Спорт | 15:58 / 14.03.2019
13125
10 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: «Терма жамоа аъзоларининг жисмоний ҳолати бўйича шикоятим йўқ»

Ўзбекистон миллий терма жамоаси март ойидаги ФИФА кунларида Хитойда ташкил этиладиган «China Cup» турнирида қатнашади. Бугун мусобақа олдидан бош мураббий Эктор Купер иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Tribuna.uz мухбири.

«Тайёргарлик учун вақтимиз жуда кам бўлади. Ихтиёримизда 8 кунгина вақт бор. Турнирдан асосий мақсад – ўйинимизни кучайтириш. Ҳозиргача эришган натижаларимизни мустаҳкамлаб, хатолар устида ишлаймиз. Лекин биз барибир ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз.

Таркибимиз Осиё Кубогидаги билан деярли бир хил. ОТЖдан ҳам баъзи футболчиларни чақиришни ният қилгандик, лекин улар шу ой Осиё чемпионати саралашида қатнашишади», – дея дастлабки фикрларини билдирди аргентиналик мутахассис.

– Ўтган даврдан қандай хулосалар чиқардингиз ва терма жамоага қандай ўзгаришлар киритмоқчисиз?
– Ҳам ижобий, ҳам салбий хулосалар чиқардим. Терма жамоа ўйинида мени хурсанд қилган жиҳатлар ҳам, салбий томонлар ҳам бор. Турнир олдидан катта ўзгаришлар қилишга бизда вақт йўқ. Фақат баъзи кичик деталларни ўзгартириш орқали жамоа ўйинини яхшилашга ҳаракат қиламиз. Уругвай билан ўйинда Австралияга қарши кўрсатган ўйинимизни намойиш этишимизни истайман, футболчилар яна ҳам яхшироқ ўйнашларига умид қиламан. Турнирга тайёргарлик учун деярли вақт қолмайди, қисқа вақт ичида мўъжиза кутиш ярамайди. Фақат биз қилмоқчи бўлган кичик ўзгаришлар ғалабамизни таъминлаши мумкин.

Биласизлар, мураббийлар вақт етишмовчилиги ҳақида жуда кўп гапиришади. Чунки биз ишланмаларни машғулот давомида синаб кўришимиз керак. Бирданига ўзгартириш қила олмаймиз, аввал машғулотларда синаб кўргандан кейингина ўзгаришга қўл уришимиз мумкин. Масалан, Туркиядаги йиғин давомида бизда етарлича вақт бўлди ва шунинг учун ҳам жамоа ўйинида яхшиланиш бўлди. Қисқа вақтда бунга эришиш қийин масала.

– Осиё Кубогида чемпион бўлиш учун бораётганимизни айтган эдингиз, аммо нимчорак финалдан ортга қайтдик. Қолаверса, барча терма жамоалар мураббийида ҳам вақт ана шундай кам – уларда ҳам фақат ФИФА кунларида йиғилишади.
– Ай-ай-ай (хитоб қилади). Менга шартнома таклиф қилишганида, менинг шартномамда нима деб ёзилган, биласизми, биз – Жаҳон чемпионатига чиқишимиз керак, дейилган. Сиз эса Осиё Кубогини ютишимиз керак, демоқдасиз. Менга, масалан, таркиб ҳақида, уни келажакда ёшартириш ҳақида гапиришмаган. Футболда келажак деган гап йўқ, биз ҳозир чиқишимиз ва ғалаба қозонишимиз керак. Осиё Кубогида 1/8 финалда ютқаздик, ҳақсиз, менинг айбим, тўғри, юта олмадик. Лекин бизнинг ҳозирги мақсадимиз – Жаҳон чемпионатига чиқиш.

