Спорт | 20:05 / 15.03.2019
38398
11 дақиқада ўқилади

Мираброр Усмонов ва ўзбек футболи

«Бир куни мени Ислом ака ёнларига чиқариб, «Футболни ҳам ўзингиз олинг» деб таклиф қилдилар. Ростини айтаман, болалигимда «Пахтакор» стадионида ўйнаб, катта бўлганмиз. Ҳар сафар бирор ўйиндан кейин стадионга кириб, мухлислардан бўшаган лимонад шиша идишларини ўртоқларим билан йиғиштириб чиқардик. Кейин, уларни магазинга топшириб, яхши пулга сотардик ва музқаймоқ олиб ердик. Менинг шу пайтгача футбол билан боғлиқлик жойим фақат шу воқеа эди, холос. Мен бир савдогар одам бўлсам. Футболни қандай эплайман? Мен Ислом Абдуғаниевичга ҳам шуларни айтдим, лекин қабул қилмадилар».

2013 йилнинг декабрида ҳамкасбларим Олимхўжа Бўронов, Бобур Акмалов ва Нодирхўжа Йўлдошев ва мен, биргаликда ЎФФнинг ўша пайтдаги раҳбари Мираброр Усмонов қабулида бўлганимизда суҳбат шундай бошланганди. Суҳбат узоқ давом этган. Бир пайтлар, президент унга футболни бошқариш таклифини берганида, футбол ҳақида фақатгина болаликдаги бир воқеанигина эслай олган Мираброр ака ЎФФдаги узоқ йиллардан сўнг, соатлаб футбол ҳақида гаплашиб ўтира оладиган бўлганди...

Биласизми, футболни бошқариш учун уни тушуниш керак, шу соҳа ичида пишиб етилган мутахассис бўлиши лозим, деган фикрлар кўп янграйди. Европада ҳам бу лавозимда асосан собиқ футболчилар ёки шу соҳада катта тажриба тўплаган мутахассислар фаолият олиб боришади. Мираброр Усмонов бунинг аксини, яъни баъзи шартларда, футболдан узоқ инсон ҳам бу соҳада муваффақият қозониши мумкинлигини исботлади. Баъзи шартлар деганим, тан олиш керак, Ўзбекистон – шарқ, иккинчидан эса, албатта, шахснинг мана шу фактга бўлган муносабати. Яъни, Мираброр Усмонов ҳам буни билар, тан оларди. Уни танқид қилган бир неча ёш журналистни чақириб, тортинмасдан футболдан узоқ одам бўлганини тан оляптими, демак ўзи учун ҳам буни қабул қила олган. Бу жуда муҳим.

Инсон ҳамма нарсани тушунаман, биламан деб ўйлай бошласа ва атрофидагилардан буни тасдиқлатиб олса, ёмон. Менимча, Усмонов мана шу чегарадан ўтмаган, балки шунинг учун ҳам малакали кадрларни қадрлаган. Унинг ҳақиқатдан ҳам муваффақиятга эришганини эса, исботлаш қийин эмас. У футболимизга баъзи жиҳатларни олиб кира олдики, орадан анча йил ўтиб булар биз учун оддий ҳолга айланди.

САЛОБАТ

Футболимиз турли даврларни бошдан кечирган. Унинг тақдири бирор чет эллик мураббийнинг қош-қовоғига боғлиқ бўлиб қолганини ҳам, масалан, терма жамоа мураббийи қайси клубда ишласа, ўша клубнинг орқасидан бош жамоамиз эргашиб юрганини ҳам кўрганмиз. Нафақат мамлакат футболи, балки ЎФФнинг ўзи ҳам моддий таъминланмаган, жуда абгор ҳолатда эди.

Мирабор Усмонов даврида ЎФФ салобатли, жиддий, моддий таъминланган бақувват ташкилотга айланди. Бунинг сабабларидан бири, Усмоновнинг бевосита ЎФФдан туриб футболни бошқаришга киришганини ҳам айтиш керак. Зеро олдинги раҳбарлар учун футбол кейинги даражали масала бўлиб, бошқарув кўпроқ рамзий маънони касб этарди. Бошқарув ва ташкилотни тамсил этиш эса, кўпинча, пастроқ лавозимдаги ходимларга қолиб кетарди.

