Спорт | 13:20 / 21.02.2019
17686
9 дақиқада ўқилади

Пенальти, пенальти ва қизил карточка. Лекин «Сити» VAR’ни ожиз қолдирди

Фото: Reuters

Инглизлар Гельзенкирхендаги ўйинда пенальтидан иккита гол ўтказишди, бир киши кам бўлиб қолишди ва барибир ғалаба билан қайтишди.

«Шальке» (Германия) – «Манчестер Сити» (Англия) – 2:3 (2:1)
Голлар: Агуэро, 18 (0:1). Бенталеб, 38 – пенальти (1:1). Бенталеб, 45 – пенальти (2:1). Л.Сане, 85 (2:2). Стерлинг, 90 (2:3).
«Шальке» (Гельзенкирхен): Ферманн, Брума, С.Сане, Настасич, Калиджури, Сердар, Бенталеб, Маккенни (Скрцибски, 77), Очипка, Мендиль (Бургшталлер, 65), Ут (Харит, 88).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Фернандинью, Отаменди, Ляпорт, Де Брейне (Зинченко, 87), Гюндоган, Сильва (Компани, 70), Стерлинг, Агуэро (Л.Сане, 78), Бернарду Силва.
Огоҳлантиришлар: Отаменди, 37. Ут, 41. Фернандинью, 43. С.Сане, 73. Эдерсон, 90+5. Бургшталлер, 90+5.
Четлатиш: Отаменди, 68.
Ҳакам: дель Серро Гранде (Испания).
20 февраль. Гельзенкирхен. «Фельтинс-Арена».
Жавоб ўйини – 12 март.

Қуръа натижаларидан кейин «Манчестер Сити»нинг омади келгани, «Шальке»га қарши ўйинлар натижаси олдиндан маълумлиги айтилган бўлсада, бу ўйин камида икки футболчи учун, Матии Настасич ҳамда Лерой Сане учун аҳамиятли эди. Биринчиси Гельзеркирхенга келишдан аввал «Сити» шарафини ҳимоя қилган, иккинчиси «Шальке» тарбияланувчиси саналади. Майдон эгалари устози Доменико Тедеско сербиялик футболчини бошланғич таркибда туширди, Гвардиола эса Санени захирада мадад кучи сифатида ушлаб туришга қарор қилди.

Агуэронинг рекорди

Ўйиннинг илк дақиқалариданоқ майдон эгалари олдинга ташланишди, «Шальке»нинг 5 ҳимоячиси доимий босим остида ушлаб турилди. Барчадан кўпроқ Серхио Агуэро фаоллик кўрсатди, у жамоасининг кейинги 9 ўйинидан 6тасида ҳисобни очувчи голни урганди. Аргентиналик ҳужумчи рақибни прессинг қилар ва зарба бериш учун қулай пайт пойларди. Унга илк хавфли вазиятни шериклари яратиб беришди, тўп жарима майдонига олиб кирилди ва Агуэрога кучли зарба йўллади, лекин бу вазиятда Ральф Ферманн зарбани бартараф этди. 

Бўлим ўрталарига келиб «Сити»нинг майдондаги устунлиги ҳисобда ҳам акс этди. Майдон эгаларининг ўзи голга сабабчи бўлишди, Марк Ут майдон марказида иккинчи қаватда тўп учун курашда ютқазди, «Шальке» футболчилари эса ҳакамга қоида бузилганини уқтиришга киришиб кетишди, бу вақтда Агуэро таъқиби остидаги мезбонлар ҳимоячиси тўпни дарвозабонга узатди, довдираб қолган Ферманн эса тўпни рақибнинг икки футболчиси ўртасидаги ҳимоячига, Лерой Саненинг укаси Салиф Санега узатди, аммо Сильва чаққонроқ ҳаракат қилди ва тўпга эга чиқиб, уни бўш дарвоза қаршисида қолган Агуэрога ташлаб берди. Мезбонлар ҳакамга босим уюштиришда давом этишди (ҳолбуки, немис футболчиларининг ўзи Ут билан боғлиқ вазиятдан кейин ўйинни давом эттиришганди), испаниялик ҳакам Карлос дель Серро Гранде видеотакрорни кўриб чиқиб, голни инобатга олди.

Шу тариқа, Агуэро Чемпионлар лигаси тарихида қаторасига еттита сафар ўйинида гол урган инглиз клуби футболчисига айланди.