Бунинг учун жуда кўп футболчиларни кузатиб борамиз. Албатта, ОТЖ – бунда асосий мўлжалимиз бўлади. Уларнинг мураббийи ҳам испанчада гаплаша олади. Барча энергиямиз ЖЧга чиқишга қаратилган. Таркибни ёшартириш муҳим, лекин ОТЖ бизнинг ўзагимиз бўлади. Ҳозир келажак ҳақида гапиришни истамайман. Биз учун келажак – Хитойдаги турнир. Ўша Хитойдаги ўйинларимиз ЖЧ саралашига асос бўлиши керак. Агар келажак ҳақида ўйлашни бошласак, диққатимиз бўлинади. Ҳозир бутун эътиборимиз шу турнирга қаратилган. Келажакни кўраётганим йўқ. Балки Хитойдаги турнирда ютқазармиз, кейин мени ишдан бўшатиб юборишар. Натижага қараймиз, келажак дегани доим нисбий нарса. Асосийси пухта режа тузиб олишимиз шарт ва яхши йўналишда кетяпмиз.

Осиё Кубогидан ўзим ҳам кўпроқ нарса кутгандим. Лекин ўйлаганимиз амалга ошмади. Мен айбдорман. Ўйинларда фақат ғалаба учун майдонга тушаман. Асосий мақсад – Жаҳон чемпионатига чиқиш.

– Осиё Кубогида Япония, Австралия каби грандларнинг кучини кўрдингиз. Саралашда уларни қандай мағлуб эта олишимиз мумкин?
– Ҳа, мен бу жамоаларни юта оламиз, деб ўйлайман. Жамоаларнинг ҳақиқий кучи расмий ўйинларда кўринади, тўғри. Австралия ва Япония каби жамоаларни келажакда юта олишимизга ишонаман. Биз ягона мақсад йўлида ҳаракат қилсаккина, уларни ютишимиз мумкин. Осиё Кубогида улар билан тенгма-тенг ўйнай олишимизни исботладик. Ҳозир эътиборимизни 3-4та турли масалага, масалан таркибни ёшартириш кабиларга қаратмаслигимиз керак. Уругвайда Суарес, Кавани кабилар бор, бу ўйиндан мақсадимиз жамоани кучайтириш ва расмий ўйинларга тайёрлаш.

– Осиё Кубогидаги 4та ўйинни тўлиқ техник таҳлил қилишингиз учун қанча вақт керак бўлди?
– Дастурлар бизга катта ёрдам беради, кўп вақтимизни тежайди, аммо шуни айтишим керакки, мен аналитик эмас. Штабимда бу билан шуғулланадиган инсонлар бор. Футболда доимо инсон омили муҳим, футбол – арифметика эмас. 50 йилдан кейин балки мураббийлар футболчиларни компьютер орқали бошқаришар, майдонга ҳам чиқиб ўтиришмас, аммо ҳозир ватанига муҳаббат, ўзини фидойи қилиб ўйнаш истаги кабилар аҳамият касб этади.

Албатта, федерация бизни барча замонавий технологиялар билан таъминлаган. Осиё Кубогидаги ўйинларимиз таҳлилини давом эттирмоқдамиз.

– Наҳотки Осиё Кубогидаги иштирокимизни ҳамон тўлиқ таҳлил қилиб чиқмаган бўлсангиз?
– Биласизми, бир фильмни телевизорда мен неча марталаб кўришим мумкин? 5-6 марталаб. Ҳар сафар кўрганимда нимадир янги нарса оламан. Балки бошқа мураббийлар мендан кўра яхшироқдир, лекин мен Осиё Кубогидаги ўйинларимизни ҳали-ҳамон кўриб чиқяпман.

– Етарлича вақт Ўзбекистонда яшаб, бу ердаги ҳаёт тарзини ўргандингиз. Ўзбек футболчиларига корейс ёки япон футболчиларидек кучли лигаларда ўйнаб кетишлари учун нима етишмаяпти?
– Жуда қийин савол. Балки Ўзбекистондан чиққиси келмас. Балки Европага боргилари келмас. Кимгадир Россия, кимгадир Хитой, кимгадир БАА ёқади. Буни яхшигина таҳлил қилиш керак. Бу таҳлил учун жуда яхши мавзу. Фикримча, ўзбек футболчиларида сифат бор ва улар Европада ўйнашга тайёр. Бунга шубҳам йўқ.