Усмонов футболнинг ҳақиқий раҳбарига айланди, мамлакат ичкарисидаги муҳим шахслар, амалдорлар билан ҳам, ОФК раҳбарлари билан ҳам бевосита ўзи учрашди, ўзи музокаралар олиб борди. Айнан мана шу жиддийлик ОФКга ҳам таъсир қилган албатта. Ўзбекистон ва Осиё футболидаги ҳамкорлик айнан шу йилларда юқори босқичга кўтарилгани бор гап. Ўзбекистонда илк бор ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатининг ташкил қилиниши, Ўрта Осиёда алоҳида конфедерациянинг ташкил топиши, ОФКда бир қатор ўзбекистонлик мутахассислар ўз овозларига эга бўлишлари ҳам айнан Мираброр Усмонов даврига тўғри келди.

Айниқса, юртимизда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати Ўзбекистондаги футболнинг ўрни, футболга муносабат қайси томонга ўзгара бошлаганини кўрсатганди. Ундан олдин ҳам, масалан, футзал бўйича Осиё чемпионати 2006 йилда Тошкентда ўтказилганидан хабарингиз бор. Шу соҳада ишлаган инсонларнинг тан олишича, ўша мусобақага мезбонлик қилишда ЎФФ жуда кўп тўсиқларга дуч келган экан. Турли лавозимлардаги бир қатор амалдорлар бундай тадбирга кескин қарши бўлишган, мусобақани сўнгги паллаларгача бекор қилишга уринишган. Шунга қарамай, ЎФФ турнир мезбонлигини сақлаб қолишни уддалаган бўлса-да, катта эҳтимол билан ўша мусобақа биз учун сўнггиси бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Фақат Мираброр Усмоновнинг келиши, унинг ҳукуматдаги вазни ва қатъияти туфайли, ЎФФ бу йўналишдаги ишларини давом эттирган ва юқорида тилга олинган яна бир йирик турнирни яхши савияда ташкил қилганди. Бундай мезбонликлар кейинчалик биз учун анъанага айланди – Тошкент яна уч марта футзал, бир марта ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатини қабул қилди.

Шимолий Кореяга қарши финалдан кейин Зуфаровичнинг терма жамоамиз футболчиларини майдондан четлатган ҳакамдан хафа бўлиб қолгани ва қўл бермагани, алоҳида воқеа. Ўша воқеа Усмоновнинг нафақат футбол раҳбари, балки мухлисига ҳам айланиб қолганидан дарак беради бизнингча...

МУВОЗАНАТ

Усмонов футбол юртимизда урф мавзуга айланиб, пул ёғила бошлаганда ҳам, ёки 2011 йилда, эсингизда бўлса, бир қатор корхоналар клубларни молиялаштиришдан бош тортган паллаларда ҳам жуда керакли позицияни эгаллади ва айтиш керакки, ҳар икки ҳолатда ҳам футболимизни асраб қолди.

2011 йилда у йирик корхоналарни футболни қувватлашга чақирган ва ҳатто бу борада алоҳида президент қарори чиқишига ҳам сабаб бўлганди. Аввалги қарорлардан фарқли равишда, бу сафар қарорлар ижросининг моддий таъминотига ҳам кенг ўрин ажратилган, шу тариқа, Ўзбекистонда катталар ва болалар футболи қайтадан «тирилди».

Олдинроқ эса, эсингизда бўлса, футболимизга «Бунёдкор» клуби ва унинг эгалари катта амбициялар билан кириб келганди. Нафақат Ўзбекистон, балки Осиё миқёсида катта қадамлар ташлашни ният қилган клубни қайсидир жиҳатларда тийиб туриш ЎФФга осон эмасди. Ўшанда клубга ён бермасдан, турли босимларга қарши тура олиш, ЎФФнинг мана шундай катта лойиҳалар олдида ҳам обруйи ва салобатини сақлаб қолишни айнан Мираброр Усмонов уддалаганди.

Усмонов баъзида тўғри, баъзида хато қарорлар қабул қилгандир, аммо бу ишлар айнан ЎФФ ташаббуси остида бўлгани, қайсидир клуб, қайсидир вилоят ёки туман ҳокими, бошқа бир амалдорнинг босими остида рўй бермагани жуда муҳимдир.

БАРҚАРОРЛИК

2014 йилда Мираброр Усмонов ЎФФдан кетаётгани ҳақида айтиб, энди федерация моддий жиҳатдан бақувват ташкилотга айлангани, энди Ўзбекистоннинг барча терма жамоалари ўз олдига энг юқори мақсадлар қўйишга тайёр ҳолатга келганини эътироф этганди.

