Жамият | 20:59 / 04.03.2019
25605
8 дақиқада ўқилади

Ҳаким Зарипов: “90 йилдирки ўзбек цирк санъатидаман”

“Ўзбек давлат цирки” ўзининг кўп йиллик тарихига, мустаҳкам анъаналарига эга. Шунингдек бу даргоҳда шундай бир сулола вакиллари ижод қилганларки, уларсиз миллий цирк санъатимизни тасаввур қилиб бўлмайди. Карим Зариповнинг ягона ўғли, санъатининг, сулоласининг муносиб давомчиси, Халқ Артисти Ҳаким Зарипов 95 ёшни қарши олмоқда. Шундан 89 йиллик умри бевосита цирк санъати билан боғлиқ.

Суҳбатимиз Ҳаким Зарипов равон гапирадиган рус тилида кечди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Отам ҳақида

“1924 йилда Тошкентда туғилганман. Айтишларича, отам мени чақалоқлигимдаёқ отга миндирган экан. Эсимни таниганимдан, олти ёшимдан буён циркда отлар билан турли дастурларда иштирок этаман. Отам рус тилида равон гапирарди. Москвадан ташриф буюрган меҳмонлар ундан “нега сизларда цирк йўқ?” деб сўраганларида нима деб жавоб беришни билмаган. Тўғри, бизнинг ҳудудларга темирйўл тортилганидан кейин турли хил кўчма цирклар келиб кетишган, томошалар кўрсатилган, аммо мунтазам фаолият юритувчи цирк жамоаси бўлмаган. Отам юқори ташкилотларга бу таклиф билан чиқади ва нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўрта Осиёда ягона бўлган цирк ташкил қилинади. Энг қизиғи, дастлаб Ўзбекистон цирки Москва циркига бўйсунмаган.

Отам турли шаҳарларда ўзича фаолият юритаётган артистларни, дорбозларни, жумладан Тошкенбоевларни ҳам таклиф қилади ва ўзбек цирки яхлит жамоа шаклида ўз фаолиятини бошлайди.

Дастлаб шу даражада қийин бўлганки, дорбозлар арқонни қаерга боғлашни билишмаган. Деворга, деразаларга боғлаб, томошалар кўрсатилган. Кейинчалик ўша айрисимон устунлар ўрнатилган, дорлар баландлиги оширилган, дорбозлик санъати бошқа томошалар билан уйғунлаштирилган. Санъатсевар халқ бу дастурларни жуда яхши кутиб олган”.

Отларга муҳаббат

“Юқорида туғилганиданоқ отга миндирилганим, эсимни таниганимдан дастурларда иштирок этганим ҳақида айтгандим. 1938 йилда отам бошчилигида “Ўзбекистон йигитлари” чавандозлар гуруҳида иштирок эта бошладим. 1952 йилдан 2006 йилга қадар – 54 йил давомида шу гуруҳга раҳбарлик қилдим. Тарбиялаган шогирдларим, томошаларга тайёрлаган отларимнинг саноғига ета олмайман. Отам Карим қизиқ цирк санъатининг турли жанрларида ижод қилса-да, отларга меҳри бўлакча эди. Кейинчалик бу муҳаббат менга, мендан ўғил қизларимга ва ҳатто жиянларимга ўтди. Ҳозирга қадар эрта тонгдан келиб жониворлар ҳолидан хабар олмасам кўнглим жойига тушмайди”

Икки томон талашуви

Глиэр номидаги мусиқа мактабини тугаллаганимдан сўнг, Тошкент давлат консерваториясининг дирижёрлик факультетида ўқидим. Устозим Мухтор Ашрафий мени жуда яхши кўрар, санъат сирларини қунт билан ўргатарди. Жуда ёшлигимданоқ, ҳали ҳақиқий дирижёрликда ўзимни синаб кўрмаган пайтимда мени операга чиқарганлар. Қўлимдан келмаслигини айтиб эътироз билдирганимга қарамай руҳлантирганлар. Ўшанда дурустгина дирижёрлик қилгандим.

Тушгача мусиқа билан бандман, тушдан кейин циркка келиб отлар билан шуғулланаман. Икки томон ҳам мени қўйиб юборгиси келмайди, ўзим ҳам қайси томонни танлаш бўйича бир қарорга кела олмайман. Шундай кунларда мусиқа бўйича устозларимга ҳурматли кишилар “ахир Карим Зариповнинг ўғли битта, циркчилар сулоласининг ишини ким давом эттиради?” деб эътироз билдирганларидан кейин мени қўйиб юбордилар ва ўз фаолиятимни тўла-тўкис циркка бағишладим”.

