Спорт | 11:06 / 01.03.2019
7157
2 дақиқада ўқилади

Раньери яна ишсиз қолди

«Фулҳэм» бош мураббийи Клаудио Раньери ўз лавозимини тарк этди.

Клуб раҳбарияти «Саутҳемптон»га (0:2) қарши ўйиндаги мағлубиятдан сўнг, мутахассис билан имзоланган шартномани бекор қилди.

2015-16 йилги мавсумда «Лестер»ни тарихий чемпионликка етаклаган италиялик мутахассис кейинги мавсумдаёқ қониқарсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилганди. 

Кейинроқ у Франция чемпионатида «Нант» клубини бошқарди ва муваффақиятга эриша олмади, клуб мавсум якунида тўққизинчи ўринни эгаллади ҳамда мураббийни ишдан бўшатди.

Раньери 2018 йил Англияга яна қайтди, ўтган йил ноябрида Славиша Йоканович ўрнига «Фулҳэм» бош мураббийи сифатида тайинланди. Унинг қўл остида жамоа 16та ўйин ўтказиб, 3 ғалаба, 3 дуранг ва 10 мағлубият қайд этиб, 12 очко жамғарди холос.

Энди «Фулҳэм»нинг собиқ яримҳимоячиси Скотт Паркер жамоани вақтинчалик бошқариб туради.

Бироз аввалроқ, 25 февраль куни Клаудио Раньерининг собиқ жамоаси «Лестер» Клод Пюэлни ишдан бўшатгач, италиялик мутахассис қадрдон жамоасига қайтишини тахмин қилганди. Аммо 27 февраль куни «Лестер» Брендан Роджерсни бош мураббийликка таклиф қилди, 28 февраль куни Раньери ишдан бўшатилди.

Мавзуга оид