Келажак учун ишлаб турган тизим ва моддий база яратиш билан биргаликда, бу даврда планка юқорига кўтарилганини ҳам таъкидлаш керак. Усмонов келгунча, атиги бир маротаба, 2003 йилда ёшлар терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиққан бўлса, кейинги ўн йилда турли ёшдаги терма жамоаларимиз учун мундиалга чиқиш оддий ҳолга айланди, ёшларимиз мунтазам равишда нафақат жаҳон чемпионатида қатнашиш, балки плей-офф босқичларига ҳам чиқа бошлади.

Миллий, олимпия ва ёшлар терма жамоасига яратилаётган шароитлар анча яхшилангани ва бир неча поғона юқори босқичга кўтарилганини эътироф этиш керак.

Мираброр Усмоновнинг ЎФФ раҳбари сифатида икки орзуси бор эди. Биринчиси, терма жамоамизни жаҳон чемпионатида кўриш бўлса, иккинчиси, жаҳон миқёсидаги мусобақани юртимизда қабул қилиш. Бир қараганда жуда узоқ бўлган иккала манзилга ҳам Мирабор Усмонов анча яқин келганини эътироф этиш керак. ЖЧ-2014 ва ЖЧ-2018 иштирокчиси бўлиш учун миллий жамоамизга атиги бир-икки гол етмай қолган бўлса, аёллар ўртасидаги U21 жаҳон чемпионати Ўзбекистонда бўлиб ўтиши лозим эди. Аммо номаълум сабабларга кўра, бу мусобақа мезбонлиги кейинчалик Ўзбекистондан тортиб олинди.

БАҒРИКЕНГЛИК

Инсон танқидларга қанчалик бағрикенг бўлса, шунчалик салобатли кўринади. Танқидни қабул қила олиш, керак бўлганда, ўз хатоларини тан ола билиш ҳам катта одамнинг хусусиятларидандир.

2013 йилда Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқиш имкониятини қўлдан бой бергач, stadion.uz сайтида жуда кўп танқидий мақолалар чоп этилганди. Асосан бош мураббий Миржалол Қосимов, ЎФФ мутахассиси Асқар Толибжонов ва албатта, ЎФФ бошлиғи сифатида Мираброр Усмонов танқидларнинг асосий нишони бўлганди. Ўшанда Усмонов Спорт ТВда чиқиш қилган ва ўша танқидларда фаол бўлган бир қатор журналистлар – Шуҳрат Шокиржонов, Бобур Акмалов, Олимхўжа Бўронов ва менинг номимни тилга олиб, танқидларимиз асоссиз эканини айтган ва бизни дилетантликда айблаганди. «Сен ўзинг юртинг учун нима қилиб қўйдингки, Қосимовни ёки Эрматовни танқид қиласан, бунга маънавий ҳаққинг борми?» қабилидаги эътирозлар янграганди ўшанда ЎФФ президенти тилидан.

Аммо орадан бироз вақт ўтиб, терма жамоамиз Иорданиядан мағлуб бўлгач, ёки ундан ҳам аввалроқ, Мираброр ака ўз хатосини тушунган экан. Бу шубҳасиз, зеро ўша йилнинг охирида у айнан ўша дастурда тилга олинган журналистларни ўз қабулига чақирганди. Биз боргандик. Ўшанда Усмонов ёзда танқидларимизга кескин фикр билдириб нотўғри қилганини тан олган, ҳатто узр ҳам сўраган, икки соатга яқин вақт мобайнида дардлашганди. У каби йирик амалдор шахс учун бу жуда эътирофга лойиқ иш эди, назаримда. Ҳа, у мукаммал инсон бўлмагандир, унинг хатолари бўлган, инкор этмайман. Лекин муаммолар ҳақида ўтган замонда гапириш учун, ўша муаммо бугун ўз ечимини топган бўлиши керак, фикримча.

Бугун Мираброр Зуфарович Усмоновни сўнгги йўлга кузатишди. Вафот этган инсонни яхши гаплар билан эслаш кераклиги, айнан бугунги кун, айнан Усмонов учун жуда мос деб ўйлайман. Бир нарсага аминманки, Ўзбекистон футболи тарихида Мираброр Усмонов жуда катта ўрин тутади. футболимиздаги Красницкий, Абдураимов, Имомхўжаев, Қосимовлар қаторида Мираброр аканинг номи ҳам ўз ўрнини топади, албатта...

Мираброр Зуфаровични Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин.

Қаҳрамон Асланов             

Мавзуга оид