Уруш хотиралари

“Уруш бу даҳшат... Тарих бу хатоларни қайтармаслиги керак! Мен ҳам ишга жўнаётган жойимда военкоматга олиб кетишган. “Ишга боришим керак” десам “Ватан учун урушга кириш шарт!” дейишган. Ўша пайтларда буйруқлар умуман муҳокама қилинмасди. Ҳеч бўлмаса отамни хабардор қилиб қўяй деб, дарвоза ёнида юрган болакайга “борсанг сени циркка киргизишади” деб хат ёзиб бериб юбордим. Отам дарҳол етиб келди.

Туркманистоннинг Чоржўй шаҳрида ўқув машғулотларида бўлдик. Мени отлиқ кавалерияга олишди. Азалдан наганда жуда яхши отардим. Бу ҳам қўл келди. Поездга чиққанимизда ҳарбий кийимларимни ҳам, пулларим-у ҳужжатларимни ҳам йўқотиб қўйдим. Бизни Москва яқинида пойтахт мудофааси учун ташладилар. Уст-бошим абгорлиги учун аскарлар турли хил кийимлар беришди. Шунда шинелли бир йигит менга ўзининг уст-боши ва отини таклиф қилди. Кейин билсам у йигит жангга кириши керак экан. Ўрнига мен жангга кириб кетдим. Бир қишлоққа борганимизда олдимда кетаётган командир биринчи уй ёнидан бурилишимиз кераклигини айтди. От чоптириб кетаётганимизда немислар автомат билан ўт очишди ва қатор аскарларимиз қаторида командир ҳам ҳалок бўлди. Мен отга энгашганимча тўппонча билан иккита фрицни отиб ташладим. Ўша икки душман ҳаёти менинг гарданимда.

Ахир бошқа иложим ҳам йўқ эдида, ё у мени, ё мен уни...

Кейин Сталин барча артистларни орқага қайтариш бўйича буйруқ чиқарди ва мен фронт ортига қайтиб келдим”.

Оилам ва бугунги кун

“Мендан “нечта фарзандингиз бор?” деб сўрашса “ўзим ҳам билмайман, лекин ўз оиламда уч нафар” деб ҳазиллашиб жавоб бераман. Чунки циркдаги барча ходимларни мен шогирдларим, фарзандларим деб айта оламан. Ҳар куни улар билан кўришаман, уларни қизиқтирган масалаларда маслаҳатларимни бераман.

Ўзимнинг икки қиз ва бир ўғлим бор ва улар ҳам сулоламизнинг давомчиларидир. Ўғлим Анвар ҳозир 63 ёшга кирди, Москва циркида ишлайди, тез-тез келиб туради. Набираларим, жиянларим ҳам бу санъат вакилларидир.

Циркимиз биноси тўлиқ реконструкция қилиниши мўлжалланаётганини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Ўзим бир нечта цирклар лойиҳаларига ҳаммуаллифлик қилганман. Бу биномиз манежида айрим камчиликларга йўл қўйилган, умид қиламанки улар бартараф этилади. Ўзбек давлат цирки улкан тарихга эга ва мен ҳам унинг бир бўлагиман!”.  

Биз ижодий жамоамиз билан Халқ Артисти Ҳаким Зарипов ҳамроҳлигида “Ўзбек давлат цирки”ни айланиб чиқдик. Ҳаким бобо улуғ ёшига қарамай улкан цирк мажмуасининг ҳар бир бурчагини яхши эслаб қолган, ҳамма ёшларни танийди, эндигина шогирдликка тушган артистларгача алоҳида тўхталиб, ўз маслаҳатларини бериб ўтишни канда қилмайди. Нафақат маслаҳат, балки енгил ҳазиллар қилиб қўйишни ҳам унутмайди.

Циркнинг барча ходимлари ҳақли равишда у кишини устоз деб билишади, барча муҳим масалаларни бамаслаҳат ҳал қилишади.

Устоз санъаткор билан биргаликда циркнинг ҳовлиси, артист ҳайвонлар сақланувчи бўлимларини ҳам айландик. Айниқса отларнинг ёнига келганда Ҳаким отанинг кўзлари қувнаб кетди. Бу улкан жониворлар устида ўтказган йилларини, қизиқарли воқеаларни сўзлаб берди. Қўйиб берса ҳозир ҳам эгарга ўтиришга тайёр эди, аммо буни сўрашга ҳадикдик.

Цирк ёнидаги майдонда сайр қилдик. Ҳаким Зариповнинг нигоҳлари яна бир бор қадрдон масканни айланиб чиқди.

Тарих силсиласида не-не одамлар ўтган. Лекин шундай инсонлар борки ўз меҳнати, санъати ва мазмунли узоқ умри билан мозийнинг бир бўлагига, ҳаётликларидаёқ жонли тарихга айланадилар. Бугунги қаҳрамонимизни ҳам бемалол жонли тарих деб аташимиз мумкин!

Суҳбатдош Аброр Зоҳидов,
тасвирчи Фазлиддин Абдуқодиров.

Мавзуга оид