VAR ва Бенталебдан дуплет

Ҳисобда олдинда бораётган «Манчестер Сити» ҳужум қилишда давом этди, аммо энди иштиёқ бироз пасайганди. «Шальке» эса рақибни майдон марказида қатъийлик билан кутиб ола бошлади ва кичик фоллар кўпайди. Шундай вазиятлардан бирида майдон марказида тўпни эгаллаб олган немислар Даниель Калиджурини зарба бериш нуқтасига чиқаришди, аммо кучли зарба йўлидан меҳмонлар ҳимоячиси Николас Отаменди чиқиб келди. Тўп ўз йўлида ҳимоячининг қўлига тегиб, майдондан ташқарига чиқиб кетди. Ҳакам аввалига бурчак тўпи белгилади, аммо немис футболчилари босими остида видеоҳакамга мурожаат қилиб, қарорини ўзгартирди. У Отамендига сариқ карточка кўрсатиб, «нуқта»ни кўрсатди.

Бундан олдинроқ «Шальке» мураббийлар штабида ғалати ҳолат кузатилди. Арбитр футболчиларнинг эътирозларини тинглаб, уларга нега пенальти эмас, бурчак зарбаси белгилаганини тушунтираётганида, Тедеско ва ёрдамчи мураббийлар смартфонда видеотакрорни кўриб бўлишган ва ҳакамга апелляция қила бошлашганди.

Қайд этиш керакки, ҳакам видеотакрорни кўрмади, у видеоҳакам Алехандро Эрнандес-Эрнандеснинг маслаҳати билан иш тутди. У мониторга бормади, икки жамоа сардорларини чақириб, улар билан вазиятни муҳокама қилди. Кейин Эрнандес-Эрнандесга қулоқ тутиб, пенальтига рухсат берди. Бу муҳокамалар жараёнига 4 дақиқа кетди. Барчаси шубҳали кўринарди. Ўйиндан кейин айтишларича, ўйин вақтида монитор ишламай қолган ва бош ҳакам видеоёзувни кўра олмаган. У видеоассистент ёрдамига таянишга мажбур бўлган.

Набиль Бенталеб пенальтини аниқ ижро этди - у тўпни ўнг бурчакка йўллади, Эдерсон чапга сакради.

Бир неча дақиқа ўтиб гельзенкирхенликларнинг Санеси биринчи голдаги хатосини тузатди, у жарима зарбаси белгиланган вақтда рақиб жарима майдонида қулай позицияга чиқиб борди. Бу вақтда марказий ҳимоячига айланган Фернандиньо Санени йиқитди ва Гранде яна бир бор 11 метрлик нуқтани кўрсатди.

Бенталеб бу сафар тўпни чап бурчакка тепди, Эдерсон яна чап бурчакка сакради аммо тўпга етолмади. Жазоирлик футболчи қаторасига 15-марта пенальтини аниқ ижро этди.

Халоскор Сане ва Стерлинг

Кетма-кет тарсакилардан кейин Гвардиола «Шальке»ни прессинг билан қийнаб қўймоқчи бўлди. Аммо ҳисобдаги устунлик ва кўп сонли мухлисларнинг қўллаб-қувватловлари остида ҳаракат қилаётган мезбонлар ўзларини йўқотиб қўйишмади. «Сити» узоқ вақт давомида «Шальке» ҳимоясини бузиб ўта олмади, иккинчи бўлимнинг охирги 10-дақиқасигача манчестерликлар дарвоза томон бирорта зарба беришмади, ҳимоя ёриб ўтилиб, жарима майдонига кирилганда эса инглизлар жамоаси футболчилари йиқилишга шошилишарди. Ҳакам бу томошаларни эътиборсиз қолдирди, лекин Отамендини Гвидо Бургшталлерга ишлатган қўполлигига эътибор қаратди - иккинчи сариқ карточка ва меҳмонлар бир киши кам бўлиб қолишди. Қизиқ жиҳати, бу аргентиналик футболчи учун фаолиятидаги илк қизил карточка бўлди.

Ўйин охирлаб бораётганида Гвардиола ўз Санесини майдонга ташлади. Сане эса миннатдорчилигини узоқ куттирмади, майдонга тушганига 7 дақиқа ўтганида ҳисобни тенглаштирувчи голни урди. Раҳим Стерлинг жарима зарбаси ишлади, Сане уни ажойиб тарзда ижро этди. Аввалига Лерой қўлини тепага кўтарди, аммо кейин трибунадаги мухлислардан ҳиссиётга берилгани учун узр сўради.

Ҳисоб 2:2 бўлиб турганида майдонга Кевин де Брюйне ўрнига Александр Зинченко туширилди. Ўйин қаҳрамони Стерлинг бўлди, у ўз дарвозабони узатган тўпни ўзига бўйсундирди ва рақиб жарима майдонига ёриб кириб, Ферманнинг яқин бурчагини ишғол этди - 3:2!

«Шальке»га дурангни сақлаб қолиш учун бир неча секунд етмай қолди. «Сити» муҳим ғалаба билан қайтадиган бўлди. Ҳакамнинг қарорлари «Сити»га тўсқинлик қила олмади.

Мавзуга оид