Спорт | 07:42 / 04.02.2019
28379
2 дақиқада ўқилади

Бедарак йўқолган футболчи учган самолёт топилди

Фото: AFP 2019 / LOIC VENANCE

АПЛнинг “Кардифф Сити” клубининг янги ўйинчиси Эмилиано Сала учган ва радарлардан йўқолиб қолган Piper PA-46 Malibu самолёти Ла-Манш бўғози тубида топилди. Бу ҳақда SkyNews маълум қилди. 

Енгил моторли самолёт 22 январда футболчи ва учувчи билан Франциянинг Нантидан Уэльснинг Кардиффига парвоз вақтида йўқолиб қолганди. Сала парвоз олдидан самолёт бўлакланиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдириб овозли хабар ёзишга улгурган. Кейинроқ учувчи йўловчиларни ташишга лицензияга эга бўлмагани аниқланган.

Самолётни футболчини қидириш операциясида иштирок этган FPV Morven кемаси экипажи аниқлаган. Спортчи ва учувчининг оиласи самолёт топилганидан хабардор қилинган. 

Полиция самолётни қидиришни 24 январда якунлаган. Аргентиналик футболчи омон қолганига имкон жуда оз бўлган. Кейинги қидирув ишларини футболчининг оиласи ўз қўлларига олган. Ушбу мақсадда краудфандинг платформаси орқали зарур маблағ тўплангач, қидирув ишлари икки кема ёрдамида давом эттирилган.

Мавзуга оид