– Аввалги мураббийлар терма жамоа футболчиларининг жисмоний ҳолатидан нолишган, физик тайёргарликка вақт кетказиб, тактика билан ишлашга вақт бўлмаётганини айтишган. Бу ҳақда сиз нима дея оласиз?
– Ўйинчиларнинг Осиё Кубогидаги жисмоний ҳолатларига ижобий баҳо бериш мумкин. Кам ва кўп югурадиган футболчилар бўлади. Ўйинчи баъзан майдонда нотўғри жойни танлагани учун ҳам кўпроқ югуришига тўғри келиши мумкин. Терма жамоа аъзоларининг жисмоний ҳолати бўйича шикоятим йўқ, улар жуда яхши ҳолатда.

– Легионерларимизни қандай кузатиб боряпсиз?
– Бизда барча футболчиларнинг видеолари бор, уларни кузатиб борамиз. Хориждаги ўйинчиларнинг барчаси ҳам асосий таркиб футболчиси эмас, масалан Фозил Мусаев. Фақат охирги ўйинда 90 дақиқа ўйнади. Чет элда 20 футболчимиз бор деб айтяпсиз, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам асосий таркиб футболчиси эмас. Барча легионерларимиз кузатувимиз остида. Қолаверса, ички чемпионатимиздаги футболчи легионеримиздан кучлироқ бўлиши мумкин. Технологиялар сабаб барча футболчиларни бемалол кузатиб бора оляпмиз.

– Ўз клубида асосий таркиб ўйинчиси саналмайдиган Отабек Шукуров чақирилди, лекин деярли ҳар бир ўйинда қатнашаётган Сардор Рашидов йўқ?
– Шундай ўйинчилар ҳам борки, асосий таркибда ўйнамаётган бўлиши мумкин, лекин уларни ҳам чақиришимиз мумкин. Терма жамоада ўйнашга ҳамма ҳақли. Улардан фақат битта нарсани сўраймиз: терма жамоада ўйнашга ва меҳнат қилишга кучли хоҳиши бўлиши керак.

Сардор Рашидов фақат виза билан боғлиқ муаммо туфайли чақирилмади, бу бўйича бошқа ҳеч қандай муаммо йўқ. Чақирилмаган ўйинчилар хавотир олишмаса ҳам бўлади, улар кейинги йиғинларга жалб этишимиз мумкин. Терма жамоада ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Аммо, тан оламан, барчанинг ўз диди ва танлови бор. Менга ёққан ўйинчи бошқага ёқмаслиги мумкин. Турнирга олиб кетиш мумкин бўлган футболчилар сони чекланган.

– Умид Аҳмаджонов таркибни ёшартиришга чақирган эди. Раҳбарлар билан бу масалада гаплашдингизми?
– Сизлар нима хоҳлайсизлар? ЖЧга чиқишними, жамоани ёшартиришними, ҳар ўйинда 3та гол уришимизними, ҳар ўйинда 70 фоиз тўпга эгалик қилишимизними? Хаммаларингни тушунаман. Жамоани ёшартирмаймиз, демоқчи эмасман. Албатта, буни қиламиз, лекин мен терма жамоа мураббийи сифатида ОТЖга асосланамиз, уларнинг ўйинларини кузатамиз. Лекин уларнинг ҳам ўз мураббийлари бор.

– Раҳбарият ёшларни жалб этинг, деб айтса-чи?
– Менга президент (ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов назарда тутилмоқда) ҳозирча бундай гапни айтгани йўқ.

Ўзбекистон терма жамоаси 22 март куни «China Cup» ярим финалида Уругвай термасига қарши майдонга тушади. Ундан аввалроқ, 21 мартда Хитой ва Таиланд термалари дастлабки финалчини аниқлашади. Учинчи ўрин ва соврин учун баҳслар 25 мартга белгиланган.

 

Мавзуга оид