Жаҳон | 23:50 / 12.02.2019
9402
2 дақиқада ўқилади

Тинчлик учун Нобель мукофотига 300 дан кўпроқ номзод илгари сурилди

Норвегиянинг Нобель қўмитаси 2019 йилда тинчлик учун мукофотга 304 номзодни, жумладан 219 киши ва 85 та ташкилотни илгари сурди. Бу ҳақда қўмитанинг баёнотида айтилган.

Бундай кўп сондаги номзодлар мукофот тарихидаги энг йирикларидан бири ҳисобланади. Рекорд сондаги номзодлар 2016 йилда илгари сурилган, ўшанда мукофотни олишга 376 номзод имконият олган.

Қоидаларга кўра, даъвогарлар исми ҳам, уларни танлаб олувчи қўмита аъзолари исми ҳам 50 йил давомида ошкор қилинмайди. 

2018 йилда тинчлик учун Нобель мукофотини конголик жарроҳ Дени Муквеге ва ироқлик ҳуқуқ ҳимоячиси, ИШИДнинг собиқ асираси Надя Мурод олган.

Олим Алфред Нобель васиятига кўра, тинчлик учун мукофот “халқларнинг бирлашуви ва амалдаги армиялар сонининг камайиши, тинчлик конгрессларини ўтказиш ва уларга эътибор қаратиш учун бошқалардан кўпроқ ҳисса қўшган ва муваффақиятга эришган шахсга” берилади. Тинчлик учун Нобель мукофоти 99 марта берилган, уни 133 киши олган. 

2018 йилда мукофот пули 9 млн кронни (1,02 млн доллар) ташкил қилган. Ушбу мукофот эгалари одатда олинган пулларни хайрия ишларига сарфлашади. Мукофот Ослодаги ратушада декабрда бўлиб ўтади. Маросимда Норвегия ҳукумати аъзолари ва қироллик оиласи иштирок этади.

Мавзуга оид