқали соғлом ҳаётга қайтариш шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, тиббий, психологик ва моддий ёрдамлар кўрсатилишини ташкил этиш;

·      нотинч оилалардаги нотинчлик сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оила турмуш фаровонлигини яхшилаш, фарзандлари ўртасида тарбиявий ишларни тизимли йўлга қўйиш юзасидан аниқ чораларни белгилаш ва амалга ошириш.

·      оилавий ажримларни олдини олиш мақсадида, никоҳни бекор қилиш учун берилган аризалар асосидаги оилаларни ўзини ўзи бошқариш органлари қошидаги яраштириш комиссиялари билан ҳамкорликда ўрганиш ҳамда муаммоларни ҳал қилиш орқали, оилани сақлаб қолиш чораларини кўриш.

·      ота-оналарнинг соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдаги ўрни ва ролини, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдаги масъулиятини ошириш, “Ўз болангни ўзинг асра” тамойилини амалий ҳаракатга айлантириш;

·      Хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди маблағларидан фойдаланишда оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган, уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, маслаҳат, тиббий ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган аёллар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик қилиш;

·      Фуқаролар йиғинларининг Яраштириш комиссиялари, шунингдек, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларни оилавий низолар ва ажрашишлар тўғрисида эрта огоҳлантириш юзасидан фаолиятини такомиллаштириш;

·      Фуқаролар йиғинлари ҳузурида фаолият кўрсатаётган яраштириш комиссиялари раислари иш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида “Оила” маркази ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этилган ўқув курсларида малака оширишларини ҳамда яраштириш комиссиялари аъзолари учун семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш;

·      ота-оналарнинг оилада соғлом муҳитни яратиш ва фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш, оилавий ва қўни-қўшничилик муносабатларнинг ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат тамойилларига асосланишига эришиш, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, “Қўшнинг тинч-сен тинч” каби умуммиллий тарбия тамойилларининг аҳамиятини аҳоли онгига сингдириш, “Ўз болангни ўзинг асра” тамойилини амалий ҳаракатга айлантиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, тарғибот ишларини ҳамкорликда ташкил этиш ва ўтказиш,мазкур тадбирларда аҳолининг кенг иштирокини таъминлаш;

·      маҳаллаларда аҳоли ўртасида оила маънавияти ва маърифати, никоҳ ва оила ҳуқуқи, шунингдек, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, оилавий тадбирлар маърифати тўғрисида тарғибот тадбирларини ҳамкорликда амалга ошириш.

Томонлар ушбу Меморандумда назарда тутилган вазифаларни бажариш учун сарфланадиган харажатларни ўз маблағлари, ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади. Ҳамкорлик фаолияти юзасидан алоҳида ҳолатларда эса ўзаро молиявий кўмаклашиш бўйича қўшимча келишиб олишди.

Мавзуга оид